26.10.2015

Стратегик ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида

Аввал хабар қилинганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Япония Бош вазири Шиндзо Абэ 24 октябрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. 

Ташрифнинг асосий воқеалари 25 октябрь куни бўлиб ўтди. 

Кўксарой қароргоҳида Япония Бош вазирини расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Япония Бош вазири Шиндзо Абэ шоҳсупага кўтарилдилар. Давлат мадҳиялари янгради. Ўзбекистон ва Япония раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар. 

Ислом Каримов ва Шиндзо Абэнинг тор доирадаги учрашувида мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди, долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан атрофлича фикр алмашилди. 

– Ўзбекистон Японияга улкан сиёсий, иқтисодий, интеллектуал ва инвестицион салоҳиятга эга, тараққий этган давлатлардан бири, вақт синовидан ўтган ишончли шерик сифатида қарайди. Япония Бош вазирининг ушбу расмий ташрифини мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида муҳим воқеа, мамлакатларимизнинг ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, унга янги суръат бағишлашга бирдай интилиши ифодаси, деб биламиз, – деди Ислом Каримов. 

– Ўзбекистондек ажойиб мамлакатга келганим, Сиз Жаноби Олийлари билан учрашиб турганимдан ғоят мамнунман. Япония билан Ўзбекистон ўртасида ҳамкорлик йўлга қўйилгани ва изчил ривожланиб келаётганида Сизнинг хизматларингиз беқиёс. Мамлакатингизда японлар билан боғлиқ тарихий жойлар ҳурмат-эътибор билан асраб-авайлаб келинаётгани учун Япония халқи номидан чуқур миннатдорлик билдираман. Ушбу учрашувимиз, ҳукумат аъзолари ва йирик компаниялар раҳбарлари иштирокида ўтадиган бизнес-форум мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги босқичга кўтаради, деб ишонаман, – деди Шиндзо Абэ. 

Ўзбек ва япон халқларининг ўхшаш жиҳатлари кўп. Миллий ғурур, бирдамлик, меҳнатсеварлик, садоқат, меҳр-оқибат каби фазилатлар икки халқ учун бирдек хосдир. 

Икки мамлакат иқтисодиёти жадал ривожланиб бормоқда. Бу ўзаро ҳамкорликни барча соҳаларда кенгайтириш учун шароит яратади. Ўзбекистон ва Япониянинг улкан иқтисодий имкониятлари – табиий бойликлари ва юқори технологиялари, илмий салоҳияти, молиявий ва меҳнат ресурслари бир-бирини тўлдиради. 

Ўзбекистон билан Япония ўртасидаги муносабатлар Президентимизнинг 2002 йил июль ойида Японияга расмий ташрифи чоғида имзоланган Дўстлик, стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнот руҳида изчил ривожланиб бормоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2011 йил февраль ойидаги Японияга расмий ташрифи ўзаро муносабатларни янги босқичга кўтарди. 

Икки мамлакат парламентлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган. Ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасидаги маслаҳатлашувлар мунтазамлик касб этган. Жорий йил февраль ойида Тошкентда навбатдаги маслаҳатлашув бўлиб ўтди. 

Мамлакатларимиз халқаро ташкилотлар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар бўйича томонларнинг позициялари ўхшаш ёки яқиндир. Ўзбекистон Япониянинг минтақавий ва халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш, ядро қуролини тарқатмаслик, экологик муаммоларни бартараф этишга доир ташаббусларини қўллаб-қувватлайди, БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзолигига Япония номзодини ёқлайди. Япония Президентимизнинг Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлаган, Ўзбекистоннинг ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига асосланган ташқи сиёсатини юқори баҳолайди. 

Томонлар “Марказий Осиё + Япония” мулоқот механизми доирасида ҳам кўп томонлама алоқаларни ривожлантирмоқда. 

Музокарада сиёсий мулоқотларни изчил давом эттириш, савдо, саноат, молия, энергетика, фан-таълим, маданият каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришга келишиб олинди. Хавфсизлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, халқаро таҳдид ва хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. 

Ўзбекистон ҳам, Япония ҳам Афғонистон иқтисодиётини тиклашда фаол иштирок этмоқда. Афғонистонда ҳарбий куч ишлатиш йўли билан тинчлик ўрнатиб бўлмаслиги, БМТ шафелигида қарама-қарши томонлар ўртасида сиёсий музокаралар ўтказиш ва ички келишувга эришиш энг тўғри ва ягона йўл эканлиги учрашувда якдиллик билан таъкидланди. 

Ўзбекистон ва Япония раҳбарлари мулоқотни икки мамлакат расмий делегацияларининг кенгайтирилган таркибдаги музокарасида давом эттирдилар. Томонлар савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро савдо айланмаси ҳажмини ошириш ва номенклатурасини кенгайтиришга оид масалаларни муҳокама қилдилар. 

Мамлакатларимиз ўртасида савдо-сотиқ соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинган. Савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш борасида ҳукуматлараро мажлислар мунтазам ўтказиб келинмоқда. Иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон – Япония ва Япония – Ўзбекистон қўмиталари эришилган келишувларни амалга ошириш, янги имкониятларни излаш ва қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутмоқда. Жорий йил январь ойида Токиода мазкур қўмиталарнинг қўшма йиғилиши ўтказилди. 

Муштарак интилишлар самарасида савдо айланмаси тобора кенгайиб бормоқда. 2014 йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб 190 миллион долларни ташкил этди. Ўзбекистонда Кунчиқар мамлакатнинг 12 компаниясининг ваколатхонаси очилган, япониялик ишбилармонлар билан ҳамкорликда ташкил этилган ўн корхона муваффақиятли фаолият кўрсатмоқда. 

Япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи, Шўртан газ-кимё мажмуаси ва “Кўкдумалоқ” конида компрессор станциясини қуриш, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводини реконструкция қилиш, Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўлини бунёд этиш, Самарқанд, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларини модернизациялаш бўйича амалга оширилган йирик лойиҳалар улкан самаралар бермоқда. Бугунги кунда Қарши – Термиз темир йўл тармоғини электрлаштириш, Навоийдаги иссиқлик электр станциясини кенгайтириш ва Толлимаржон иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш ишлари олиб борилмоқда. 

Япония Ўзбекистоннинг энг йирик инвестициявий шерикларидан. 2009 йил 24 сентябрда кучга кирган Сармояларни либераллаштириш, ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим бу соҳадаги ҳамкорлик учун мустаҳкам кафолат ва кенг имконият яратмоқда. Япониянинг йирик компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётига сармоя киритмоқда. “Ўзавтосаноат” акциядорлик компанияси ва “Isuzu Motors Ltd.” ўртасидаги ҳамкорлик бунга яққол мисол бўла олади. Япониянинг мазкур компанияси 2007 йилдан “СамАвто” масъулияти чекланган жамиятининг технологик шериги сифатида мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган автобуслар, юк машиналари ва бошқа техника турлари учун шасси ва двигателлар етказиб бермоқда. Ўтган вақт давомида “Isuzu Motors Ltd.” агрегатлари базасида 10 минг икки юз автобус ва 11 минг беш юз юк машинаси ишлаб чиқарилди. Табиий газда ишлайдиган юк машиналарининг янги моделларини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 

Жорий йил 29 июлда Тошкентда “Isuzu Motors Ltd.” компаниясининг “СамАвто” масъулияти чекланган жамияти таъсисчилари таркибига кириши тўғрисида битим имзоланди. Мазкур битим “Ўзавтосаноат” ва “Isuzu Motors Ltd.” компаниялари ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлди. 

Мамлакатимизда замонавий шаҳарсозлик жадал ривожланмоқда. Бино ва инфратузилма объектларини бунёд этишда илғор технологиялардан фойдаланиш, транспорт тизимини яхшилаш, хавфсизликни таъминлаш, одамлар учун ҳар томонлама қулайлик яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада ривожланган давлатлар, хусусан, Япония тажрибасидан унумли фойдаланилмоқда. 29 сентябрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган “Шаҳарнинг юқори технологик инфратузилмаси” мавзусидаги конференцияда мамлакатларимизнинг ушбу соҳадаги ҳамкорлигини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. 

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашда маданий-гуманитар алоқалар ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. “Тараққиётга расмий ёрдам” дастури доирасида ҳамда Япония Халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) орқали ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Японияда Ўзбекистон маданияти ва киноси кунлари ташкил этилмоқда. Кунчиқар юрт ижодкорлари мамлакатимизда ўтказилаётган халқаро анжуманлар, хусусан, “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивалида фаол қатнашиб келмоқда. 

Пойтахтимизда Япон боғи ташкил этилгани, Токиода буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоийга ҳайкал ўрнатилгани, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги халқаро маданият карвонсаройига япониялик олим ва мусаввир Икуо Хираяма номи берилгани халқларимизнинг маданий яқинлиги ифодасидир. 

Фан-таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам фаоллашмоқда. Ўзбекистон – Япония маркази кадрлар малакасини ошириш, “Ўзбекистон – Япония” ҳамда “Япония – Ўзбекистон” дўстлик жамиятлари халқларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшмоқда. Жорий йилдан Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида япон тили биринчи хорижий тил сифатида ўқитила бошланди. 

Япония оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти кенг ёритилмоқда. Мамлакатимизга келаётган япониялик сайёҳлар йилдан йилга кўпаймоқда. 

Олий даражадаги мулоқот чоғида мамлакатларимиз ўртасида барча соҳаларда алоқаларни янада фаоллаштиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди. Фойдаланилмаётган имкониятларни ишга солиш, ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ юзага чиқариш йўллари муҳокама қилинди. 

Музокаралар якунида Президент Ислом Каримов ва Бош вазир Шиндзо Абэ Ўзбекистон ва Япония ўртасида стратегик шерикликни чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар. Ташқи ишлар вазирликлари ва молия муассасалари ўртасида, энергетика, илм-фан, соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришга доир қатор ҳужжатлар имзоланди. Энергетика ва транспорт тизимини модернизация қилиш, минерал-хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш, автомобилсозлик, нефть-газ ва кимё саноати, телекоммуникация ва бошқа замонавий соҳаларда 8,5 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришилди. 

Ўзбекистон ва Япония раҳбарлари оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда музокаралар амалий ва ишчан руҳда ўтганини, эришилган келишувлар мамлакатларимиз ҳамкорлигини янги мазмун билан бойитганини таъкидладилар. Муҳокама қилинган барча масалалар бўйича томонларнинг позиция ва қарашлари бир хил ёки яқин экани, мамлакатларимиз ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришдан манфаатдорлиги қайд этилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Япония Бош вазири Шиндзо Абэ мамлакатларимиз ишбилармон доираларининг бизнес-форуми очилишида иштирок этдилар. 

Куннинг иккинчи ярмида Япония Бош вазири Шиндзо Абэ Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди. Олий мартабали меҳмон ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди. Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларига юксак баҳо берди. 

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театрининг қурилишида Иккинчи жаҳон уруши йилларида тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолган японияликлар ҳам иштирок этган. Президентимиз ташаббуси билан мазкур театр биноси яқинда реконструкция қилиниб, тўла таъмирланди. Ўзбекистон ва Япония Бош вазирлари янада чирой очган ушбу кошонанинг очилиш маросимида иштирок этди. 

Шиндзо Абэ япон ҳарбийлари мангу қўним топган масканга ташриф буюрди, улар хотирасига бағишлаб бунёд этилган ёдгорлик пойига гул қўйди. Япония Бош вазири бу жой обод масканга айлантирилгани, ватандошларининг хотираси абадийлаштирилгани учун Президентимизга миннатдорлик билдирди. 

Анвар Самадов, Сарвар Ўрмонов (сурат), ЎзА


DB query error.
Please try later.