15.10.2015

СУҒУРТА СОҲАСИДА

аҳолига янги қулайликлар яратилмоқда

«Кафолат» суғурта компания­си томонидан ўтказилган матбуот анжуманида шу ҳақда сўз юритилди.

— Молия-хўжалик фаолиятининг очиқлиги ва ишончлилигини таъминлаш мақсадида компанияда молиявий ҳисоб-китоб ва ҳисоботлар, ходимларни бошқариш, ишлаб чиқариш-техник фаолиятни компьютерлаштириш бўйича интеграциялаштирилган комплекс ахборот тизими жорий қилинган, — дейди «Кафолат» суғурта компанияси бош­қаруви раисининг ўринбосари Валентина Грибанова. — Шунингдек, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада ошириш мақсадида мижозларнинг муай­ян суғурта маҳсулоти ёхуд хизматлар бўйича маълумотлар олиш имкониятлари кенгайтирилмоқда. Қолаверса, «Транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни ижросини таъминлаш мақсадида транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш бўйича автоматлаштирилган маълумотлар тизими яратилди. Мазкур тизим замонавий Интернет технологиялари асосида ишлаб чиқилган бўлиб, барча зарурий ҳужжатларни шакллантириш ва чоп этиш жараёнларини тезлаштириш, керакли маълумотлар билан таъминлаш ҳамда уларни компаниянинг ягона маълумотлар базасида сақлаш имкониятини яратди.

Бундан ташқари, компания томонидан транспорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш  бўйича суғурта полисига эга бўлган мижозлар учун «sms-хабар» хизмати жорий этилган. Ушбу хизмат тран­спорт воситалари эгаларининг фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилган ва рўйхатдан ўтганларга суғурта ҳақида автоматик хабар юборади. Бу билан компания ушбу турдаги суғурта хизмати бўйича полисни янги муддатга расмийлаштиришни унутган мижозларнинг жарима тўлаш каби ноқулайликларга дуч келмаслигини назарда тутган.

Тадбирда журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

 

Тоштемир ХУДОЙҚУЛОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.