20.10.2015

БОШЛАНҒИЧ ПАРТИЯ ТАШКИЛОТИ ТАШАББУСИ

туман Кенгашининг доимий комиссияси ва сессиясида кўриб чиқилди

Ҳар бир сиёсий партиянинг таянчи бошланғич ташкилот экани тажрибадан ўтган ҳақиқатдир. Аҳоли ўртасида доимий ишлайдиган, унинг муаммоларини ўрганиб, таклифларини юқори партия ташкилотлари ва депутатларга етказадиган асосий бўғин ҳам бошланғич ташкилот ҳи­собланади. Шу боис Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши бошланғич партия ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Бугунги кунда вилоятда партиямизнинг 31906 мингдан зиёд аъзосини бирлаштирган 883 бошлан­ғич ташкилот электорат орасида кенг қамровли тарғибот ишларини олиб бормоқда. Партия аъзоларининг ҳуқуқий-сиё­сий билимини оширишга қаратилган сиё­сий ўқув машғулотлари, семинар-тренинглар, давра суҳбатлари мунтазам ўтказиб келинмоқда.

Айниқса, партиямизнинг Оҳангарон туман кенгашидаги 62 бошланғич ташкилот Ўзбекистон ХДП ғояларини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, унинг нуфузини ошириш борасида ибратли ишларни амалга оширмоқда. Масалан, «Қўрғон» маҳалла фуқаролар йиғинидаги ҳудудий партия ташкилоти фаолиятини олайлик. Бу ерда партиямизнинг 70 нафар аъзоси бор. Унга Салтанат Шадарова етакчилик қилиб келмоқда. Етакчини туманда ташаббускор, ишнинг кўзини биладиган, аҳолининг дарди билан яшайдиган инсон сифатида қадрлашади. У маҳалла, таълим муассасалари, корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда оммавий-сиёсий тадбирлар ўтказишда бош-қош бўлмоқда. Натижада партиямиз ғоялари тар­ғиботи изчил олиб бориляпти, аъзоларимиз сафи кенгаймоқда.

— Бошланғич партия ташкилотимиз аъзоларининг 60 фоизини хотин-қизлар ташкил қилади, — дейди Салтанат ШАДАРОВА. — Бундан кўриниб турибдики, хотин-қизларнинг мамлакатимиздаги демократик ислоҳотлар жараёнида фаоллиги ошиб бормоқда. Бошланғич партия ташкилотимизда ҳафтанинг ҳар пайшанба, шанба кунлари сиёсий ўқувлар ўтказилади. Ўтган вақт мобайнида мазкур семинарларда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида юз бераётган муҳим воқеалар, партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дас­тури ижроси, хотин-қизлар ва ёшларнинг ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоялаш мавзулари кенг муҳокама қилинди.

Яна бир гап. «Қўрғон» ҳудудий партия ташкилотида Жамоатчилик қабулхонаси ­фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Мазкур қабулхонага ҳар куни мурожаат бўлади. БПТ депутатлар кўмагида уларнинг ечимини топиш бўйича тегишли ташкилотларга мурожаат билан чиқяпти. Масалан, яқинда Жамоатчилик қабулхонасига Оҳангарон педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт касб-ҳунар коллежини тамомлаган Мадина Эшимова ҳамда ­Моҳинур Абдусаломова ишга жойлашиш масаласида ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мазкур масала туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази ёрдамида тез орада ҳал этилди, битирувчилар ҳудуддаги 23-сон мактабгача таълим муассасасига ишга жойлашадиган бўлди.

Туманимизда бандликни таъминлаш имкониятлари кўп, — дейди етакчи. — Масалан, ҳудуддаги умумий ов­қатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини кенгайтириш ва мавжудларида меҳнат шартномаси асосида ишга қабул қилишни изчил йўлга қўйиш муҳим аҳамиятга эга. Кўпчиликка маълумки, одамларни ишлатишга ишлатиб, аммо улар билан меҳнат шартномаси тузмайдиган, меҳнат дафтарчасини юргизмайдиган овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчалари оз эмас. Ушбу масалада туман Кенгашидаги партия­миз гуруҳига мурожаат қилдик. Масала халқ депутатлари Оҳангарон туман Кенгашининг Ижтимоий-маданий ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси ва туман Кенгаши сессиясида кўриб чиқилди. Натижада умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини кенгайтириш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича тавсиялар, чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

 

Меҳрож ДАРХОНОВ



DB query error.
Please try later.