15.10.2015

ЎЗБЕК ПАХТАСИНИНГ ЖАҲОН БОЗОРИДАГИ ЭЪТИРОФИ

Пойтахтимизда 15-16 октябрь кунлари Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик XI халқаро ярмаркаси бўлиб ўтади.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур ярмарканинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари пахтачилик ва енгил саноат компаниялари бу ярмаркада фаол иштирок этмоқда. Мамлакатимизда пахтани қайта ишлаш саноатини ривожлантириш, соҳага жаҳон андозаларига мос янги технологияларни жорий этиш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. «Ўзпахтасаноат» уюшмаси тизимидаги корхоналар фаолияти бунга ёрқин мисол бўла олади. Деҳқонлар пешона тери эвазига етиштирилган ҳосил қайта ишланиб, уюшма тасарруфидаги 98 та пахта тозалаш корхоналарида толага айлантирилмоқда.

— Бугунги кунда «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» белгиси туширилган пахта толаси дунёнинг кўплаб мамлакатларида муносиб ўрин эгаллаётир, — дейди «Ўзпахтасаноат» уюшмасининг Инвестиция бўлими бошлиғи Ринат ­Гуляев. — Бугун ўзбек пахтасининг шуҳратини янада баланд кўтариш учун барча имкониятларни ишга солишимиз зарур. Уюшмамиз тизимидаги пахта тозалаш корхоналарида ҳар йили 3,4 миллион тоннадан зиёд пахта хомашёси қайта ишланиб, 1 миллион тонна пахта толаси, 1,6 миллион тонна уруғлик чигит, момиқ ва бошқа турдаги маҳсулотлар тайёрланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 30 июлдаги «XI Халқаро ўзбек пахта ярмаркасини ўтказишни ташкиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармойишига асосан, бўладиган мазкур ярмаркада иштирок этиш учун Тошкентга дунёнинг кўплаб давлатларидан пахта ва тўқимачилик саноати вакиллари, трейдерлар ташриф буюради. Улар иқтисодиётнинг ушбу муҳим тармоғини ривожлантириш, жаҳон бозорларидаги нархлар барқарорлиги, халқаро ҳамкорлик йўналишлари ҳамда истиқболларини муҳокама қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистонда пахта ва тўқимачилик мажмуини изчил ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишилади, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларни хорижга етказиб бериш бўйича шарт­номалар тузилади. Айни дамларда ушбу тадбирни ҳар жиҳатдан самарали ўтказиш ва соҳада сўнгги йилларда амалга оширилаётган янгиликлар билан иштирокчиларни таништириш мақсадида пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Ярмарка иштирокчиларини Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги «Ўзбекис­тон пахта тозалаш» акциядорлик жамиятида кутиб олиш режалаштирилмоқда. Хорижлик меҳмонлар бу ерда пахтани қайта ишлаш жараёнига татбиқ этилаётган замонавий янги технологиялар билан яқиндан таништирилиб, соҳа мутахассислари билан бевосита фикр алмашишади. Бундан ташқари, «Ўзэкспомарказ» халқаро комплекси томонидан ажратиладиган майдонда соҳа корхоналарининг ишлаш жараёнини тўлиқ намойиш этувчи кўргазмалар, пахтани қайта ишлаш корхоналари маҳсулотларидан намуналар ҳам ўрин олади.

— Ўзбекистон бугун жаҳон пахта бозоридаги етакчи мамлакатлардан биридир, — дейди «Ўзбекенгил­саноат» акциядорлик компаниясининг Агентлик раҳбари Даврон Акбаров. — Ўзбек пахта толасига бўлган талаб жаҳон бозорида йил сайин ортиб бораётир. Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасининг хорижлик иштирокчилари сафи ҳам йил сайин кўпаймоқда. Биргина мисол. Агар 2005 йилда ўтказилган ярмаркада 30 мамлакатдан 170 га яқин трейдерлик ва тўқимачилик компаниялари вакиллари қатнашган бўлса, бу йилги ярмаркада дунёнинг 40 давлатидан пахта ва тўқимачилик соҳаси компанияларининг мингдан зиёд вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Бу  Ўзбекистон пахтаси ва тўқимачилик маҳсулотларининг экспорт кўлами тобора кенгайиб, соҳа корхоналарининг жадал ривожланаётганлигидан далолат беради.

— Экспортдан келадиган даромад мамлакатимиз равнақи, қолаверса, пахтачилик соҳасининг ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилади, — дейди «Тошкентпахтасаноат» ҳудудий акциядорлик бирлашмасининг тайёр маҳсулотларни сотишни ташкил этиш ва логистика бўлими бошлиғи Тўхтамирза Қорабоев. — Толанинг асосий қисми хорижга экспорт қилиниши ҳам ана шундан. Бундан кўринадики, жаҳон бозорида ўз ўрнимизда собит қолишимиз учун энг аввало, тола сифати юқо­ри бўлган навлар масаласига алоҳида эътибор бермоғимиз лозим. Айни дамларда тармоқдаги айрим муаммоларни тезроқ бартараф этиш чоралари кўрилаётгани яхши самара бермоқда. Кечпишар, касалликка чидамсиз, тола сифати жаҳон андозаларига жавоб бермайдиган навлар сони йил сайин камайтириб борилмоқда. Вилоятимиздаги кўплаб деҳқон-фермер хўжаликларида IV-V типга мансуб, толаси жаҳон бозорида харидоргир «С-6524», «Наманган-77», «Келажак», «Султон», «Порлоқ-1», «Порлоқ-4» сингари навларни кўпроқ экишга эътибор бердик. Сабаби, бу навлар хом­ашёсидан тола чиқиш даражаси ўртача 34-35 фоизни ташкил этмоқда. Қолаверса, улар вилоятимиз тупроқ, иқлим шароитига мос. Дарҳақиқат, бирлашмамиз жамоаси ўтган йилни яхши кўрсаткичлар билан якунлади. Чунончи, тайёр маҳсулотларни шартномалар асосида истеъмолчиларга етказиб бериш ва сифатли тола ишлаб чиқариш суръати бирмунча ошди. Вилоятимиз далаларида ўтган йили етиштирилган 239 минг тоннадан зиёд пахта хомашёси тизимимиздаги 8 пахта тозалаш корхонасида қайта ишланиб, 59 минг 131 тоннадан зиёд тола олинди. Бу маҳсулот «Тошкент-тола» минтақавий пахта терминали омбори орқали Хитой, Эрон, Туркия, Грузия сингари мамлакатларга экспорт қилинди.

— Биласизми, экспортга чиқариш учун ўлчами, сифати, нави, ранги бир хил бўлган муайян миқдордаги тола талаб қилинади, — тушунтиради Оққўрғон туманидаги «Алимкент» пахта тозалаш корхонаси раҳбари Ҳусан Тошпўлатов. — Биз ана шу мақсадда замон талабларидан келиб чиқиб, корхонамиз ишини тобора такомиллаштиришни мақсад қилдик ва бу йўлда изланишлар олиб боряпмиз. Корхонамизда жорий йилдаги пахта ҳосилидан жаҳон бозорида харидоргир бўлган IV типга мансуб тола олинмоқда. Тола чиқими эса 34-35 фоизни ташкил қилаётир.

Ўтган йили корхонамизда туманимиз пахта далаларида етиштирилган ҳосил қайта ишланиб, 5 минг 684 тонна миқдорида сифатли тола олинди. Тайёр маҳсулот минтақавий терминал омборлари орқали хорижга экспорт қилинди.

«Ўзбекистон пахта тозалаш» акциядорлик жамиятининг бош биноси ва пахта тозалаш цехлари реконструкция қилинди. Меҳнат унумдорлиги паст асбоб-ускуналар ўрнига, Хитойнинг пахтачилик саноатида етакчи ҳисобланган замонавий ускуналари ўрнатилди.

— Бунинг натижасида пахта хомашёсини толага айлантириш жараёнлари соддалашди, — дейди корхона раҳбари Рустам Аббосов. — Қўл меҳнати, электр энергия сарф-харажатлари икки-уч бараварга камайди. Тизим автоматлашган. Пахта хомашёсини тозалашдан тортиб, то та­йёр маҳсулотга айлантиргунга қадар бўлган жараёнлар компьютерлар ёрдамида бош­қарилаётир. Ана шундай қулайликлар эвазига пахта толаси олиш ҳажми ошди. Бу — бир неча тонна юқори сифатли тола, миллион-миллион сўмлик қўшимча даромад деганидир.

Яна бир янгилик. Илгарилари «Ўзпахтасаноат» уюшмасига қарашли пахтани қайта ишлаш корхоналарида тола тойлари дағал симлар ва кўримсиз матоларда қадоқланган бўлса, эндиликда тайёр маҳсулотлар полиэтилен қоплар ичига жойлаштирилиб, бежирим ленталар билан безатилмоқда. Бу ҳам жаҳон бозорида маҳсулот рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилмоқда.

Ярмаркада Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган кенг турдаги ип-калава, трикотаж матоси, матолар, тайёр тикувчилик буюмлари ҳам намойиш этилади. Анъанага кўра, ярмарка доирасида мамлакатимиз ҳудудларининг инвестиция салоҳияти ва тўқимачилик тармоғини ривожлантиришга доир янги лойиҳалар тақдимотини ўтказиш ҳам мўлжалланмоқда.

Буларнинг барчаси Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик саноатининг жаҳон бозоридаги ўрни янада мустаҳкамланаётганлигидан ёрқин далолат беради.

 

Соҳибжон САЛИМОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.