22.10.2015

ҲАЁТИДАН РОЗИ, ЭРТАСИДАН КЎНГЛИ ТЎҚ ОДАМЛАР

Ёки Ўрта Чирчиқ туманининг Қумовул қишлоғидаги бунёдкорликлар ва фаровон турмуш ҳақида

Кўп эмас, оз эмас, атиги чорак аср аввал бу ерлар зах босган экинзорлар, шўрхок пахта пайкаллари эди. Ариқ, зовур четларидаги ўсиқ тиканаклар, юлғунлар, қалин қамишзорлар шамолда ваҳимали шовуллаб, юракларда қўрқув, нохуш ҳислар уйғотарди. Катта йўл бўйидаги пастқам, лойсувоқ уй-жойлар овлоқ овулларни эслатарди.

Албатта, ўша даврларни кўрмаган, билмаган киши бу гапга ишониши қийин. Азим пойтахтнинг шундоққина биқинида бундай хунук манзаралар бўлганини ҳатто хаёлига ҳам келтира олмайди. Афсуски, бу ҳақиқат. Бир чеккаси Тошкент шаҳрига туташ Ўрта Чирчиқ туманининг Қумовул қишлоғида истиқомат қилувчи онахону отахонлар ўша кунларни яхши эслашади.

— Данғиллама уй-жой тиклаш нари турсин, ҳатто, давлатдан томорқа учун бир парча ер олиш оғир муаммо эди, — деб эслайди меҳнат фахрийси Нурали Ашурматов. — Бу масалада, айниқса, серфарзанд оилалар жуда қийналишган. Торгина ҳовлида икки-уч оила, келину неваралар қимтиниб, қисилиб яшашган...

Ҳа, айнан шундай эди. Пичоқ суякка бориб етган кунларнинг бирида маҳалла оқсоқоллари хат-саводли одам сифатида Нурали Ашурматовни ўртага олишди. Ёнимиздаги сов­хоз даласидан ёш оилалар учун томорқа ерлари ажратиб беришларини талаб қиламиз, юқори идораларга бизнинг номимиздан ариза ёзиб бергин, дейишди. Табиийки, хайрли ишларга ҳамиша тайёр муаллим маҳалладошлар гапини ерда қолдирмади. Аммо орадан кўп ўтмай улар йўллаган аризани ҳавода силкитган кўйи икки нафар амалдор қишлоқда пайдо бўлди. Ҳеч қандай важ-баҳона пахта экиладиган давлат ерларини қисқартишга асос бўлолмаслигини дўқ-пўписалар билан тушунтирдилар.

«Аслида сизларни янги ўзлаштирилаётган чўл ҳудудларига кўчириб юбориш кўзда тутилган, — деди амалдорлардан бири. — Аммо ҳозирча сизларни аяб турибмиз, шунисига ҳам шукр қилсаларинг-чи...»

Умидлар, илинжлар саробга айланди. Зеро, давлат манфаати ҳар қандай инсон манфаатидан устун қўйилган, халқ орзу-истаклари, ҳуқуқлари поймол қилинган ва бунинг барчаси чиройли шиорлару баландпарвоз ҳайқириқлар ортига яширилган мустабид тузумдан бошқа нарса кутиб ҳам бўлмасди.

Истиқлол йилларидагина халқимизнинг асрлар даво­мида топталган, хўрланган қадр-­қим­­мати тикланди. Бугун ­Президентимиз юритаётган оқилона сиёсат замирида ҳам инсонни эъзозлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш, халқ­нинг фаровон турмушини таъминлаш мақсади ётибди. Мамлакатимиз бўйлаб кенг қулоч ёйган туб ислоҳотлар, улкан бунёдкорлик ишлари, туманларда намунавий лойиҳалар асосида барпо этилаётган замонавий қишлоқ уй-жойлари фикримизнинг яққол далилидир.

Биргина Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманига назар ташласак, мазкур ҳудудда сўнгги уч йил ичида 300 дан зиёд худди шундай намунавий лойиҳалар асосида уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилди. Мисол тариқасида айтиш мумкинки, бугун ушбу туман ҳудудидаги Қумовулни дабдурустдан қиш­лоқ деб аташга одамнинг тили бормайди. Замонавий, қатор-қатор уй-жойлар, маҳалла гузарлари, дўконлар, маиший-маданий иморатлар қад рост­лаб турибди. Қирмизи тус тунукали томларида қуёш ўйнаган ҳовлиларга бош суқсангиз кўзлар қувониб, кўнгиллар яйрайди. Энг сўнгги русумдаги ошхона жиҳозлари, иситиш, совутиш тизими, қулай, ораста ювиниш хоналари, шинам, кенг ётоқлар, болалар учун алоҳида хоналар беихтиёр ­хаёлингизни ўғирлайди. Ўзингизни афсоналар оламига кириб қолгандай ҳис этасиз гўё. Худди шундай хонадонларнинг бирида бизни меҳнат фахрийси Раим Тўлаганов қарши олди.

— Тошкент шаҳридаги дўстларимникига тез-тез меҳмонга бориб тураман, — дея ҳикоя қилди отахон. — Илгари уларнинг уйларидаги қулай шарт-шароитларни кўриб ҳавасим келарди, имкон топиб пойтахтга кўчиб ўтиш орзусида юрардим. Қарангки, орадан кўп ўтмай, бизнинг қишлоқларда ҳам шаҳарникидан асло қолишмайдиган мана бундай уй-жойлар қурила бошланди. Аввалига бу чиройли иморатлар номига, бир-икки жойда қурилса керак, деб ўйладим. Кейин қарасам, йилдан-йилга сони ҳам, сифати ҳам ортиб бормоқда. Нархлари ҳамёнбоп, устига-устак, узоқ муддатли, имтиёзли кредит ҳисобига олишингиз мумкин! Ёшим саксонга яқинлашди. Аммо лекин шу пайтгача халққа бу қадар эътибор, ғам­хўрлик кўрсатган давлатни кўрмаганман. Элни чин дилдан суядиган Юрт­боши­мизга минг­дан минг раҳмат!

Қумовулликлар табиатан меҳнаткаш, миришкорликка мойил халқ. Шу боисдан ҳам ўзлари учун барпо этилган замонавий уй-жойлар, таълим-тарбия муассасалари, маиший-маданий иморатлар теварак-атрофини янада кўркам ва файзли бўлишини кўзлаб боғ-роғлар, гулзорлар яратишмоқда, янгидан янги ободончилик ишларига бел боғлашмоқда. Худди шундай саъй-ҳаракатлар самараси ўлароқ, маҳалла гузарида яқиндагина барпо этилган, «Ҳумо» деб номланган сер­ҳашам тўйхонада ҳар куни тўй-томоша, ҳар куни тантана, кимдир ўғил уйлантирса, кимдир қиз узатади.

— Ҳар гал шу ердан ўтаётган чоғим ғалати бир воқеа ёдимга тушади, — дейди тадбиркор Равшан ­Позилов. — Биласиз, илгариги даврларда тўй-томошалар хонадонларда амал-тақал қилиб ўтказиларди. Бир синфдошимиз уйланаётган эди. Ҳовли меҳмонлар билан роса тўлган. Бир пайт ёмғир ёғиб қолди. Жала. Тўс-тўполон бошланди. Бир маҳал куёв етовида ичкарига киришга чоғланган келин сирпаниб кетди. Уни тутиб қолишга интилган куёв ҳам мувозанатини йўқотди. Ҳар иккиси лойқа кўлмак устига йиқилиб тушди...

Ҳолбуки, ўша пайтдаги раҳбарият бундай муаммоларга парво ҳам қилмаган. Аҳоли тўй-маъракаларни ортиқча ташвишу таҳликасиз, чиройли бир тарзда ўтказиши учун алоҳида, қулай шарт-шароитларга эга тўйхоналар, тантана уйлари ташкил этиш ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаган. Бундай лоқайдлик, бепарволик замирида аслида инсонни таҳқирлаш, унинг ҳаётига, манфаатларига нописандлик ётганини англаш мушкул эмас. Албатта, истиқлол неъматларидан баҳра олиб, униб-ўсаётган ёшларимиз собиқ тузумнинг бундай иллатларини тасаввур этиши қийин. Аммо катта авлод ўша давр машаққатларини хўрсиниб эслайди, бугунги дорил­омон дамларни ўтмишнинг оғир кечмишларига бир-бир қиёсларкан, дилида шукроналик, хаёлида бир ўй кечади: «Ким эдигу, ким бўлдик?..»

Бугун халқ мутеъликдан, таҳ­қирлардан озод. Бир парча нон, бир қултум сув илинжида кимларгадир мўлтираб термулмайди. Аксинча, буюк ­бунёдкорликка камарбаста бўлиб ўз келажагини, ўз фаровон турмушини ўзи яратади. Зеро, Мустақиллик унга шундай ҳуқуқни, шундай имкониятни яратиб берди. Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги қайноқ қурилиш жабҳалари билан танишарканмиз, бунга яна бир карра гувоҳ бўлдик. Айни кунларда туманнинг пойтахтга туташ ҳудудида, Бектемир шоҳ кўчаси бўйлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Бу ердаги эски, пастқам уй-жойлар бузилиб, ўрнига замонавий, серҳашам иморатлар қурилмоқда. Қатор иморатларнинг биринчи қавати дўконлар, дорихоналар, маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари учун мўлжалланган бўлиб, юқори қаватларида уй-жойлар қад ростлайди.

— Бизнинг хонадон ҳам шу кўча бўйида жойлашган эди, — дейди маҳалла фаоли Одинахон Эшбоева. — Бузилиш режасига тушди, аммо ҳокимият хафа қилиб қўйгани йўқ, кўнгилдагидек тавон пули тўлашди, янги ҳовли-жой қуриб олишимиз учун ер ажратиб беришди...

Бу ҳаммаси эмас, албатта. Энг муҳим жиҳати шундаки, бузилган эски хонадонлар ўрни яна ўз эгалари ихтиёрига ҳавола қилинмоқда! Агар хоҳиш-истак бўлса, улар «Ипотека банк»­дан имтиёзли кредит олиб, бузилган эски уй-жойлари ўрнига замонавий иморат қуриб, паст­да тадбиркорлик ишларини йўлга қўйишлари, юқори қаватларда яна бемалол яшайверишлари мумкин. Табиийки, қумовулликлар бундай имкониятдан унумли фойдаланиб, хайрихоҳларча узатилган қўлга қўл бериб шоду хуррамлик билан ўз уйларини, ўз корхоналарини, демакки, ўз келажакларини барпо этиш ишига бел боғлашган. Ҳоки­мият вакиллари, мутасадди раҳбарлар эртаю кеч улар билан ёнма-ён, мавжуд муаммоларни, камчиликларни бартараф этишда яқиндан ёрдам беришмоқда.

— Қаранг, ҳаммаси худди эртакка ўхшайди, — дейди Одинахон Эшбоева. — Мўмай маблағ, томор­қа эгаси бўлдик, устига-устак, мана, банкнинг кредити ҳисобига данғиллама уй-жой, дўкон, устахона қуриб олаяпмиз, фарзандларим эртасидан кўнглим тўқ, улар учун муқим иш ўринлари, чиройли истиқомат масканлари шай! Халқ­қа бундай эътибор, бундай ғамхўрликнинг қадрига етишимиз, иззат-икромга муносиб бўлишимиз зарур. Бизнинг фаровон ҳаётимиз, порлоқ келажагимиз, аввало, тинч­лик-хотиржамликка, баҳамжиҳатликка ва фидокорона меҳнатимизга боғлиқ.

Дарҳақиқат шундай. Озод ва обод юртнинг саодатманд аёли ёруғ дил билан айтган бу сўзлар бугун бутун мамлакатимиз бўйлаб, миллионлаб одамларнинг кўнг­лида мавжланиб, акс-садо бермоқда. Биз уни ҳар доим, ҳар лаҳза эшитиб, англаб турибмиз...

 

Луқмон БЎРИХОН,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.



DB query error.
Please try later.