Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
26.10.2015

Санъат кошонасининг замонавий қиёфаси

Шу йил 25 октябрь куни реконструкция қилинган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг очилиш маросими бўлди. 

Маросимда Ўзбекистон Бош вазири Шавкат Мирзиёев ва Япония Бош вазири Шиндзо Абэ иштирок этдилар. 

Президентимиз раҳнамолигида Ўзбек Миллий академик драма театри, Бухоро давлат мусиқали драма театри, Андижон мусиқали драма ва комедия театрининг биноси тўлиқ реконструкция қилинди. Фарғонада муҳташам театр-концерт саройи бунёд этилди. Наманган, Хоразм вилоятлари мусиқали драма ва комедия театрлари капитал таъмирланди. 

Театр жамоаларида ижодкорларнинг янада самарали фаолият кўрсатиши учун зарур шароит ва имкониятларни муҳайё этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Юртимизда ҳар йили анъанавий тарзда ўтказилаётган «Ёшлик баҳори», «Баҳор симфонияси», «Competizione dell'Opera» каби танлов ва фестиваллар, концертлар, ижодий лойиҳалар ёшларнинг санъатга бўлган меҳрини юксалтириш, миллий ва жаҳон мусиқа санъатининг энг нодир намуналаридан баҳраманд бўлишида муҳим омил бўлмоқда. 

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг опера ва балет санъати ривожига, унинг ютуқларини тарғиб этишга, халқимизнинг бой мусиқий меросини бойитишга қўшиб келаётган ҳиссаси юртимиз ҳамда дунё жамоатчилиги томонидан эътироф этилган. 

Театр биноси 1947 йилда барпо этилган бўлиб, у миллий меъморлик санъатимизнинг ғоят бетакрор ва гўзал намунаси, халқимизнинг бебаҳо маданий мулки саналади. 

Президентимиз ташаббуси билан театр биносида, унга туташ ҳудудда амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари самарасида мазкур санъат кошонаси янгича кўриниш ва тароват касб этди. Театр биносининг иситиш, совутиш, ҳаво мўътадиллигини сақлаш, муҳандислик-коммуникация тизими тўлиқ янгиланди. Реконструкция ишларини амалга оширишда моҳир наққош, мусаввир ва усталар яратган ижод намуналарини, деворий суратлар, бетакрор композицияларни асл ҳолича сақлаб қолишга алоҳида эътибор қаратилди. 

Томоша залига қадам қўйган кишининг деворларда сайқал топган тилларанг нақшлардан кўзи қамашади. 736 томошабинга мўлжалланган залда ўриндиқлар шу тарзда ўрнатилганки, унинг исталган бурчагидан спектаклни бемалол томоша қилиш имконияти мавжуд. Залдаги визуал, акустик эффектлар, энг замонавий ёритиш ва овоз ускуналари саҳнадаги ижродан тўла баҳра олиш имконини беради. Улкан қандил залга фусункор тус берса, ён-атрофдаги митти ёритгичларнинг шуъласи янада шинамлик ва кўрк бағишлайди. 

Янгиланган саҳнанинг қуйи қисмида оркестр учун мўлжалланган махсус жой замонавий техник ускуналар ёрдамида кўтарилиб, саҳна билан баробар ҳолатга келиши концерт дастурларида, мусиқий тақдимотларда ижрочилар ва томошабинлар учун қулайлик яратади. 

Реконструкция ишлари жараёнида машғулот ва репетиция заллари, гримхоналар билан бирга саҳна ортидаги рассом-декораторлар, бутафория усталари, гримчилар, муҳандислар, овоз режиссёрлари ва радистлар, техник-коммуникация мутахассислари, реквизиторлар, театр либослари дизайнерлари, тикув цехлари чеварлари, саҳна машинистлари ва қурувчилари, афиша дизайнерлари – барча-барча ходимларнинг самарали меҳнат қилиши учун зарур шароитлар яратилган. 

Истиқлол йилларида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри жаҳоннинг етакчи мамлакатлари ижодий жамоалари билан ҳамкорликни ривожлантирди. АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Италия, Венесуэла каби давлатларнинг дирижёр, режиссёр ва хореографлари билан биргаликда кўплаб саҳна асарлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди. 

Жамоанинг япониялик ижодкорлар билан ҳамкорлиги алоҳида ўрин эгаллайди. Ўзбекистон опера ва балет усталарининг ижроси япон томошабинлари томонидан илиқ кутиб олинган. Театр саҳнасида «Оққуш кўли», «Севильялик сартарош» каби спектакллар япон санъаткорлари билан биргаликда ижро этилгани, Кунчиқар мамлакатнинг «Тойота сити балет» труппаси юртимизда бўлиб, энг сара спектаклларини томошабинларга тақдим этгани санъат мухлисларига яхши маълум. 

... Чорлов мусиқаси янграб, театрнинг очилишига бағишланган тантанали бадиий-мусиқий дастур бошланади. Алишер Навоий ғазали билан куйланувчи қўшиқлар дилларга ором бағишлайди. Ўзбек ва жаҳон мумтоз композиторлари опера ва балетларидан парчалар ижро этилади. 

– Президентимиз раҳнамолигида театр санъатига кўрсатилаётган эътибор натижасида ўзбек опера, ижрочилик санъати дунёда тобора кўпроқ эътироф этилиб, юксак баҳоланмоқда, – дейди Ўзбекистон халқ артисти Муяссар Раззоқова. – Бундай муҳташам кошона наинки жамоамиз, балки бутун халқимиз учун улкан, беназир туҳфа бўлди. Бу бизга битмас-туганмас илҳом бағишлайди, куч-қувват беради. 

Назокат Усмонова, Аъло Абдуллаев (сурат), ЎзА


DB query error.
Please try later.