22.10.2015

УСТОЗНИНГ ҲАҚИ

Ота-она борки, фарзандининг ўқимишли, тарбияли бўлишини истайди. Лекин ушбу улуғ мақсадга фақат хоҳиш билан эришиб бўлмайди. Бу йўлда устоз ва мураббийларнинг ўрни жуда катта эканини унутмаслигимиз лозим.

Муборак динимиз таълимотларида инсон таълим-тарбиясида муҳим ўрин тутадиган ўқитувчилар хизматига юқори баҳо берилади ҳамда Аллоҳ таолодан уларга улуғ мукофотлар бўлиши башорат қилинади.

Ҳар қандай инсон билими, маърифати билан жамиятда қадр-қиммат ва обрў-эътиборга эгадир. Одам алайҳиссаломнинг барча фаришталардан юқори мақомга кўтарилишлари ҳам айнан илм-маърифат билан боғлиқдир.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда илмли кишилар ва устозларнинг мартабаси юксак даражага кўтарилишини баён қилади:

«...Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур. Аллоҳ қилаётган (барча яхши ва ёмон) амалларингиздан хабардордир».

Бошқа бир ояти каримада бундай дейилган:

«...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!..»

Аллоҳ таоло ушбу ояти карималарда илм эгаллаган ва уни бош­қаларга етказишда холис ҳаракат қиладиган устозларнинг обрў-эътиборини юқори кўтариб қўйишини ваъда қилмоқда.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) мар­ҳамат қилганлар: «Олимнинг, яъни унинг бошқалардан ортиқлиги ойдин кечада ойнинг бош­қа юлдузлардан зиёда нурли эканига ўхшайди. Дар­ҳақиқат, уламо-устозлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар ўзларидан кейин динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар фақат ўзларидан илму маърифатни мерос қилиб қолдиришган. Ким бу мерос илм­ни олган бўлса, у катта бахту саодатни қўлга киритибди».

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинган ҳадисда «Дар­ҳақиқат, инсонларга яхшилик ва илму маърифатни ўргатган барча устозларга ҳамма ҳайвонлар, ҳаттоки денгиздаги балиқлар ҳам истиғфор айтади» дейилган.

Луқмони Ҳаким ўғлига бундай насиҳат қилган экан: «Эй, ўғлим! Олимлар билан ҳамнафас бўл, устозлар орасида ўтир, чунки Аллоҳ таоло еру осмонни суви билан обод қилганидай, қалбларни ҳам илму ҳикмат нури билан мунаввар қилади».

Улуғ устозларимиз илму маърифатни ҳамма нарсадан афзал билишган ва бутун ҳаётларини илмга, шогирдлар етиштиришга бағишлашган. Шунинг учун ҳам ўз навбатида илм ўрганувчи талабадан устозни эъзозлаш, уни рози қилиш, ҳурмат-иззатини жойига қўйиш, зарурат туғилганда унинг хизматида бўлиш, унинг даражасини ота-онадан кам кўрмаслик талаб этилади. Устозга меҳр қўймаган, уни қадрламаган шогирднинг пухта илм эгаллашига ишониш қийин. Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) Зайд ибн Собит (р.а.)нинг уловлари тизгинини ушлаб, шундай деганлар: «Уламоларга шундай хизмат қилишга буюрилганмиз. Агар шогирд улуғлик сифатига етмай туриб, ундан фахрланиб кибрланса, жоҳилдир. Зеро, илм-ҳикмат мўмин кишининг йўқотган нарсасидир, қачон топса, уни олишга ҳақли».

«Ҳидоя» муаллифи, шайхулислом Бурҳониддин Марғинонийнинг ёзишича: «Бухорои шарифнинг улуғ олимларидан бирлари дарс ҳалқасида эдилар. Дарс асносида гоҳо ўринларидан туриб қўяр эдилар. Зийрак толиблар бунинг сабабини сўрашди. У зот камоли эҳтиром билан: «Меҳрибон устозимнинг фарзандлари кўчада болалар билан ўйнаб юрибдилар. Гоҳида ўйин билан машғул ҳолда эшик олдига келсалар, устозим ҳурматидан дарҳол ўрнимдан туряпман», деган экан.

Имом Бухорий ҳазратлари бир муддат Маккаи мукаррамада дарс берганлар. Бир зиёратчи у зотга Бухорои шарифдаги устозларидан салом ва мактуб келтиради. Шунда Имом Бухорий зиёратчининг устозлар юртидан келганини билиб, уни қучоқ очиб кутиб олганлар ва чексиз эҳтиром кўрсатганлар. Ундан салом хабарини эшитганларида Бухорои шариф томонга юзланиб, саломга алик олганлар ва мактубни икки қўллаб олиб, эҳтиром билан танишиб чиққанлар.

Соҳибқирон Амир Темур бу ҳақда қуйидагиларни айтган эди: «Илм ва диннинг машҳур устозлари ўз маслаҳатлари билан подшоҳларга ёрдам бериб келишган».

Устозлар барчамизнинг, хусусан, шогирдларнинг эҳтиромига лойиқ бўлган буюк инсонлардир. Аҳнаф ибн Қайс таъкидлаганидек, «Илм билан мустаҳкамланмаган ҳар қандай улуғликнинг оқибати хорликдир».

Олимлардан бири: «Ота-оналар фарзандларини дунёдаги оловдан ҳимоя қилишса, устозлар уларни охират олови — дўзахдан муҳофаза этади» дея устозларнинг даражасини яна бир бора кўтариб қўйган. Илм толиблари ҳам ўз навбатида билимлари зиёда бўлиши йўлида устозларидан билмаган ва тушунмаганларини сўраб билишда жиддий ҳаракат қилишлари лозим.

Ўзбекистонимизда қадим-қадимдан илм-маърифатга, устозларга катта эътибор, иззат-ҳурмат кўрсатиб келинган. Яқин ўтмишда, аниқроғи, собиқ шўролар замонида бу юксак қадриятларга бирмунча путур етди. Мамлакатимиз мустақил бўлгач, таълим-тарбия ишлари янги, беқиёс даражага кўтарилди. Устозларга муносабат ҳам ўзгарди, юксалди. Мамлакатимизда 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида нишонланиб келинаётгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Халқимизда бир кун туз тотган жойингга қирқ кун салом бер, деган ўгит бор. Катта ҳаётга йўлланма берган, илму маърифатни танитган даргоҳ ҳам кишига бир умр муқаддас саналади. Улуғ бобомиз
Алишер Навоий ҳазратлари уқтирганидек, бир ҳарф ўргатган устознинг ҳақини юз ганж ила ҳам адо этиб бўлмайди. Демак, устоз ҳурмати ана шундай юқори, қадри бебаҳо. Албатта, ҳар бир шогирд буни чуқур англамоғи, устозга садоқат намунасини кўрсатиб яшамоғи керак.

 

Абдужалил ОТАМУРОДОВ,

Учтепа туманидаги «Мирбобо ота» жомеъ масжиди имом-хатиби.



DB query error.
Please try later.