29.10.2015

ПЛЕНУМДАН КЕЙИНГИ МУЛОҲАЗАЛАР

Шу йилнинг 24 октябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди. Унда мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида партиямиз ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар хусусида сўз борди. Бугунги кунда маҳаллий партия ташкилотларида пленум қарорлари чуқур ўрганилмоқда...

Олим РАВШАНОВ, Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Марказий Кенгаш пленумида билдирилган танқидий-таҳлилий фикрлар, ишимизни тубдан кучайтириш юзасидан ўртага ташланган долзарб масалалар ҳамда қабул қилинган қарорлар кейинги фаолиятимизни янада самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

Пленум натижаларидан шундай хулосага келдимки, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини ҳаётга татбиқ қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатлари йўлидаги ишларни кучайтириш, жойлардаги ижтимоий муаммоларни оқилона ҳал этиш каби долзарб масалалар ечимида парламент ва депутатлик назорати инс­титутлари имкониятларидан янада тўлароқ фойдаланишимиз талаб этилмоқда.

Партиямиз Сайловолди дастурида аҳолини, шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини эгаллаган мутахассисликларига мувофиқ иш билан таъминлаш муҳим вазифа этиб белгиланган. Шундан келиб чиқиб, иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг жойлардаги ижросини назорат қилиш, белгиланган кўрсаткичлар бажарилишига эришиш мақсадида ЎзХДП фаоллари қатор ташаббусларни илгари сурмоқда.

Бу масалада Миришкор, Қамаши, ­Чироқчи, Қарши, Китоб, Нишон туманларида муайян тажриба тўпланди. Мазкур туманлардаги партиямиз фаоллари ва депутатлар, битирувчилар, коллежлар ва ташкилотларнинг уч томонлама шартномалари бажарилишини назоратга олишган. 

Олдимизда турган асосий вазифалардан яна бири аҳолининг ижтимоий ҳимояси билан боғлиқ масалаларда фаол иштирок этишдан иборат. Бунинг учун ҳудудий дастурларнинг мазмун-моҳиятини изчил ўрганишимиз, уларнинг ижтимоий муҳим жиҳатлари амалда қай даражада бажарилаётганини назорат-таҳлил тартибида мониторинг қилиб боришимиз керак. Бундан таш­қари, ўтган йиллардаги тажрибамиздан унумли фойдаланган ҳолда ҳудудий дастурларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, бу борада уларга тегишли аниқлик ва қўшимча киритишга доир таклифлар ишлаб чиқишимиз талаб этилади.

Робия КАЗИМОВА, Ўзбекистон ХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси, халқ депутатлари шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Пленумда партия ғояларини кенг тар­ғиб қилиш, депутатлар ташаббуси билан амалга оширилган ишларнинг ижтимоий аҳамиятини очиб бериш, бу жараёнда партия ташкилотлари ва депутатларнинг фаоллигини ошириш масалалари кенг муҳокама этилди. Тўғри, жойларда уюштирилаётган семинарларда электорат вакиллари, айниқса, ёшлар катта қизиқиш билан иштирок этиб, мавзу бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда. Электорат вакилларини ижтимоий-сиёсий жараёнларга фаол жалб этишда, мустаҳкам фуқаролик позициясини шакллантиришда бу муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Бироқ ҳамма семинарлар ҳам юқори савияда ташкил этилаяпти, деб бўлмайди. Тар­ғибот-ташвиқот ишларини янада кучайтириш, партия сиёсий позицияси ва дастурий мақсадларининг тарғиботига қаратилган ижтимоий-сиёсий тадбирлар аудиториясини сезиларли даражада кенгайтириш бугунги долзарб вазифалардан бири.

Биринчи навбатда, сиёсий ўқувга мавзудан келиб чиқиб пухта тайёргарлик кўриш лозим. Унинг қизиқарли ўтиши учун қўшимча манбалардан, ҳаётий мисоллардан фойдаланиш талаб этилади. Тарғибот ишида энг муҳими таъсир кўрсата олишдир. Сўзимиз таъсирли бўлиши, одамлар қалбига етиб бориши учун замонавий сиёсий технологиялар имкониятидан фойдаланиш, очиқ-ошкора суҳбатлар, эркин мулоқотлар ташкил этишимиз керак бўлади. Ҳозир аҳолини қуруқ маърузалар, деярли бир хил тартибда бўлиб ўтадиган зерикарли тадбирлар билан ўзимизга қарата олмаймиз. Тарғибот ишларида кўпроқ интерфаол усуллар орқали мавзуни тушунтиришимиз зарур. Шунда партиямиз дастурий мақсадлари тарғиботи таъсирли бўлади, деб ўйлайман.

 

Лазиза ШОМИЛОВА

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.