Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
29.10.2015

ҲАЁТИМИЗНИНГ ТАЯНЧ УСТУНЛАРИ

Президентимиз табрикномасида деҳқон ва фермерларга шундай таъриф берилди

Қайси соҳада бўлмасин чин дилдан меҳнат қилаётган, юрт ривожи, халқ фаровонлигига ўз ҳиссасини қўшаётган фидойи инсонларни рағбатлантириш, қўллаб-қувватлаш, уларнинг қалбига йўл топиш, хизматларини эътироф этиш бундай одамларни янада юксак марраларни забт этишга ундайди.

Президентимизнинг Ўзбекистон деҳқонлари ва фермерлари, барча меҳнаткашларига йўллаган табрикномасида билдирилган самимий фикрлар, ўртага ташланган муҳим таклиф ва тавсиялар бободеҳқонларимизнинг кўнглини тоғдай кўтарди.

Халқимиз ризқ-рўзини яратаётган деҳқон ва фермерлар орасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзолари ҳам оз эмаслиги барчамизни қувонтиради.

Исроил АСЛОНОВ, Қизилтепа туманидаги «Истам-Аслон» фермер хўжалиги раҳбари, ЎзХДП фаоли:

Ёшлигимда бобом «Меҳнат инсонни улуғлайди, мартабасини оширади», дея кўп такрорлар эди. Ўшанда бу гапга унчалик эътибор бермаган эдим. Президентимиз табрикномасини эшитиб, беихтиёр бобомнинг қанчалар ҳақ эканлигини тушундим.

Юртбошимиз дунёда ўзбек деҳ­қонига тенг келадиган заҳматкаш ва миришкор инсонларни топишнинг ўзи қийин ва бу ҳақиқатни сиз, азизларнинг бу йилги беқиёс ютуқларингиз яна бир бор исботлаб турибди, деди. ­Айниқса, том маънодаги жасорат ва қаҳрамонлик намунаси бўлган олижаноб меҳнатингиз учун сиз, азизларга ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдириб, чин қалбимдан таъзим қиламан деган сўзлари мени жуда ҳам тўлқинлантириб юборди. Табрикномада Қизилтепа тумани номи алоҳида таъкидлангани кишига ғурур бағишлайди. Қайси замонда, қайси жамиятда оддий бир деҳқонга шу қадар юксак эътибор кўрсатилган.

Жорий йилда фермер хўжалигимиз аъзолари билан пахтадан 215 тонна ҳо­сил олиб, унинг 90 ­фоиздан кўпроғини юқори навларга топширдик. Бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ, албатта. Бунда давлатимиз томонидан бизга яратиб берилган шарт-ша­роит ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилди.

Ҳосилни етиштиришда ТТЗ-80, Кейс-135 каби техника воситаларидан унумли фойдаландик. Пахта орасига ишлов бериш, зараркунандаларга қарши кураш тадбирларини ўз вақтида ўтказдик.

Туманимиз мисолида шуни кўриб турибмизки, қишлоқ одамларининг, айниқса, деҳқон ва фермерларнинг ерга, меҳнатга бўлган муносабати тубдан ўзгарган. Улар табиатнинг турли қийинчиликларига қарамай юқори ҳосил олишга, деҳқончиликнинг замонавий усулларини жорий қилишга алоҳида эътибор бермоқда.

Меҳнатимизнинг эъти­рофи зиммамизга катта ­масъулият юклайди. Биз янада ғайрат билан, ишнинг кўзини билиб меҳнат қилишимиз керак, деб ўйлайман.

Ғолибжон МАМАДАЛИЕВ, Қўрғонтепа туманидаги «Келажак садоқати» фермер хўжалиги раҳбари, ЎзХДП фаоли:

Бу йил андижонлик деҳқон ва фермерлар республикамиз хирмонига муносиб ҳисса қўшди. Айниқса, ғалладан ўртача ҳосилдорлик 71 центнерга етди. Президентимиз табрикномасида андижонлик деҳқонларнинг меҳнати ҳам алоҳида эътироф этилгани бизга ғурур ва ифтихор бағишлади.

Мамлакатимизда фермер хўжаликларига кўрсатилаётган эътибор ва амалий ёрдам туфайли хўжалигимизда асосий тармоқ ҳисобланган пахтачилик ва ғаллачиликдан олинаётган ҳосилдорлик йил сайин ортиб бормоқда. Жорий йилда йиллик шартнома режасини ортиғи билан бажардик. Ундан ортган ғаллани хўжалигимиз аъзолари ва кам таъминланган оилаларга тар­қатдик.

Пахта етиштиришда ҳам ўзига хос тажрибага эгамиз. Бу йил гектаридан 48,7 центнердан саноат учун қимматбаҳо пахта етиштирдик.

Аммо шиддат билан ривожланиб, ўзгариб бораётган замон аграр соҳа олдига ҳам янги-янги вазифалар қўймоқда. Президентимиз бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, қишлоқ хўжалигини модернизация қи­лиш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари ҳамда фермерлар кенгашларининг иш самарасини ошириш, янги авлод фермерларини тарбиялаш, ҳар бир ҳудуднинг табиий иқлим шароитига мос серҳосил, эртапишар, касалликларга чидамли пахта ва ғалла навларини яратиш, интенсив боғларни, маҳсулотни қайта ишлаш корхоналарини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, сув ва энергия ресурсларини тежайдиган замонавий агротехнологияларни жорий этиш олдимизда турган энг долзарб масала эканини таъкидлади.

Ана шундан келиб чиққан ҳолда, фаолиятимизни янги мезонлар асосида ташкил этишга ҳаракат қилаяпмиз. Селекционер олимлар, агроном ва мутахассислар билан ҳамкорликда янги навлар устида ишлаяпмиз. Барча йўналишларда илғор фан-техника ютуқларини жорий қилишга алоҳида эътибор бераяпмиз. Бу келажакда янада юқори марраларни эгаллашимизда муҳим омил бўлади, деб ўйлайман.

Тоҳиржон ИСМАТУЛЛАЕВ, Уйчи туманидаги «Машад баракаси» фермер хўжалиги раҳбари, халқ депутатлари туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

Мен деҳқон фарзандиман. Отам механизатор бўлган. Онам ҳам бир умр ипак қурти парваришлаган. Уларнинг тортган азоблари, изтироблари ҳозир ҳам кўз олдимдан кетмайди.

Президентимизнинг бизга қарата айтган мақтовлари, билдирган ишончи, кўрсатган эътиборини ҳис қилиб, мустақиликка шукрона айтаман.

Бугун фермер қишлоқдаги энг обрўли, энг илғор қатлам вакилига айланди. Турмуши, яшаш тарзи, ҳаёт даражаси тубдан ўзгарди. Қайси маҳаллада фермер бўлса, ўша ҳудуд обод, одамлари яхши яшаяпти.

Фермер хўжалигимизни мустақилликнинг дастлабки пайтларида ташкил этгандик. Хўжалигимиз фаолияти йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Деҳқончиликни фан ютуқлари, илмий асосда ташкил этганимиз туфайли ютуқларимиз кў­паймоқда. Кўптармоқли фер­мер хўжаликларига берилаётган эътибор боис боғдорчилик, чорвачилик, асаларичиликни йўлга қўй­дик. Айни кунда 30 уяда асалари боқаяпмиз.

Фермер хўжалигимизда асосан олий ва ўрта махсус маълумотли мутахассислар меҳнат қилмоқда. Бу эса ишимизни профессионал асосда ташкил этишга хизмат қилмоқда.

Бу йил ғалладан 60 цент­нердан ҳосил олдик. Жами йиллик даромад 150 миллион сўмдан ошди.

Хўжалигимиз тасарруфида «Абдулла-Миршоҳид» МЧЖни ҳам ташкил қилганмиз. «Орион-630», «ТТЗ-80», «Доминатор» комбайни каби ҳайдов, ишлов, чопиқ, ўрим техникаларимиз бор. Булардан ҳудуддаги бошқа фермер хўжаликлари фойдаланади.

Мен яқинда Тошкентда ўтказилган ХI халқаро пахта ярмаркасида иштирок этдим. Унда халқаро экспертларнинг ўзбек пахтасига берган юқори баҳосини кўриб, қилаётган меҳнатимиз дунёда ҳам муносиб қадрланаётганига амин бўлдим, кўнглим тоғдек кўтарилди.

Давлатимиз раҳбари ўз табрикномасида мўл ҳосил етиштириб, дўкон ва бозорларимиз, эл-юртимиз дастурхонини тўлдириб, нарх-навонинг барқарорлигини, юртимиздаги тинчлик-хотиржамликни таъминлашга муносиб ҳисса қў­шаёт­ган деҳқон ва фермерлар ҳаё­тимизнинг таянч устунлари, деди. Демак, давлатимиз, бутун халқимиз бизга ана шундай катта ишонч билдираётган экан, унга муносиб бўлишимиз, қўлга киритилган ютуқлар билан ҳаволанмасдан, ўз устимизда кўп­роқ ишлашимиз, фермерлик ҳаракатини янада ривожлантиришга ҳисса қўшишимиз лозим.

 

Нурали ОРИПОВ

ёзиб олди.



DB query error.
Please try later.