20.10.2015

ДЕПУТАТ ЭЛ-ЮРТ ХИЗМАТИДА БЎЛИШИ КЕРАК

Бугун ижро ҳокимияти устидан вакиллик ҳокимияти назоратини кучайтириш, мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти  билан боғлиқ стратегик масалалар бўйича қарорлар қабул қилишда сиёсий партиялар ролини ошириш масаласи долзарб аҳамият касб этмоқда. Бу бежизга эмас, албатта. Депутат халқ вакили ҳисобланади, одамларнинг ислоҳотларга муносабати, таклиф ва мулоҳазалари асосида иш кўради. Демак, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва кучли фуқаролик жамияти асосларини мустаҳкамлашда депутатлар ўз фаолиятини кучайтириши, зиммасидаги масъулиятни чуқур анг­лаши давр тақозосига айланди.

Очиғи, мавзуга қўл уришдан олдин анча пайт халқ депутатлари
Самарқанд вилоят Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутатлари фаолиятини кузатиб бордим. Партия гуруҳи ташаббуси билан назорат-таҳлил тартибида ўрганилаётган масалалар, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, депутатлик сўрови имкониятларидан фойдаланиш масалалари билан танишдим.

Депутатлар сайловчилардан тушадиган таклиф ва мулоҳазалар кўп ҳолларда электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви таъминотини янада яхшилаш масаласи билан боғлиқ экани ҳақида гапиришди. Мурожаатларни ўрганиш ва масалани ўз вақтида ечиш борасида тўпланган тажрибага тўхталишди.

Масалан, 23-Қорадарё сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати Марям Ниёзова саъй-ҳаракати билан Каттақўрғон туманининг саноат ҳудудида газ таъминоти яхшиланди. Натижада мазкур ҳудуддаги бир қанча корхоналарда ишлаб чиқариш ривожланди, янги иш ўринлари яратилди.

Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз аҳолининг ижтимоий ҳимояга эҳтиёж­манд қатлами манфаати билан боғлиқ турли масалаларни сессиялар кун тартибига олиб чиқмоқда. Бу нафақат партиямизнинг дастурий мақсадларини ҳаётга изчил татбиқ этиш, балки маҳаллий вакиллик ҳокимиятининг таъсирини кучайтириш, маҳаллий ижро ҳокимияти раҳбарларининг масъулиятини оширишга ҳам хизмат қиляпти.

Умуман олганда, бандлик Дас­тури ижроси, ёшларни иш билан таъминлаш, қишлоқларда ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш билан боғлиқ масалалар устидан депутатлик ва жамоатчилик назорати кучайтирилди.

— Халқ депутатлари вилоят Кенгашида партиямиздан сайланган 12 нафар депутат фаолият юритяпти, — дейди Ўзбекистон ХДП Самар­қанд вилоят кенгаши раиси
Камолбой Исабеков
. — Депутатларимиз орасида фидокорона меҳнати, ташкилотчилик ишлари, салоҳияти билан элга танилган оқсоқолларимизнинг борлиги катта ютуғимиздир. Улардан бири «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раҳбари Ҳасан Нормуродов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг Ёшлар сиёсати ва соғ­лом авлодни тарбия­лаш масалалари бўйича доимий комиссия аъзоси. Бу инсондаги тажриба, одамийлик, фаоллик бош­қаларга ҳар жиҳатдан ўрнак бўлади.

Вилоят партия кенгаши раисининг бу фикрларидан сўнг депутат Ҳасан Нормуродов билан учрашишга, унинг фаолиятини ўрганишга қарор қилдик.

Депутатни ўзи сайланган 22-Каттақўрғон сайлов округи сайловчилари билан учрашувга кетиш олдидан учратдик. Унга ҳамроҳ бўлиб, йўл-йўлакай суҳбатлашиб кетдик.

— Йил бошида бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг иккинчи сессиясида вилоят Кенгаши ва доимий комиссияларнинг 2015 йилга мўлжалланган иш режаси тасдиқланган эди, — дейди депутат. —  Мен депутат сифатида вилоят Кенгашининг иш режасига «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурининг 2015 йил ярим йиллиги ижроси ҳақидаги масалани ўрганишни таклиф қилдим ва у маъқулланди.  

Шу йилнинг 21 июль куни бўлиб ўтган халқ депутатлари вилоят Кенгашининг бешинчи сессиясида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни тартибга солиш масаласи кўриб чиқилди. Сессияда партиямиз гуруҳи аъзолари ҳам фаол иштирок этишди.

Аҳолининг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудудларда ишлаб чиқаришни кенгайтириш билан боғлиқ қатор масалаларда назорат-таҳлил ишларини олиб бориб, уларни партия гуруҳи йиғилишларида кенг муҳокама этиб боряпмиз. Ҳар бир депутатга ўз сайлов округи бўйича аниқ вазифалар белгиланган. Ҳар гал йиғилишларда мазкур вазифалар ижросига албатта тўхталиб ўтамиз. 

Мен сайланган округ ҳудудидаги Сув ҳовузи шаҳарчаси, «Омонбой», «Каттақўрғонча» ва «Каттакўр­па» қишлоқлари аҳолиси билан доимий мулоқотда бўламан, ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини мунтазам ўрганиб бораман. Туманда 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури асосида кенг кўламли ишлар олиб бориляпти. Жами 14,8 миллиард сўмлик 176 лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 748 янги иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган. Ҳозир режадаги иш ўринларининг тўлиқ ва вақтида очилиши устидан депутатлик назорати олиб боряпман.

Депутат иш услубининг эътиборли жиҳатларидан бири — сайловчилар билан жонли мулоқотга кириша олишидадир. Депутатнинг одамлар билан бўлган суҳбатида бунга яна бир бор гувоҳ бўлдим. У электорат вакилларининг мулоҳазаларини кўпроқ эшитишга ҳаракат қилди. Уларга амалга оширилаётган кенг кўламли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ободончилик ишлари  ҳақида маълумот берди. Жойларда аҳолини ўйлантираётган масалалар бўйича фикр-мулоҳазаларни тинглади.

— Эндиги энг асосий вазифа сайловчилар билдирган таклифлар асосида ҳудудларда учраётган камчиликларни бартараф этиш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ҳал қилиб беришдан иборат, — деди Ҳасан Нормуродов сайлов округидан қайтиш пайтида. — Биз халқ вакилимиз, демак, унинг хизматида бўлишимиз, хоҳиш-истакларини рўёбга чиқариш учун белни маҳкам боғлашимиз керак...

 

Абдурасул САТТОРОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.