15.10.2015

ИРОДАДАН ЯРАЛГАН ИНСОН

Ёки футбол бўйича Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаси аъзоси, беш карра жаҳон чемпиони Абдужамил Шукуровнинг кечинмалари ва ғалабалари ҳақида

Унинг сўзларига, қалбига қулоқ тутар эканмиз, улуғларимизнинг ҳикмати ёдга тушади: «Инсонларни китоб каби англанг, муқовасига қараб алданманг, ичини ўқиб чиққачгина моҳиятини биларсиз...»

Бўлажак футболчи 1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилди. Жуда чаққон ва ҳаракатчан бўлиб ўсди. Тенгдошлари қувлашмачоқ пайтида унга ета олмас, футболда ундан тўп олиш қийин эди. Ўша кезлар тўрт мучаси соғ бу болага кўпчилик ҳавас қилгани рост. У ўзини сира аямас, ҳар қандай шароитда ҳам футболни биринчи ўринга қўярди. Абдужамил футболсиз бир кун ҳам яшай олмаслигини болалигидаёқ англаб етди. Саккиз ёшидан шаҳардаги 2-сон болалар ва ўсмирлар спорт мактабида таҳсил ола бошлади. Унга Валиали Шамсимуҳаммедов, Рашид Айтеков мураббийлик қилди. Кўпчилик унинг келажагини катта футбол билан боғлар, ҳатто болакайни дунёнинг энг кучли футболчилари номи билан чақира бошлашганди.

Вақт ўтган сари Абдужамилнинг кучига куч, маҳоратига маҳорат, орзусига орзу қўшилиб борди. Аммо бўлажак футболчини олдинда оғир синовлар кутаётган эди...

ЖАРОҲАТ

Ўша куни стадионда ҳар галгидан ҳам кўпроқ томошабин тўпланади. 16 ёшли ўспирин жон-жаҳди билан ўйнайди. Кутилмаганда
Абдужамил оёғидан жароҳат олади. Аммо бунга сира эътибор бермай, ўйинни давом эттираверади. У ўспиринларга хос қайсарлик ва андиша билан жароҳатини ҳеч кимга айтмади, баъзан оқсаб, баъзан алам устида кейинги ўйинларга ҳам тушаверди, тушаверди... Тиниб-тинчимас ўспирин ҳар доим майдонда бўлишни истарди.

Бир вақтлар ўзини қушдай енгил сезувчи Абдужамил энди ҳар қачонгидан ҳам кучли оғриқ билан майдонга тушар, борган сари ҳаракатлари сустлашиб, қадам босиши қийинлашарди. Бир кун келиб, оғриқлар авжига етди ва у бир қадам ҳам боса олмай қолди. Зудлик билан етиб келган шифокор Абдужамилни шифохонага олиб кетди. Рентген натижалари ҳатто  шифокорларни ҳам саросимага солиб қўйди.

— Бу қандай бола экан-а, оёғидаги охирги томири узилгунича тўп тепибди, — деди ҳайратланиб шифокор. — Ҳар ўйнаганида камида биттадан томири узилган. Эссиз...

Хуллас, тиббиёт ходимлари бўлажак спортчи учун охирги чорани қўллашга мажбур бўлди. Оёқни кесмаса бўлмасди.

Қанчалик қаршилик кўрсатмасин, ўсмир йигитнинг ҳаётини сақлаб қолиш керак. Тўшакда беҳуш ётган Абдужамил ўзининг келажаги шу оёғига боғлиқ эканини ҳис қилар, уни йўқотиш ҳаётни бой беришдек даҳшатли туюларди.

ИЗТИРОБ

Оёғидан маҳрум бўлган кезлари келажаги мавҳум бўлиб қолаёзган футболчи эндигина Тошкент авиация техника университетининг 1-курс талабаси эди. Шундан сўнг унинг ҳаёти бутунлай ўзгарди. Футболдан кўнгли қолди. Уйга қамалиб олиб, кўчага ҳам чиқмай қўйди.

— Оёғимдан ажралганимдан кейин ҳаёт мен учун тугаган эди. На орзу-умид, на мақсадим бор, — деб эслайди у. — Энди фақат берилган умрни яшаб ўтишдан бош­қа чорам қолмаганди. Футболга кўзим тушса, эзилиб йиғлардим. Ҳатто телевизор ҳам кўрмай қўйдим. Футболни эслатадиган ҳамма нарсани кўздан узоқлаштирдим.

Бир куни дўстларим мени қўярда-қўймай стадионга олиб кетишди. Ўшанда ногиронлар ўртасидаги ўйинни томоша қилганмиз. Ўйиндан сўнг стадионда тўп билан ёлғиз қолдим. Қўлтиқтаёқда озгина машқ қилдим. Оёғим тўпни шу қадар соғинган эдики, тасаввур ҳам қила олмайсиз. Ўрганган кўнгил ўша куни ўртанди. Ҳаракатларимни бир чеккада кузатиб турган мураббий футбол машғулотларига таклиф қилди. Ногиронлар жамоасида ўйнаш аллақачон сўниб бўлган орзуларимни алангалатиб юборди...

ФУТБОЛЧИНИНГ ИККИНЧИ УМРИ

Шу-шу, Абдужамил учун футболнинг иккинчи фасли, айтиш мумкинки, ўзининг иккинчи умри бошланди. У маш­ғулот­ларда ўзини кўрсатди ва расман жамоа сафига қабул қилинди. Ўшанда 90-йилларнинг боши эди. Абдужамил кўп ўтмай жамоаси билан АҚШ­да бў­либ ўтадиган жаҳон чемпионатига йўл олди. Эндигина 18 ёшга тўлган футболчи спортга қайтганидан мамнун эди. Энди у футболга яна аввалгидай меҳр қўйди. Икки оёқда амалга ошириладиган машқларни бир оёқда бажаришни ўргана бошлади. Ўшанда биринчи марта мардонавор ўйин кўр­сатди, жамоаси чемпион бўлди.

1991 йилда мамлакатимиз Мус­тақилликка эришди. Истиқлол бош­қа соҳалар қаторида футболга ҳам кенг имкониятлар эшигини очди. Буни қарангки, ўша йилнинг ўзидаёқ Тошкентда биринчи марта футбол бўйича ногиронлар ўртасида жаҳон чемпионати ўтказилди ва Ўзбекистон ногиронлар миллий терма жамоаси унда чемпион бўлди.

Абдужамил Шукуров беш марта — 1990, 1991, 2007, 2010, 2012 йилларда жаҳон чемпионлигига эришди. Футболчининг шундай ғалабалари борки, уларга баъзан ишониш қийиндек туюлади. Эътибор беринг, 8-жаҳон чемпионатида 8-рақам остида майдонга тушган, 8 ўйинда 8 тўп киритган, 8 бор ғалаба қозонган футболчи дунё­нинг ҳеч бир ерида топилмаса керак.

Футбол бўйича ногирон-ампутантлар ўртасида ўтказилган 2007 йилги жаҳон биринчилигида терма жамоамиз ғалабасига муносиб ҳисса қўшгани, жасорат ва матонат намунасини кўрсатгани, хал­қ­аро мусобақаларда юртимиз шаънини муносиб ҳимоя қилгани учун Абдужамил Шукуров Президентимизнинг «Футбол бўйича Ўзбекистон ногиронлар терма жамоаси аъзоларининг бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Фармонига биноан, «Ўзбекистон ифтихори» фахрий унвони билан тақдирланди.

2010 йил Аргентинада бўлиб ўтган жаҳон чемпио­натида ҳам футболчиларимиз ғалаба қозонишди. Финалда терма жамоамиз майдон эгаларини мағлубиятга учратди. 2012 йилда Россияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳам жамоа зафар қучди.

— 20 ёшимда уйландим, — ҳикоя қилади у. — Иккита ўғлим, битта қизим бор. Ўғилларимдан бири 16, иккинчиси 17 ёшга тўлди. Ҳар бирининг ўз ўрганаётган соҳаси бўлишига қарамай, футбол билан яшайди.

ИҚРОР

— Аслида ғалабага эришиш учун инсонга мустаҳкам ирода керак, — дейди у. — Ғалаба учун эса касбингни, ишингни севишинг, унга фидо бўлишинг керак. Ўзбекистон ногиронлар миллий терма жамоасида шундай ўйинчилар йиғилган. Айрим футболчилар машғулот ўтказиш учун узоқ туманлардан ҳам етиб келишади. Биз шу вақтгача фақат Ўзбекистоннинг шаъни учун курашдик ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади.

Ишонасизми, кўпгина ривожланган мамлакатларда бир эмас, иккита ампутантлар лигаси бор. Бизда эса шу кунгача фақат битта жамоа бўлган. Шу жамоа билан дунё­га чиқдик, рақибларимизни қайта-қайта мағлубиятга учратавердик. Нега шундайлиги ҳақида кўп ўйлайман, ўзимча хулосалар қиламан: ҳар доим ота-онам, фарзандларим, дўстларим, Ватаним учун ўйнаганман. Агар шундай бўлмаганида, бирор марта ҳам ғалабага эриша олмасдик...

Абдужамил Шукуровнинг сўзларини тинглар экансиз, умидсизликни енгиш, олға юриш учун куч топа олиш ҳаётдаги энг муҳим ғалаба эканини англагандек бўласиз.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.