13.10.2015

ХОРАЗМНИНГ ИҚТИСОДИЙ ҚУДРАТИ

йилдан-йилга юксалиб, кўплаб янги иш ўринлари яратилмоқда, аҳоли турмуши тобора фаровонлашиб бормоқда

Қарангки, бутунжаҳон молиявий-иқтисодий инқирози бошланган вақтда дунёга келган гўдак бугун мактаб ёшига етиб қолди. Инқирозни бартараф этиш, ундан нисбатан камроқ талофат кўриш бўйича Жаҳоннинг етакчи илмий тадқиқот институтлари, таниқли олимларнинг ҳисоб-китоб­ларига кўра, қайсидир давлатлар яқин йилларда инқироздан қутилиши мумкинлиги борасидаги башоратлар ўзини оқламади.

Юқоридаги фикрни бежизга таъкидлаб ўтмадик, не бахт­ки, бугун мамлакатимизда иқтисодиёт дадил ривожланмоқда, янги-янги иш ўринлари яратилмоқда. Ҳатто бутун жаҳонни ларзага солган ва ҳамон солаётган инқирозлар силсиласида ҳам республикамиз иқтисодиёти барқарор ва ҳатто тезкор ўсаётгани халқ­аро ташкилотлар ҳамда экс­перт­лар томонидан тан олиниб, эътироф этилмоқда.

Хусусан, буни мамлакатимизнинг чекка ҳудуди ҳисобланган Хоразм вилоятининг макроиқтисодий кўрсаткичлари таҳлилидан ҳам билса бўлади.

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 11,1, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 30,8, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажми 6,2, қурилиш-монтаж ишлари 3,9 фоиз ўсишига эришилди.

Маҳаллий товар ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш натижасида истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 40,2 фоизга, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ҳажми 2,5 фоизга, чакана товар айланмаси 14,5 фоизга ва хизмат кўрсатиш 12,4 фоизга ўсди.

Хоразм вилоятини 2013-2015 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Дастурига мувофиқ жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 767 лойиҳа ўрнига 932 лойиҳа амалга оширилиб, 251 миллиард сўм миқдорида инвестициялар киритилди ва 4922 янги иш ўринлари яратилди.

Хоразм вилояти саноат салоҳиятини ривожлантириш Дас­турига асосан ҳисобот даврига қадар қўшимча лойиҳалар билан бирга қиймати 270,8 миллион долларлик 274 лойиҳа амалга оширилиб, 8175 янги иш ўринлари ташкил қилинди.

Дастур доирасида шу кунга қадар 40 мингдан ортиқ «Da­mas», 5 мингга яқин «Or­lan­do» русумли автомобиллар, 200 экс­каватор ва элликдан зиёд бульдозерлар ишлаб чиқарилди.

Шунингдек, маиший газ баллон, музлатгич, металл арматуралар, спорт инвентарлари ҳамда кир ювиш кукуни, юқори кучланишли аппаратлар каби янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Хоразм вилоятининг сув таъминотини тубдан яхшилаш, Урганч шаҳар бош режасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги дастурга асосан ўтган давр мобайнида 1 триллион 72 миллиард сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилди.

Хусусан, Урганч шаҳар йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилишга 194 миллиард сўм, вилоят инженерлик-коммуникация инфратузилмасини таъмирлаш ва модернизация қилишга 202 миллиард сўм ҳамда шаҳарнинг архитектура кўринишини яхшилаш, ижтимоий ва бозор инфратузилмасини ривожлантиришга 662 миллиард сўм сарфланди.

Шу билан бирга, 2013-2015 йилларда Хоразм вилоятида туризм соҳасини ривожлантириш Дастурига мувофиқ ҳисобот даврига қадар 100 дан ортиқ лойиҳа тўлиқ амалга оширилди.

Айнан шундай иқтисодий самарали лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ қилиниши натижасида бир йилда вилоят саноати кескин ўсди. Вилоят­да 2014 йилда ялпи ҳудудий маҳсулотнинг ўсиши икки йил олдинги 109,8 фоиздан 111,7 фоизга кўтарилди.

Яна бир таққос: бундан беш-олти йил муқаддам ви­лоят­да етиштирилган пахта толасини қайта ишлаш қувватлари йилига 18,5 минг тоннани ташкил этарди. Ўтган йилга келиб бу кўрсаткич 28,1 минг тоннага етди. «Хоразмтекс» МЧЖ, «Ўзтекс Шовот» МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг биринчи ва иккинчи навбати, «Жиласун Тошкент» ҳамда «Даритал Текстиль» масъулияти чекланган жамиятларнинг ишга туширилиши, мавжуд енгил саноат корхоналарининг технологик  қайта жиҳозланишига имкон берди.

Ҳозирда вилоятда етиштирилган пахта толасининг 37 фоиздан ортиқроғи қайта ишланмоқда. Агарда мустақилликка эришилган — 1991 йилда мазкур кўрсаткич вилоятда атиги 1 фоизни ташкил қилганини эсласак, изоҳга ўрин қолмайди.

Бир вақтлар аграр ишлаб чиқаришга асосланган вилоятда тўрт йил давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 триллион сўмга етказилгани, бу эса олти йил олдинги кўрсаткичдан деярли икки ярим баробар кўплиги ҳамда ўтган икки йилда вилоят­да ишлаб чиқарилган жами саноат маҳсулотлари ялпи даромаднинг олти йил олдинги 5,7 фоиздан 32,8 фоизга етганини алоҳида таъкидлаш лозим.

Ҳозирда вилоятда кичик бизнес субъектлари салкам ўн бир мингга яқинлашди. Ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, хусусий тадбиркорлар учун товар хомашё ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида белгиланган тизимли чора-тадбирлар натижасида йилдан-йилга кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривож топиб бормоқда. Натижада қисқа фурсатда ҳудудий маҳсулотни шакллантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг улуши 34,2 фоиздан 73,9 фоизга ўсди.

Бугунги кунда иш билан банд аҳолининг 78 фоиздан кўпроғи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида меҳнат қилмоқда. Кичик корхоналар томонидан ишлаб чиқариш ҳажми етти йил олдингига қараганда 6,1 мартага ошганини кўрамиз. Бугун вилоятда фаолият юритаётган кичик бизнес субъектлари ўз маҳсулотларини жаҳоннинг бир қатор давлатларига экспорт қилмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида қиймати салкам 45 миллион долларлик 88 лойиҳа амалга оширилди. Саноат салоҳиятининг ошиши аҳоли турмуш тарзига ҳам сезиларли таъсир кўрсатди. Аҳоли реал даромадининг йиллик ўсиши 10 фоиздан кам бўлмаяпти.

Амалдаги йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 10,7, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 30,3, халқ истеъмол моллари ишлаб чиқариш 25,9, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 5,2 фоизга ўсиши кутилмоқда. Агарда жорий йилнинг биринчи чорагида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2013 йилнинг шу даврига нисбатан 63,2 фоизга, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 144,3 фоизга ўсганини инобатга оладиган бўлсак, кўзланган марраларга, албатта, етилади.

Фақат жорий йилнинг ўзида 551,5 миллиард сўмлик 1444 лойиҳа амалга оширилиши ҳисобидан 14 500 янги иш ўрни ташкил қилиш учун барча имкониятлардан фойдаланилмоқда. Ушбу мақсадлар рўёбга чиқиши учун вилоят иқтисодиётига 1,4 триллион сўм инвестиция жалб қилинади.

2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий қайта ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш орқали — давлат Дас­турлари ҳамда маҳаллийлаштириш дастурлари ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ қилиниши натижасида макроиқтисодий ўсиш суръатлари кескин ошиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,6, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 2, истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 баробарга ошади. Шу мақсадларга 2,4 триллион сўм маблағ йўналтирилади.

Шу ўринда Хоразм вилояти иқтисодиётини янада ривожлантириш йўлида ташланган яна бир муҳим қадам ҳақида тўхталиш лозим, деб ўйлайман. Бу — Президентимизнинг «Навоий — Конимех — Мискин» йўналишида темир йўл қурилиши юзасидан имзолаган қароридир. Насиб этса, 2016 йилдан бошланиб, ғоят қисқа давр — бир йилда якунланиб, 2017 йилда ишга тушадиган ушбу темир йўл йўловчиларни олти соатда манзилига етказиб қўяди. У воҳанинг иқтисодий салоҳиятини янада оширади, халқ хўжалиги тараққиётини тезлаштиради.

Бугунги кунга келиб, истиқлол берган имкониятлар туфайли Хоразм том маънода юксалмоқда, янгиланмоқда. Бу қадим ўлкада саноат қисқа фурсатда шу қадар ривож топишини бундан чорак аср илгари ўйлаш, орзу қилиш хомхаёлдан бошқа нарса эмас эди. Ўша пайтда оддий игна ҳам четдан келтирилганини эсласак, нима демоқчи бўлаётганимиз ойдинлашади...

 

Рўзимбой ҲАСАН,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.