22.10.2015

ДЕПУТАТЛИК НАЗОРАТИ КУЧАЙИШИ

ижтимоий масалалар самарали ечим топишида муҳим аҳамиятга эга

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар, ҳаётимиздаги ўзгаришлар барча даражадаги депутатлардан ишга профессионал асосда, жиддий ёндашишни талаб этяпти. Парламент жамиятни ҳаракатга келтирувчи сиёсий институт ҳисобланса, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари ҳудудларда ислоҳотларнинг самарали амалга оширилишига ҳал қилувчи таъсир кўрсатади. Депутатлар ана шу жараёнларнинг марказида бўлиши, халқ вакили сифатида сайловчилар манфаатларини дадил ҳимоя этиши керак.

Депутатнинг сайлов округида олиб борадиган ишларидан бири қонунлар ва қарорлар бажарилишини назорат қилишда фаол иштирок этишдан иборат.

Очиғини айтиш керак, қонунлар ижроси ҳамма жойда ҳам талаб даражасида эмас. Агар қонунларнинг қандайдир шаклда бузилиши, ижроси суст олиб борилаётгани аниқланса, бу ҳолат юзасидан депутат тегишли давлат органларига, уларнинг мансабдор шахсларига мурожаат қилиш ва ўртага қўйилган масалани кўриб чиқишда иштирок этиш ҳуқуқига эга. Бу депутатнинг ваколат доираси кенглигидан далолат беради. Депутат мазкур ваколатлардан самарали фойдаланиши ўз-ўзидан депутатлик назорати кучайишини таъминлайди.

Депутатлик назоратининг энг таъсирчан шаклларидан бири депутатлик сўровидир. Шу боис биз депутатлик сўровларида ҳудудлардаги ижтимоий-иқтисодий муаммолар ва камчиликларни бартараф этишга жиддий эътибор қаратяпмиз. Масалан, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзолари аҳоли мурожаатлари асосида тегишли ташкилот ва муассасалар раҳбарларига жами 7 депутатлик сўрови юборди.

Менинг назаримда, депутатлик назорати тартибида ўрганиладиган ҳар бир масала учун албатта ишчи гуруҳи тузилиши ҳамда унинг иш режаси бўлиши, мутасадди ташкилотларнинг ҳисоботларини эшитиш мунтазам равишда олиб борилиши керак. Бу депутатлик гуруҳи, доимий комиссиялар йиғилишлари ва сессияларда амалга оширилади. Бу борада бизда яхши тажриба бор. Хусусан, халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши сессиясида бир қатор масалаларда мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Жумладан, шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудирининг мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида қишга тайёргарлик ишларининг аҳволи тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Гап шу ҳақда кетганда, бир таклиф айтмоқчиман. Доимий комиссиялар ва сессиялар қарорлари ижроси устидан мунтазам ва талабчанлик билан назорат олиб бориш керак. Сессия муҳокамасига олиб чиқилган ва унда қабул қилинган қарор ижро ­этиляптими, аҳолининг бу масалага муносабати қандай? Мана шу каби саволларга жавоб топиш учун электорат вакиллари билан учрашувларни изчил йўлга қўйиш керак, деб ўйлайман.

Одатда, партиямиз электоратини ўйлантираётган масалалар, катта-кичик муаммолар қуйида яққолроқ кўринади. Шунинг учун халқ депутатлари туман, шаҳар, вилоят Кенгашларидаги депутатларимиз ҳар қачонгидан кўра, фаол ва ташаббускор бўлмоғи лозим. Бироқ шундай бир вазиятда ҳали маҳаллий Кенгаш сессиялари, дои­мий комиссиялар мажлислари муҳокамасига иж­ти­м­оий масалаларни олиб чиқолмаётган, электорат манфаатларини таъминлаш ме­ханизмидан етарли даражада фойдаланмаётган партия гуруҳларимиз борлиги кишини ўйлантириб қўяди. Айрим ҳудудларда эса партия ташкилоти билан депутатлар ўртасида мустаҳкам алоқа шаклланмаганига бефарқ қараб бўлмайди.

Биз ҳар бир партия ташкилоти, депутатлик бирлашмаси фаолиятини танқидий ўрганиб, мав­жуд камчиликларни бартараф этиш, депутатлик сўрови, депутатлик назорати институтидан самарали фойдаланишимиз, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари ҳисоботини эшитиш механизмидан янада самарали фойдаланиш чораларини кўришимиз зарур, деб ўйлайман.

 

Саида ЖЎРАЕВА,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари.



DB query error.
Please try later.