20.10.2015

ОНА ТИЛИ МИЛЛАТНИНГ РУҲИДИР

Президентимиз Ислом Каримов «Юксак маъна­вият – енгилмас куч» номли асарида таъкидлаганидек, «Ўзликни англаш, миллий онг ва тафаккурнинг ифодаси, авлодлар ўртасидаги руҳий-маънавий боғлиқлик тил орқали намоён бўлади. Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир».

Кишининг савияси, иқтидори, билими, одоби, ахлоқи, борингки, маънавий қиёфаси унинг нутқида намоён бўлади. Инсоннинг маънавий-маърифий камолотида тил муҳим аҳамиятга эгадир.

Ер юзида яшовчи халқлар, элатлар, қабилалар ҳар хил тилда сўзлашадилар. Дунёнинг лисоний харитасига назар ташланса, тиллар ва шеваларнинг ниҳоят даражада кўплиги ва уларнинг хилма-хиллиги кўринади. Тилшуносликка оид адабиётларда жаҳон тилларининг умумий сони 2500 дан 5000 гача ва ундан ортиқ деб кўрсатилади. Сўнг­ги маълумотларга кўра, дунёдаги тиллар 7000 атрофида. Буни асослайдиган бир далилга эътиборингизни қа­ратмоқчимиз. 2010 йилда «National Geоg­raphik» жамияти томонидан ташкил этилган экспедиция томонидан Ҳиндистондаги коро тили дунёдаги 6909-тил эканлиги аниқланди. Ана шу тиллар ижтимоий мавқеига кўра, расмий тил ва давлат тилларига ажратилади. Давлат тили мақоми расмий тилдан юқорироқ мавқега эга. Манбаларда изоҳланишича, «Давлат тили маълум давлатнинг сиёсий-ижтимоий ва маданий доирасида интегра­цион функцияни бажарувчи ва шу давлатнинг рамзий белгиси ҳисобланувчи тилдир».

Давлат тили маълум давлатнинг сиёсий-ижтимоий ва маданий доирасида фаол қўлланувчи, шу давлатнинг рамзий белгиларидан бири ҳисобланувчи тилдир. Давлат тили тегишли давлатдаги умумий расмий тил ҳисобланади.

Мустақилликка эришганимиздан сўнг халқимиз маънавий ҳаётидаги бошқа кўплаб масалалар қатори тил масаласи ҳам кун тартибидаги долзарб вазифага айланди. Айниқса, она тилимизнинг ­халқаро майдондаги обрў-эътибори ва нуфузини юксалтириш, мамлакатимизнинг жаҳон коммуникация тизимига интеграциялашувини таъминлаш, фарзандларимиз учун чет тиллар, ахборот технологияларини ҳар томонлама пухта эгаллаш борасида қулай имкониятлар яратиш каби бир-биридан муҳим вазифалар бу масалани кечиктирмасдан ҳал қилишни талаб этар эди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан аниқ белгиланиб, мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили мустақил давлатимизнинг байроғи, герби, мадҳияси, Конституцияси каби қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас тимсолларидан бирига айланди.

Тилнинг тараққиёти, ривожи ва равнақи унинг соҳиби бўлган халқнинг ва у қўлланадиган мамлакатнинг тараққиётидан далолат беради.

Ўтган салкам чорак аср ўзбек тили тарихий такомилида янги бир давр — юксалиш ва тараққиёт даври бўлди. Ўзбек тилининг қадри тикланди, ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётда мавқеи юксалди ва қўлланиш доираси кенгайди. Унинг илмий-назарий тадқиқи борасида салмоқли изланишлар амалга оширилди.

Мустақиллик йилларида мамлакатимизда юз берган ислоҳотлар, бошқа халқлар ва давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, илмий ва маданий алоқалар натижасида ўзбек тили луғат таркиби глобаллашув, брифинг, геосиёсат, саммит, парламент, спикер, консалтинг, инвестор каби юзлаб хорижий ўзлашма сўзлар билан бойиди.

Ўзбек тили Америка, Германия ва Швецариядаги бир неча университетларда, Туркия, Ҳиндистон ҳамда Афғонистонда алоҳида ўрганилмоқда. Сўнгги йилларда ­Пекиндаги Миллий университетда, Жанубий Кореянинг ­Пусан университетида, Киев Миллий университетида махсус ўзбек тили йўналишлари очилган. Бу таълим муассасалари Ўзбекистон Миллий университети ўзбек филологияси факультети билан ҳамкорлик қилмоқда.

Ўзбек халқининг буюклиги, қудрати, тарихи ва орзу-интилишлари, буюк мақсадлари, келажаги ўзбек тилида Давлат мадҳияси орқали бутун дунёга таралмоқда. Кураш, ҳалол, ёнбош, каби ўзбек тилидаги спорт терминлари бир қатор хорижий тилларга ўзлашди ва фаол қўлланмоқда. Булар, албатта, ҳар бир ўзбекка ғурур бағишлайди. Чиндан-да, ўзбек тили — она тилимиз, фахру ифтихоримиздир.

Хитой алломаси Конфуцийдан «Агар сизга ваколат берилса, нимани кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифа, деб ҳисоблаган бўлардингиз?» — дея сўрашганида, у: «Тилни тартибга келтириш энг зарурий вазифадир», — деб жавоб берган экан.

Она тилига бўлган муносабат ҳам ватанпарварликдир. Унинг гўзаллигини, соф­лигини асраш эса юксак инсоний бурч ҳисобланади.

 

Носиржон УЛУҒОВ,

филология фанлари доктори, Наманган давлат университети.



DB query error.
Please try later.