22.10.2015

ЎЗГАРТИШ ВА ҚЎШИМЧАЛАР

қонунларни янада такомиллаштиришга хизмат қилади

Парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услублари жорий этилиши, акциядорларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш билан боғлиқ ва бошқа қонун лойиҳалари қизғин муҳокама этилди.

Дастлаб депутатлар «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Депутатларнинг қайд этишича, қонун лойиҳасида белги­ланаётган меъёрлар акциядорлик жамиятлари фаолияти ривожланиши ва акциядорлар манфаатдорлиги кафолатланишида долзарб аҳамият касб этади.

Хусусан, қонун лойиҳасига кўра, акциядорлар умумий йиғилишида жамиятлар ривожланишининг ўрта ва узоқ муддатли аниқ стратегияси тасдиқланиши, бу борада амалга оширилаётган чоралар бўйича ижроия органи ва кузатув кенгашининг ҳисоботи тинг­ланиши ҳақидаги қоидалар назарда тутилмоқда.

Фракция аъзолари акциядорларнинг ҳуқуқлари кафолатли ҳимоя қилиниши соҳа ривожига қўшимча туртки бўлишини таъкидлашди.

Қонун лойиҳаси акциядорлик жамиятларида корпоратив бош­қарувнинг фаол ривожланиши ва самарали шаклланишига, бу эса ўз навбатида, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш кенгайишига, янги иш ўринлари очилиши имкониятлари ортишига хизмат қилади. Натижада аҳолининг бандлик даражасини ошириш, айниқса, ёшларни барқарор иш ўринлари билан таъминлаш кафолатлари мустаҳкамланади. Буларнинг барчаси Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифаларга мувофиқ келади. Шунинг учун фракция аъзолари қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда қўллаб-қувватлашди.

Йиғилишда, шунингдек, «Акция­дорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услублари жорий этилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда қизғин муҳокама қилинди.

Ушбу қонун лойиҳаси Президентимизнинг «Акциядорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Унга асосан «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқ­ларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги, «Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида»ги, «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунларга ва Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда.

Сўзга чиққанлар қонун лойиҳаси соҳадаги қонунчиликнинг тизимлилигини таъминлаш, уларнинг нормалари ва ижро механизмларини бирхиллаштириш, акциядорлик жамиятларида корпоратив бош­қарув муносабатларини ҳуқу­қий жиҳатдан тўлиқ тартибга солишга хизмат қилишини таъкидлашди.

Аваз ЎРИНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Қонун лойиҳаси орқали иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тизимдаги вазифаларни ҳал қилишда демократик механизмлардан самарали фойдаланиш, кам таъминланган аҳоли қатламининг мулкий ҳуқуқини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилмоқда. Унда акциядорлик жамиятларида корпоратив бошқарувнинг қатор замонавий услубларини жорий этиш назарда тутилган. Масалан, ишлаб чиқариш менежменти, сармоядорлар учун фаолиятнинг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш услубларини амалга оширишга эътибор қаратилган.

Фракция аъзоси Фарҳод УМАРОВнинг таъкидлашича, мазкур қонун лойиҳаси Ўзбекистон ХДП Сайловолди дастурида белгиланган муайян вазифалар амалга ошишида муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг мулкий ҳуқуқи мустаҳкамланиши, акциядорлик соҳасида манфаатлар муштараклиги таъминланиши ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш субъектлари фаолияти ривожланишига кенг йўл очади.

«Биржалар ва биржа фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш жараёнида фракция аъзолари ва масъул қўмита вакиллари қизғин баҳс-мунозара олиб боришди.

Айтиш керакки, мазкур қонун лойиҳаси орқали «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги, «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш кўзда тутиляпти.

Саҳобиддин АРЗИҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси:

Қонун лойиҳасида давлат иқтисодиёти учун муҳим стратегик аҳамиятга эга бўлган валюта биржаси фаолиятини лицензиялаш масалалари қамраб олинмоқда. Унга кўра, валюта биржасини тартибга солиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан амалга оширилиши ҳамда банк унинг капиталида қатнашиши мумкинлиги кўзда тутилмоқда. Ушбу меъёр ривожланган давлатлар қонунчилиги ва амалиётига мос келади. Қонун лойиҳасида соҳага оид айрим тушунчаларга ҳам аниқлик киритилмоқда. Хусусан, биржа савдолари орқали харид қилинган қимматли қоғозларнинг бозор нархлари тушунчаси белгилаб қўйилмоқда. Мазкур қонун ло­йиҳаси биржа фаолияти билан боғлиқ зиддиятларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Фракция аъзолари йиғилишда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан киритилган «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини атрофлича кўриб чиқди.

Унга асосан, сиёсий партиялар, уларнинг муассасалари ва ташкилотларига битта банк муассасасида бир нечта ҳисоб-китоб варақларини очишга имкон берувчи ўзгартиш киритиш таклиф қилинмоқда. Депутатларнинг фикрича, бу ўзгартиш сиёсий партиялар, уларнинг муассасалари ва ташкилотларига бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботларини юритишда сезиларли қулайлик яратади, уларнинг молиявий-хўжалик фаолиятида шаффофлик таъминланади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида сиёсий партияларга ажратилган молиявий маблағларнинг самарали сарфланиши билан боғлиқ меъёр ҳам жой олмоқда. Мазкур таклифга кўра, сиёсий партия­ларнинг йил давомида ишлатилмай қолган маблағи давлат бюджетига қайтарилмасдан, кейинги йилларда уларнинг уставида белгиланган фаолиятни мувофиқлаштиришга йўналтирилиши мумкинлиги кўзда тутилмоқда.

Йиғилиш давомида кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари бўйича фракциянинг хулосаси шакллантирилди.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.