15.10.2015

ЮЗМА-ЮЗ МУЛОҚОТЛАРДА

ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилмоқда

Фарғона вилоятининг қайси шаҳар ва туманида бўлманг, улкан бунёдкорлик ишлари, кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар амалга оширилаётганига гувоҳ бўласиз. Мазкур жараёнда Ўзбекистон ХДП маҳаллий кенгашлари, депутатлари фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Айниқса, янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш, уйда ўтирган аёлларни касаначилик йўли билан фаол ҳаётга жалб этиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож, жисмоний имконияти чекланганларга ёрдам кўрсатиш борасидаги ишлар ҳар доим эътиборда.

ЎзХДП вилоят кенгаши партия фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ҳудудларда аҳоли вакиллари билан мунтазам учрашувлар ташкил этяпти. Аҳоли, хусусан, электорат вакиллари, ёшлар билан бўлаётган мазкур мулоқотларда ижтимоий масалалар, уларни ҳал қилиш чоралари бўйича қизғин суҳбатлар ўтмоқда. Бу гал ана шундай учрашув Сўх туманида бўлди.

Сўх очиқкўнгил, меҳмондўст ва меҳнатсевар одамлари билан Фарғона вилоятида алоҳида ажралиб туради. Салкам етмиш минг аҳолиси бўлган бу туманни чор тарафдан тоғлар қуршаб олган. Сўх дарёси унинг ҳудудидан оқиб ўтади.

Мустақиллик йилларида сўхликлар ҳаётида ҳам улкан ўзгаришлар рўй берди. Бу ерда ўнлаб саноат корхоналари барпо қилинди. Замонавий технологиялар келтирилиб, турли ишлаб чиқариш тармоқлари ташкил этилди. Ҳозир бу ерда ичимлик суви қадоқлашдан кийим-кечак тикишгача, мебелсозликдан нон маҳсулотларигача ишлаб чиқарилади.

Ўзбекистон ХДП Сўх туман кенгашига 1187 нафар аъзо бирлашган. Улар дастурий вазифалар ижросида фаоллик кўрсатиб келяпти.

— Партиямиз дастурида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли вакилларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган, — дейди ЎзХДП туман кенгаши раиси Фарҳод Мастонов. — Дастурда янги иш ўринлари яратиш, айниқса, хотин-қизлар ва коллеж битирувчилари бандлигини таъминлаш бўйича ҳам таклифлар берилган. Улар мамлакатимизда банд­лик билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал этишга хизмат қилади, деб ўйлайман.

 

ИШ ЎРНИ ЯРАТИШДА ПАРТИЯ ТАШАББУСИ

 

Шу ўринда тумандаги ислоҳотлар, Ўзбекистон ХДП депутатларининг ташаббуслари ҳақида тўхталиб ўтиш жоиз. Жорий йилнинг 9 ойида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурига асосан қиймати 3,9 миллиард сўмга тенг бўлган 101 лойиҳа амалга оширилди. Натижада 461 янги иш ўрни очилди. 62 савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объекти ишга туширилиб, 173 иш ўрни ташкил этилди. Шунингдек, 19 лойиҳа бўйича корхоналарнинг саноат салоҳияти оширилди ва яна 225 янги иш ўрни яратилди. Бундай ижобий натижалар билан бирга, туманда ҳали тўлиқ фойдаланилмаган имкониятлар ҳам бор эди...

Шу боис халқ депутатлари Сўх туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи «2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастурининг 9 ойлик ижроси ҳамда касб-ҳунар коллежи битирувчиларини эгаллаган мутахассисликлари бўйича ишга жойлаштириш» масаласини атрофлича ўрганиб, Ижтимоий-маданий ривожланиш масалалари доимий комиссия­си муҳокамасига киритди. Кун тартиби бўйича туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш маркази директори ­Равшан Жонузоқовнинг ахбороти тингланди.

— Маълумотларга қараганда, жорий йилнинг ўтган 9 ойида бандлик Дастурида белгиланганидек, 2686 кишининг бандлиги таъминланди. Бунда ҳудуднинг саноат салоҳиятини янада ошириш, сервис соҳаси, оилавий ва якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига эътибор берилаётгани муҳим аҳамият касб этмоқда.

Шунингдек, тумандаги 36 корхонада 144 касаначилик иш ўрни яратилган. Уларнинг 63 тасига аёллар жалб этилган. Касаначиликни ривожлантириш ҳисобига яратилган иш ўринлари асосан тикувчилик, тўқувчилик, дурадгорлик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга тўғри келмоқда. Бандликни таъминлаш самарадорлигини ошириш мақсадида туманда 5 марта бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилган. Натижада ишга жойлашиш учун йўлланма берилганларнинг ҳозиргача 113 нафари иш билан таъминланган.

Доимий комиссия йиғилишида Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзолари йўл қўйилган камчиликларни ҳам очиқ ва ошкора муҳокама этишди.

— Туман бўйича бандлик дастуридаги кўрсаткичлар бажарилган бўлсада, аммо туман ҳокимлиги қошидаги бу масалага асосий масъул ҳисобланган ишчи комиссия ишни етарли даражада ташкил этмаяпти. Ўтган 8 ой давомида дастурда кўзда тутилган 8 лойиҳада белгиланган 54 иш ўрни ташкил этилмасдан қолди, — дейди халқ депутатлари Сўх туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи раҳбари ­Назиржон Қосимов. — Мисол учун, қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳалар амалга ошмагани учун 29 иш ўрни яратилмай қолди. Хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантиришга қаратилган 5 лойиҳа вақтида рўёбга чиқмади.

Доимий комиссия йиғилишида сўз олган ЎзХДП гуруҳи аъзолари Валижон Ўлмасов, Мирза Мирзамахматов, Тоиржон Нуров туманда бу йил касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг 764 нафари билан уч томонлама шартнома имзоланганига қарамай, турли сабаблар билан битирувчиларнинг маълум бир фоизи ҳозирга қадар ишга жойлашмаганига эътибор қаратишди. Бу борада ҳамкорлик ва депутатлик назоратини кучайтириш бўйича аниқ таклифлар берилди.

Уч томонлама шартнома вақтида ижро этилиши учун партиямиз аъзоларини битирувчиларга бириктириш таклифи маъқулланди.

Доимий комиссия йиғилишида депутатлар билдирган таклифлар асосида қарор қабул қилинди.

 

СИЗГА ИШОНИБ, ЁРДАМ СЎРАБ КЕЛДИМ...

 

— Бундан ўн кун аввал туманимиз аҳолисига Ўзбекистон ХДП вилоят кенгашининг кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил қилиниши ҳақида хабар бергандик, — дейди Фарҳод ­Мастонов. — Белгиланган кун, манзил ва соатда юзга яқин одам йиғилди. ЎзХДП Фар­ғона вилоят кенгаши раиси Маҳмуджон Маҳкамов бошчилигидаги партия гуруҳи аъзолари турли идора ва корхона раҳбарлари, банк ходимлари иштирокида фуқароларни қабул қилишди.

Девайрон, Қалъа, Ровон, Ленбур маҳаллалари аҳолиси кредит олиш, эски сув қувурларини алмаштириш, ҳудудда телекоммуникация, алоқа сифатини яхшилаш каби масалаларда мурожаат қилишди.

— Биз ЎзХДПга ишонамиз, — дейди Ровон маҳалласида яшовчи Дилнозахон Болтабоева. — Илгари ҳам йўлларни таъмирлаш масаласини қўйгандик. Ўшанда тез кунда вилоятдан вакиллар, мутахассислар келиб, аҳволни ўрганишди, тегишли режага киритишди.

— Мана, бугунга келиб ўша кўчалар таъмирдан чиқарилди. Мен партия кўчма Жамоатчилик қабулхонасига уй шароитида иссиқхона ташкил этиш учун ҳуқуқий ёрдам ва банкдан 5 миллион сўм кредит олишда кўмак сўраб келдим.

— Дилнозахоннинг мурожаати тез фурсатда ҳал этилди, «Микрокредитбанк» вилоят филиали иссиқхона қурилиши учун имтиёзли кредит ажратадиган бўлди, — дейди ЎзХДП вилоят кенгаши раиси Маҳмуджон Маҳкамов. — Биз вилоятдаги уй иссиқхоналари тажрибаси ҳақида маълумотларни умумлаштириб, мурожаат этувчига топширдик. Партиямиз фаоллари бошқа ташкилий ишларда  ҳам ёрдам берадиган бўлди.

Шу куни кўчма Жамоатчилик қабулхонасига тушган мурожаатлар юзасидан халқ депутатлари Фар­ғона вилоят ва Сўх туман Кенгашларидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳлари тегишли идора ва ташкилот раҳбарлари номига 18 депутатлик сўрови юборишди.

Шунингдек, Сўх учрашувлари доирасида депутатлар ва партия фаоллари тумандаги ишлаб чиқариш корхоналари, ўқув юртлари, маҳаллалар ва марказий бозор фаолияти билан яқиндан танишишди. Одамлар билан юзма-юз мулоқотлар, фикр алмашувлар бўлиб ўтди. Партия дастурий мақсадлари ҳақида сўз юритилди. Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, уларни аъзоликка тайёрлаш ишлари амалга оширилди.

— Бундай кенг кўламли учрашувларни биринчи бор ташкил этаётганимиз йўқ, — дейди вилоят партия кенгаши раиси. — Илгари Учкўприк, Ўзбекистон, Қўштепа туманларида ҳам аҳоли ва электоратимиз вакиллари билан мулоқотлар, турли тадбирлар уюштирганмиз. Мазкур йўналишдаги ишларни бундан буён ҳам давом эттириш ниятидамиз.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.