26.10.2015

ТИЛ БОРКИ, МИЛЛАТ БОР

Шу кунларда кўплаб таълим муассасалари, корхона ва ташкилотларда ўзбек тили байрами муносабати билан маънавий-маърифий кечалар ўтказилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири Давлат солиқ қўмитаси қошидаги Тошкент солиқ коллежида ташкил этилди. Унда тилшунос олимлар, адабиё­тшунослар, маънавият тарғиботчилари, коллеж ўқувчилари иштирок этди.

— Тил халқнинг, миллатнинг тарихи, турмуш тарзи, урф-одати ва анъаналарини ўзида мужассам этган буюк хазинадир, — деди Тошкент солиқ коллежи директори ­Баҳриддин Зайниддинов. — Тил — миллатнинг ўзлиги. Уни асраб қолган халқ ўзлигини асраб қолади. Бугунги глобаллашув жараёнида она тилимизга ҳам турли хуружлар бўлаяпти, оғзаки ва ёзма нутқимизга ноўрин сўзлар кириб келаяпти. Бундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш учун, аввало,  ҳар биримиз она тилимизни ҳурмат қилишимиз, унинг қоидаларига риоя этишимиз зарур.

— Бугунги кунда бутун дунёда миллий тиллар софлиги учун кураш кучайиб бормоқда, — дейди коллежнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Лола Турдиқулова. — Жаҳонда неча минглаб тил бўлишига қарамасдан, уларнинг атиги юзга яқинига давлат тили мақоми берилган. Ўзбек тили улардан биридир. Ҳар бир жамият давлат тилининг софлиги, бойиб боришини таъминлаши ва қўлланиши, истеъмол доирасини кенгайтириш учун ғамхўрлик қилиши лозим. Шу боис бугун мамлакатимизда давлат тилини ўрганиш учун қулай шарт-шароит яратиб берилмоқда.

— Она тили менинг энг севимли фанимдир, — дейди коллеж ўқувчиси Лола ­Шукруллаева. — Агар солиқ соҳасини танламаганимда, албатта она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси бўлардим. Мен ҳозирда инг­лиз тилини ҳам ўрганяпман. Чет тилини ўқиш давомида шунга амин бўлдимки, ўзбек тили ўзининг жозибаси, кенг имкониятлари билан дунё тилларидан ажралиб туради.

Тадбир давомида коллеж ўқувчилари ижросида она тилимизни улуғловчи шеърлар, турли саҳна кўринишлари, куй-қўшиқлар намо­йиш этилди.

Коллежнинг фаол ўқувчиларига фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

 

Наврўз ШОДМОНҚУЛОВ



DB query error.
Please try later.