29.10.2015

ДОЛЗАРБ ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди ва унда муҳим қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Дастлаб «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси юзасидан қизғин фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдирилди.

Таъкидландики, мазкур қонун ло­йиҳаси биринчи ўқишдагига нисбатан анча такомиллаштирилди, яъни алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиниши билан боғлиқ масалаларда ҳуқуқий жавобгарлик янада ­ойдинлаштирилди. Хусусан, қонун ло­йиҳасида жамоат жойларида, транспортда белгиланмаган жойларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш билан боғлиқ жавобгарлик белгиланмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан ташаббускорлик ҳуқуқи асосида киритилган «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси ҳамда унинг муҳим жиҳатлари ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди.

Мазкур қонун лойиҳаси орқали парламент фаолиятига алоқадор бир қатор янги нормалар ўз аксини топмоқда. Масалан, Қонунчилик палатаси фаолиятини ташкиллаштириш, сиё­сий партиялар фракциялари ролини янада кучайтириш, қонун ижодкорлиги жараёни самарадорлигини ошириш, Олий Мажлис палаталари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг йиллик маърузалари ҳамда Бош вазир ҳисоботларини эшитиш тартибини такомиллаштириш, Олий Мажлис палаталарининг назорат қилиш вазифалари тартиботларини янада аниқлаштириш каби масалалар назарда тутилган.

ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Мамаджонов қонун лойиҳасидан ўрин олган ўзгартиш ва қўшимчалар, биринчи ўқишга тайёрлаш жараёнида амалга оширилган ишлар юзасидан батафсил ахборот берди.

— Қонун лойиҳасида белгиланишига кўра, парламент сўрови Қонунчилик палатаси томонидан қонунлар ва турли соҳалардаги давлат дастурлари ижроси ҳамда бошқа муҳим масалалар бўйича асослантирилган тушунтириш бериш ёки нуқтаи назарини баён қилиш талаби билан давлат органларига юборилади, — деди у. — Мансабдор шахслар бу сўровга Олий Мажлис палаталари таклифига мувофиқ уларнинг йиғилишларида оғзаки жавоб бериши мумкинлиги белгиланмоқда. Олий Мажлис палаталари парламент сўровига жавобни эшитиш якуни бўйича қарор қабул қилади.

Депутат сўрови эса қоида тариқасида, депутат томонидан давлат органларига тегишли сайлов округларидаги сайловчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича юборилади. Унга жавоб ёзма тарзда тақдим этилади ва у ке­йинчалик Қонунчилик палатасида кўриб чиқилмайди.

Фракция аъзолари кун тартибига киритилган учинчи масала — «Ўзбе­кис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳасини кенг муҳокама этишди.

Айтиш жоизки, мазкур қонун ло­йиҳаси Конституциямизнинг 98-моддасига охирги марта киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларни амалга оширишнинг механизмини белгилаш, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати фаолиятини такомиллаштириш мақсадида ишлаб чиқилган. Жумладан, унда Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари, Олий Мажлис билан муносабатлари тизимлаштирилмоқда. Шунингдек, Олий Мажлис палаталари фаолиятига алоқадор айрим масалалар, депутатларнинг сайловчилар билан ишлаш тартибини такомиллаштириш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, фракция йиғилишида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг таркибига ўзгариш киритиш ҳақидаги ва бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Депутатлар кун тартибидаги қонун лойиҳаларини электорат манфаатлари нуқтаи назаридан келиб чиқиб муҳокама қилди ва уларни концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

 

Ўз мухбиримиз.



DB query error.
Please try later.