26.10.2015

ДЕМОКРАТИК ИСЛОҲОТЛАРНИНГ БУГУНГИ БОСҚИЧИДА

қатъийлик, ташаббускорлик ва талабчанликни ошириш долзарб вазифадир

«Ривожланган демократик давлатлар сафига кириш». Бугун халқимиз бу сўзларнинг маъносини чуқур тушуниб етмоқда, ушбу ғояни турмуш фаровонлиги, рўзғор бутлиги, фарзандлар орзу-ҳавасини кўриш, тинчлик, тараққиёт кафолатини мус­таҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллаш, бу дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш орзуларига уйғун тасаввур қилмоқда.

Бош қомусимизга, қатор қонунларимизга киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятига чуқурроқ назар ташлайдиган бўлсак, юртимиз ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти сари дадил ва изчил бораётгани, ҳамма ислоҳотлар халқимизнинг, сизу биз, яқинларимизнинг хоҳиш-иродамиз, эзгу ниятларимизни рўёбга чиқариш учун тобора кенг йўл очаётгани яққол кўринади. Мана шундай муҳим паллада қайси соҳада ишлашимиздан қатъи назар, ҳар биримиз даставвал узоқни кўзлаб фикр юритишимиз, масъулиятни кучайтиришимиз, энг муҳими, ўзимизга ва бир-биримизга нисбатан талабчанликни оширишимиз ҳаёт тақозосига айланмоқда. Ушбу жараёнда, айниқса, сиёсий партиялар етакчилари, депутатлар — халқимизнинг парламент ва маҳаллий Кенгашлардаги вакиллари бошқалардан бир қадам олдинда бўлиб, кўпчиликка ўрнак кўрсатиши муҳимдир.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ­Марказий Кенгашининг пленумида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқор­ғи Кенгеси депутатлари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари раҳбарлари, ҳудудий партия ташкилотлари етакчилари ва фаоллар шу фикрни илгари суришди.

Пленумда мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар таҳлилий-танқидий руҳда атрофлича муҳокама этилди.

Дастлаб ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Ҳотамжон ­КЕТМОНОВ мамлакатимиздаги демократик ислоҳотларнинг бугунги босқичида Ўзбекистон Халқ демократик партияси ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар тўғрисида ­маъруза қилди.

Мамлакатимизда қонунлар такомиллашаётгани, давлат идоралари фаолиятига, ҳаётимизга умум­эътироф этилган демократик қоида ва талаблар изчил жорий қилинаётгани, инсоннинг устувор ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётгани, фуқароларимизнинг дунё­қараши кенгайиб, фикрлаш тарзи тубдан ўзгариб бораётгани сари халқимизда ривожланган давлатлар қаторига қўшилишга интилиш, ишонч кучаймоқда, — деди партия етакчиси. — Бу ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлиги ошишида, электоратимиз вакиллари, сайловчиларда сиёсий-ҳуқуқий билим ва фаоллик кучайишида долзарб аҳамият касб этмоқда. Бундай шароитда партиямизнинг жамиятдаги нуфузи электорат манфаатларини қай даражада ҳимоя қилаётганимиз, жойлардаги муаммоларнинг ечими юзасидан қандай ташаббуслар билан чиқаётганимизга қараб белгиланади.

Маълумки, 2014 йил декабрь ойида бўлиб ўтган сайловлар натижасида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 27 нафардан иборат Ўзбекистон ХДП фракцияси тузилди. Шунинг­дек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят­лар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида 214 нафар, туман ва шаҳар Кенгашларида 1649 нафар депутатлардан иборат жами 178 маҳаллий Кенгашда партиямиз гуруҳи қонунчиликка мувофиқ ташкил этилди.

Хабарингиз бор, шу йил 23-январда бўлиб ўтган Олий Мажлис палаталарининг қўшма йиғилишида Президентимиз миллий парламентимиз, депутатлар олдида турган долзарб вазифаларга эътибор қаратди. Хусусан, депутатларнинг сайловчилар билан ишлаши, замонавий талабларни инобатга олган ҳолда парламент фаолиятини тубдан яхшилаш, қонун ижодкорлиги ва қонунчилик фаолияти сифатини оширишга қаратилган муҳим таклиф, тавсия­лар берилди.

Шу билан бир қаторда, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлаш борасидаги фаолиятини сифат жиҳатидан янги асосда қуриш масаласи алоҳида таъкидланди.

Ушбу мақсад ва вазифалардан келиб чиққан ҳолда, Сайловолди дас­туримизда белгиланган вазифаларни самарали амалга ошириш ҳамда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларда фаол иштирок этиш бўйича 2015-2019 йилларга мўлжалланган амалий Ҳаракат дастурини қабул қилдик. Унда электорат манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор қонунчилик ташаббуслари билан чиқиш, ҳудудларда аҳолини ўйлантираётган муҳим масалаларга ечим топиш, мақсадли дастурларнинг ижроси юзасидан депутатлик ва парламент назоратини амалга ошириш бўйича парла­мент­даги фракциямиз, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз олдига қатор вазифалар қўйилди.

Мазкур Ҳаракат дастури асосида жорий йилнинг 9 ойи давомида Ўзбекистон ХДП ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари томонидан муайян ишлар олиб борилди. Жумладан, электорат вакиллари манфаатлари билан боғлиқ 163 масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партиямиз гуруҳлари йиғилишларида кўрилди, шундан 94 масала ­доимий комиссия йиғилишларида, 44 масала сессияларда муҳокама этилиб, қарорлар қабул қилинди.

Қонунчилик палатасидаги фракциямиз ташаббуси билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси тўғрисидаги ахбороти бўйича парламент эшитуви ўтказилгани электорат манфаатлари ҳимоясида муҳим амалий қадам бўлди. Дастур ижроси билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди, ютуқлар билан бирга, камчиликлар кўрсатиб ўтилди, уларни бартараф этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар берилди. Парламент эшитуви якуни бўйича Қонунчилик палатасининг бандлик Дастури ижроси ҳудудлар ва тармоқларда сўзсиз бажарилишини таъминлаш, бу борада депутатлар корпуси ва ижро этувчи ҳокимият органлари ҳамкорлигини янги босқичга кўтариш, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантиришни рағбатлантириш ҳисобига иш ўринлари яратиш, келгуси йиллар учун мўлжалланган дастурларни ишлаб чиқиш механизмларини янада такомиллаштиришга доир қарори қабул қилинди.

ЎзХДП етакчиси ўз сўзида ҳар қандай сиёсий партиянинг жамиятдаги имиджини шакллантириш, хайрихоҳларини кўпайтириш кўп жиҳатдан маҳаллий ва бошланғич ташкилотларнинг фаоллигига, аҳоли орасидаги ижтимоий-сиёсий тадбирлар самараси, таъсирчанлигига боғлиқ эканига ҳам эътибор қаратди. Жойларда бир қатор ижтимоий лойиҳалар, пар­тия­нинг бошқа ижтимоий аҳамиятга эга ташаббуслари изчил амалга оширилаётгани, шунингдек, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ғоялари рўёбга чиқарилаётгани факт ва рақамларда кўрсатиб ўтилди.

— Аҳоли турли қатламлари ишончини қозонишимизда, уларнинг муаммоларини ҳамкор ташкилотлар билан бирга ҳал этиб беришимизда муҳим воситалардан бири ҳудудий кенгашларимиз қошидаги Жамоатчилик қабулхоналаридир, — деди Ҳотамжон Кетмонов. — Шунинг учун биз уларнинг фаолиятини кучайтиришга, мурожаатлар билан ишлаш механизмини такомиллаштиришга, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ҳамкор ташкилотлар билан алоқаларни янада узвий йўлга қўйишга интилмоқдамиз. Бунинг натижаларини Жамоатчилик қа­бул­хоналаримизга мурожаатлар сони ошиб бораётгани, уларнинг аксариятига ечим топилаётганида ҳам кўриш мумкин.

Партиямиз минтақавий кенгашлари қошидаги жами 207 Жамоатчилик қабулхонасига шу йилнинг 9 ойи давомида 6473 мурожаат тушган бўлиб, бу кўрсаткич 2014 йилнинг шу даврига нисбатан 643 тага кўпдир.

Фаолиятимизни атрофлича таҳлил қиладиган бўлсак, ютуқларимиз билан бирга, қатор камчиликларимиз ҳам кўзга ташланади.

Партиямиз Ҳаракат дастурида жорий йилнинг 9 ойи давомида муҳокама қилиниши белгиланган масалаларнинг 11 таси шу кунга қадар ҳатто партия гуруҳларида ҳам кўриб чиқилмаган. Навоий ­вилоятининг Конимех, Учқудуқ, ­Нурота, Сирдарё вилоятининг ­Мирзаобод тумани, Сурхондарё вилоя­тининг Қизириқ, Шўрчи туманлари, Фарғона вилоятининг Қувасой, Қўқон шаҳарлари, Андижон вилоя­тининг Шаҳриҳон тумани, Хоразм вилоятининг Шовот, Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳар Кенгашларидаги партиямиз гуруҳлари бу масалада тегишли хулоса чиқариб олмоғи зарур.

Партиямиз электорати манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий масалаларни ҳал этишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги фракциямиз, Бухоро, Наманган, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз аъзолари депутатлик сўрови ҳуқуқидан фойдаланишда сусткашликка йўл қўймоқда.

Шундан келиб чиқиб, барча даражадаги партия кенгашлари, бошланғич ташкилотлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги гуруҳларимизнинг фаолиятини тан­қидий таҳлил қилиш, 2015 йилга мўлжалланган амалий ҳаракат Дастурида кўзда тутилган вазифаларнинг ўз вақтида самарали ижросини таъминлаш, бу борада зарур чораларни кўриш талаб этилади.

Яна бир масала. Қатор маҳаллий ва бошланғич партия ташкилотлари аҳоли орасида ўтказилаётган, биз учун ғоятда муҳим ҳисобланган тарғибот тадбирларига етарлича масъулият билан ёндашмаётир. Бундай тадбирлар айрим ҳолатларда фақат ҳисобот учун ташкил этиляпти, уларнинг таъсирчанлиги, мазмун-моҳиятига чуқур эътибор қаратилмаяпти. Бу борадаги камчиликларимизни бартараф этиш учун ижтимоий-сиёсий тадбирларни ғояларимиз тарғиботини кучайтириш, тарафдорларимиз сафини кенгайтириш нуқтаи назаридан баҳолаш тизимини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш зарурати туғилмоқда, дея фикрини давом эттирди партия етакчиси.

Шунингдек, партия ғояларини кенг тарғиб қилиш, депутатлар ташаббуси билан амалга оширилган ишларнинг ижтимоий аҳамиятини очиб бериш, бу жараёнда оммавий ахборот воситалари, партия нашрлари имкониятларидан унумли фойдаланиш, партия ташкилотлари етакчилари ва депутатларнинг фаоллигини ошириш масалалари ҳам қайд этиб ўтилди.

Партия етакчиси мамлакатимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг бугунги босқичида сиёсий партиялар зиммасига улкан масъулият юкланаётганини таъкидлаб, барча даражадаги партия ташкилотлари етакчилари ҳамда депутатларни қатъийлик ва ташаббускорлик кўрсатишга чақирди.

Партиянинг Сайловолди дастурида илгари сурилган ғоя ва мақсадларни қонунларда акс эттирадиган асосий куч бу унинг парламентдаги фракциясидир. Кўп ҳолларда фракция фаолиятига қараб, бутун партия­га баҳо берилади.

Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзоси Феруза ЭШМАТОВА фракция фаолиятига таҳлилий ёндашиб, электорат манфаати ҳимоясига қаратилган қонунлар қабул қилишдаги долзарб масалаларга эътибор қаратди.

Мамлакатимизда парламент ислоҳотларини чуқурлаштириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда. Натижада қонун чиқарувчи ҳокимият ўз тараққиётида янги поғонага кўтарилди, қабул қилинадиган қонунларнинг сифати ошди, бу жараёнда сиёсий партияларнинг роли кучайди. Қонун ло­йиҳаларини партияларнинг фракцияларида олдиндан кўриб чиқиш, Қонунчилик палатаси ялпи мажлисларида ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда уларнинг фикрларини, албатта, ҳисобга олиш амалиёти шаклланди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўтган даврида фракциямизда палата ва унинг қўмиталари мажлисларида хукумат вакиллари ҳамда давлат бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ўз фаолия­тининг турли масалаларига доир ахборотларини эшитиш, жойларда қонунлар ижроси бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб бориш бўйича ўзига хос тажриба тўпланди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокамасига киритилган 30 га яқин қонун лойиҳасига фракциямиз томонидан партия­нинг дастурий мақсадлари ва электорати манфаатларидан келиб чиққан ҳолда таклифлар тақдим этилди.

Масалан, яқинда қабул қилинган «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида», «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида», «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонунларда аксарият таклифларимиз ўз ифодасини топди.

Фракциямиз фаолиятининг муҳим йўналиши, бу назорат-таҳлилдир. Бизнинг ташаббусимиз билан шу йилнинг 30 сентябрь куни Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси юзасидан парламент эшитуви ўтказилди. Эшитувдан олдин фракциямиз аъзолари Қорақалпоғис­тон Республикаси, Фар­ғона, Сурхондарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида бўлиб, дастур ижроси билан яқиндан танишишди. Туман, шаҳар ҳокимликлари ҳузурида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг мақсадли параметрларини сўзсиз бажариш юзасидан мувофиқлаштирилган ишларни ташкил этиш бўйича ишловчи ҳудудий комиссияларнинг фаолияти атрофлича ўрганилди.

Тўғри, ўтган давр мобайнида фракция­миз қатор ишларни амалга оширди, бироқ ҳали фойдаланилмаётган имкониятлар оз эмаслигини яхши англаб олишимиз керак, деб ўйлайман.

Аввало, фракциямиз аъзолари сайловчилар фикрларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳаларига муқобил таклифлар киритишнинг процессуал механизмларидан кенг фойдаланиши, парламентдаги фракциялар­аро баҳс-мунозараларда муносиб иштирок этиши зарур. Шунингдек, фракциянинг давлат бошқаруви органлари фаолиятини чуқур таҳлил қилиш борасидаги фаолиятини янада кенгайтиришимиз лозим.

Мамлакатимизда ижро ҳокимияти фаолияти, қонунларнинг аниқ ва бир хилда бажарилиши устидан назоратни ташкил этишда депутатларнинг ўрни тобора ошиб бормоқда. Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳлари бу йўналишдаги ишларни янада кучайтириш, жамоатчилик ва депутатлик назоратини изчил олиб боришга катта эътибор қаратяпти.

Пленумда Олий Мажлис Сенати аъзоси, халқ депутатлари Тошкент вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Мақсуда ­ВОРИСОВА ушбу масалалар ҳақида сўз юритди.

— Ҳозир маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз фаолияти бирмунча жонланди, лекин бугун сайловчилар депутатлардан кўп нарса кутмоқда, — деди у. — Маълумки, мамлакатимизда ҳар йили кўплаб ижтимоий-иқтисодий дастурлар қабул қилинади. Шунингдек, партиямиз тизимида ҳудудлар бўйича аниқ амалий вазифалар ижросига қаратилган Ҳаракат дастури бор. Уларнинг ижросида фаол иштирок этиш, халқ вакили сифатида ижтимоий-иқтисодий ривожланишга хизмат қилувчи ташаббуслар билан чиқиш ҳар бир депутатнинг асосий вазифасидир.

Шу ўринда бир фикр айтмоқчиман. Албатта, кўпчиликнинг манфаатларига дахлдор масалани ўрганиш, унга муносабат билдириш, таклиф ишлаб чиқиш ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Лекин яқинда Олий Мажлис Сенатида тузилган махсус ишчи гуруҳи халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари фаолиятини ўрганганда, сессия ва доимий комиссиялар муҳокамасига қўйилган айрим масалалар шунчаки рас­мият­чилик учун киритилаётгани маълум бўлди. Ваҳоланки, жойларда аҳолини ўйлантириб келаётган масалалар оз эмас. Уларга бефарқ бўлмаслик учун маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўз ҳуқуқ ва ваколатини яхши англаши, ҳар бир масалага виждонан ёндашиши зарур.

Фикримча, депутатлик назоратини самарали олиб бориш учун бошланғич ташкилотлар, партия кенгашлари билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш керак. Шу орқали одамлар қандай муаммоларга дуч келаётгани, қонун меъёрлари қай даражада ижро этилаётгани, қандай қонунларга эҳтиёж борлиги аниқланади. Ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига оид таклиф ва тавсиялар олиш имкони кенгаяди.

Партия гуруҳлари йиғилишларида электоратни ўйлантираётган масалаларни муҳокама қилиш жараёнида тегишли ташкилот ҳамда мутасадди идоралар вакиллари иштирокини янада кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайман. Уларнинг таклиф ва мулоҳазалари муаммоларнинг илдизига етиб бориш ҳамда ижобий ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади.

Сиёсий партиянинг жамият ҳаётидаги роли кучайиб боришида минтақавий ташкилотлари, партия гуруҳлари катта ўрин тутади. Ҳудудларда электорат манфаати қанчалик самарали ҳимоя этилиши сиёсий куч учун ҳал қилувчи аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистон ХДП Наманган вилоят кенгаши раиси Дилором ­АБДУРАҲИМОВА шу ҳақда гапирди.

— Бугунги кунда вилоятда 35 минг 747 нафар киши партиямиз аъзоси бўлиб, улар 748 бошланғич ташкилотга бирлашган, — деди у. — Халқ депутатлари вилоят Кенгашида 21 нафар, шаҳар ва туман Кенгашларида эса 133 нафар Ўзбекистон ХДП депутатлари фаолият юритяпти.

Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессияларида партиямиз гуруҳи ташаббуси билан ЎзХДПнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури асосида 3 масала кўриб чиқилди. Ҳозирда сессия қарорлари ижросини таъминлаш бўйича депутатлик гуруҳимиз изчил фаолият кўрсатмоқда.

Шунингдек, биз Жамоатчилик қабулхоналарига тушаётган мурожаатларни ўз вақтида ўрганиш ва тегишли ташкилотлар кўмагида ҳал этишга жиддий эътибор қаратяпмиз. Хусусан, йилнинг шу давригача қабулхоналарга 415 мурожаат тушди. Уларнинг аксарияти коммунал соҳа ва иш билан таъминлаш масаласида бўлди. Ҳозирга қадар мурожаатларнинг 70 фоизи тегишли ташкилотлар ёрдамида ва депутатларимиз ваколати доирасида ижобий ҳал қилинди.

Мазкур мурожаатларни ўрганиш жараёнида депутатларимиз томонидан мансабдор шахсларга жами 201 депутатлик сўрови юборилди.

Ҳар биримиз эришган муайян ютуқларимиздан хотиржамлик­ка берилмай, ўз фаолиятимизга тан­қидий ёндашишимиз талаб этилади. Олдимизда турган вазифалардан келиб чиқиб, партиямиз ўзини оқлаган, мақсадли ижтимоий аҳамиятга эга тадбирларни ўтказиш амалиётини янги мазмун билан бойитиши керак, деб ўйлайман. Хусусан, ҳудудий инвестиция ва маҳаллий ресурслар ҳисобига қўшимча ло­йиҳаларни амалга ошириш бўйича таклифларни шакллантириш, оналар ва болалар саломатлигини асрашга қа­ратилган ишларни кучайтириш, депутатлик ва жамоатчилик назоратини такомиллаштириш масалаларида янада фаол бўлишимиз, энг муҳими, ўз позиция­мизни билдиришимиз талаб этилади.

Ёшлар партиянинг энг катта кучи ва суянчидир. Шу маънода партия дастурий мақсадларини амалга оширишда уларнинг ташаббускорлиги, ижтимоий-сиёсий фаоллиги кучайиши муҳим аҳамиятга эга.

ЎзХДП Марказий Кенгаши «Истиқбол» ёшлар қаноти етакчиси Шоҳрухмирзо ­АБДУРАҲМОНОВ бу борада олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталди:

— Таҳлилларга эътибор қаратсак, 2006 йилда 30 ёшгача бўлган ёшлар партиямиз сафида 82 429 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2015 йилга келиб 127 502 нафарга етди. Демак, партиямизга хайрихоҳ бўлган, дастурий мақсадларини қўллаб-қувватлайдиган йигит-қизлар сони кўпайиб бормоқда. Уларнинг сиёсий билимини ошириш, партиявий-сиёсий ишларга қизиқишини кучайтириш биздан катта масъулият талаб этади.

Шундан келиб чиқиб, бугун «Истиқбол» ёшлар қаноти ташкилий тизимини мустаҳкамлаш, етакчилар салоҳияти, ижтимоий-сиёсий фаоллиги, ҳуқуқий билимини ошириш мақсадида сиёсий ўқувларни изчил йўлга қўйдик. Масалан, жойларда «Бўлажак депутат», «Депутат ва ёшлар» ҳамда «Ёшларга оид қонунчилик — ёшлар нигоҳида» лойиҳалари доирасида туркум семинар-тренинглар ўтказилмоқда. «Ёш сиёсатчилар клуби» фаолияти орқали йигит-қизларга партиямиз дас­турий мақсадларини етказиш, фуқаролик жамияти ривожланишига муносиб ҳисса қўша оладиган шахсларни тарбиялаш ишларига алоҳида эътибор қаратиб келиняпти. «Коллеждан — корхонага» ло­йиҳаси доирасида эса ёшлар, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга кўмаклашиш бўйича қатор тадбирлар ташкил этиляпти.

Гап шу ҳақда кетганда бир таклиф айтмоқчиман. Ёшлар билан ишлаш жараёнида ҳар бир етакчи мамлакатимиз ва дунёда юз бераёт­ган воқеалардан яхши хабардор бўлиши зарур, деб ўйлайман. Ёшлар билан учрашувларда қуруқ маърузалар ўрнига очиқ, самимий мулоқотлардан фойдаланиш керак. Ўзаро фикр алмашув, баҳс-мунозара усулида ўтказилган тадбирнинг таъсири кучли бўлади.

Афсуски, маҳаллий Кенгашлардаги айрим депутатлар, мутахассислар тадбирларимизда маъруза ўқиш билан чекланиб қолади. Дунё тажрибасига қарасак, йигит-қизларнинг юрагига етиб бориш учун турли томошабоп тадбирлар, масалан, концерт дас­турлари, машҳур кишилар билан учрашувлар, спорт ўйинларидан кенг фойдаланилмоқда. Имкон қадар бу тажрибаларни ўрганишимиз, фаолиятимизда қўллашимиз лозим.

Пленумда, шунингдек, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев партияга аъзолик бадаллари миқдорини белгилашнинг янги тартиби, партия Марказий Кенгаши бош ҳисобчиси ­Искандар Азизов партиянинг 2015 йилга мўлжалланган бюджетининг 9 ойлик ижроси ҳақида маълумот берди, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов партия ғоялари ва амалий ишлари тарғиботини кучайтиришда оммавий ахборот воситалари имкониятларидан фойдаланишнинг долзарб масалалари юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Кун тартибидаги ҳар бир масала танқидий-таҳлилий нуқтаи назардан атрофлича кўриб чиқилди. Суст­кашликка йўл қўяётган кенгашлар, партия гуруҳлари танқид қилинди. Ҳудудий партия ташкилотлари раҳбарлари ва масъул ходимлари олдида турган вазифалар белгилаб олинди, бу ҳақда тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.