Охирги сонда



Кўп ўқилган мақолалар



Долзарб мавзу



Мақолалар архиви

«    Dekabr 2018   
Du Se Cho Pa Ju Sha Ya
26 27 28 29 30 1 2
3 4 5 6 7 8 9
10 11 12 13 14 15 16
17 18 19 20 21 22 23
24 25 26 27 28 29 30
31 1 2 3 4 5 6
20.10.2015

ТАРҒИБОТ ИШЛАРИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ ЗАРУР

Сиёсий партия фаолиятини тар­ғиботсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Партия ғояси, дастурий вазифалари, депутатлари фаолияти ҳақида жамоат­чиликка тезкор ва таҳлилий ахборот бериш долзарб аҳамиятга эга. Соддароқ қилиб айтганда, тар­ғибот орқали сиёсий куч тўғрисида одамлар фикри шаклланади. Бу борада сиёсий партиянинг энг ишончли таянчи оммавий ахборот воситалари ҳисобланади.

Бугун, айниқса, партия матбуоти орқали депутатларнинг фаолияти ва ташаббусларини доимий равишда ёритиб бориш, партия етакчиларининг таҳлилий-танқидий руҳдаги материалларини кўпайтириш муҳим вазифа бўлиб турибди.

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши томонидан пойтахтимиздаги «Билим» ахборот-кутубхона марказида ўтказилган ўқув-семинарда асосан шу масала юзасидан фикр алмашилди. Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзолари, Тошкент шаҳар партия кенгаши фаол­лари иштирок этди. Семинарда партия дастурий мақсадлари тарғиботини янада кучайтириш, замонавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланиш масалалари атрофлича муҳокама этилди.

— Аҳолининг сиёсий партия ва депутатлар ҳақидаги тасаввури шаклланиши кўп жиҳатдан тарғиботга боғлиқ, — деди «Билим» ахборот-кутубхона маркази директори, ЎзХДП фао­ли Ҳафиза КАРИМОВА. — Шу боис ОАВда ёритилаётган материалларда жойлардаги ижтимоий масалаларга партия қандай муносабат билдираётгани, камчиликларни ҳал этиш борасида қандай ташаббуслар билан чиқаётгани аниқ кўрсатилиши лозим. Бунинг учун умумий мазмундаги тадбирлардан қочиш, тарғибот таъсирчанлигини кучайтириш ҳақида ўйлаш лозим.

Шунингдек, биз партиямиз нашрлари аҳоли ўртасида янада оммалашишига  эришишимиз зарур. Одамлар фаолиятимиз ҳақида тўлиқ хабар топса, хайрихоҳларимиз сафи шунча кўпаяди. Бу эса кўп жиҳатдан партия ташкилотлари етакчилари, депутатларимизнинг матбуотда фаол чиқиш қилишига бевосита боғлиқдир.

Бундан ташқари, тарғибот жараёнида замонавий ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, хусусан, реклама воситалари, тар­қатма материаллар, ролик ҳамда буклетлар сифатини ошириш талаб этилади. Ўзаро баҳс-мунозара асосида интерфаол тадбирларни кўпайтириш ҳам яхши самара беради, деб ўйлайман.

— Тўғри таъкидладингиз, — дея бу фикрни қўллаб-қувватлади Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Баҳромжон ОБИДЖОНОВ. — Партиямиз мафкурасини одамлар орасида тушунтириш учун тадбирларимизни замонавий усулларда олиб боришимиз, оммавий ахборот воситаларидаги чиқишларнинг таъсирчанлиги ва долзарблигини оширишимиз керак. Бунинг учун мафкуравий ишларни янада жонлантириш, жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш зарур.

Бу борадаги хорижий тажрибани ҳам ўрганиб, самарали усул ва услубларни ўзлаштириб, фаолиятимизга татбиқ қилишимиз керак.

Биз бир нарсани унутмаслигимиз керак. Бугун фуқаролар оммавий ахборот воситаларига фақат ахборот олиш манбаи сифатида эмас, балки ўз манфаатларини ҳимоя қилувчи восита нуқтаи назаридан муносабат билдиришмоқда. Умуман олганда, кишиларда ўз шахсий фикри ва муносабатини эркин ифода этиш истаги кучайиб бор­япти. Демак, мана шундай муҳим паллада партиямизнинг нуфузини оширишга ҳаракат қилишимиз керак. Фаолларимиз ва депутатлар партиямиз матбуоти  — «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари орқали мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим воқеа-ҳодисалар юзасидан фаол муносабат билдириши зарур, деб ўйлайман.

Бугун мамлакатимизда ОАВ сони 1400 га етди, кўплаб веб-сайтлар фаолият юритмоқда. Тарғибот ишларини кучайтиришда уларнинг имкониятларидан унумли фойдаланиш яхши самара беради.

— Ҳар бир партия аъзосини мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан ўз вақтида хабардор этиш долзарб масаладир, — деди ЎзХДП Марказий Кенгаши бўлим мудири Алишер РАВШАНОВ. —  Шу маънода, биз аъзолар билан ишлаш, уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимини оширишга жиддий эътибор беришимиз керак. Бунинг учун уларнинг кўнглидаги гапларни тинглаш, партия ва депутатлар фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликда тўлиқ тасаввур уйғотиш зарур.

Бир нарсани тан олиш керак, кейинги пайтларда партиямиз нашрларида депутатлар ва етакчиларнинг таҳлилий мақолалари нисбатан кўпайди. Аммо депутатлар ва партия етакчиларининг ҳаммаси ҳам партиямиз нашрлари имкониятидан самарали фойдаланмаяпти. Бунинг асосий сабабларидан бири ўз ишимиз ва ташаббусларимиз мазмун-моҳиятини тарғибот қилишнинг аҳамиятига етарли эътибор беролмаётганимизда, деб биламан. Бу масалага маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз алоҳида аҳамият қаратиши мақсадга мувофиқдир.

Менимча, оммавий ахборот воситалари, хусусан, партия нашрлари депутатлар ва сайловчиларнинг доимий минбарига айланмоғи керак. Ҳар бир ўқувчи газетадан фойдали маълумот олишни истайди. Бунинг учун ОАВ билан доимий ва тезкор алоқани ушлаб туриш, партия ҳаётидаги муҳим воқеаларни тезкорлик билан ёритиш талаб этиляпти.

Семинарда, шунингдек, «Ўзбекистон овози» ва «Голос Узбекистана» газеталари Бош муҳаррири Сафар Остонов, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси Нигора Эшметова мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб ўтишди.

Семинарда билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, тарғибот ишларини янада жонлантириш, мавжуд имкониятлардан кенг фойдаланиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб олинди.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.