13.10.2015

АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ МУСТАҲКАМЛАНИШИ-

фаровон турмуш меваси

Рўзғорингиз бут, оила бағридасиз, севимли ишингиз бор. Аммо соғлиғингизда муаммо бўлса, буларнинг ҳеч бири татимайди. Хотиржам ишлай олмайсиз, кўнглингиз ором топмайди. Аксинча, ўзи ва яқинлари саломат одам бор куч-ғайратини оила ва жамият равнақига сафарбар қила олади, фаровон ҳаёт кечиришга интилади.

Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йилларидан бошлаб соғ­лиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш, соғ­лом турмуш тарзини қарор топтириш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бунинг натижасида тиббиёт соҳасининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, фуқаролар соғ­лиғини таъминлаш бўйича улкан ишлар амалга оширилди. Ҳудудларда она ва бола перинатал ҳамда скрининг марказлари ташкил этилди, қишлоқ врачлик пункт­ларининг моддий-техник базаси яхшиланди. Улар фаолияти замон талаблари даражасида ташкил этилмоқда. Қишлоқ жойларда ҳам ҳомиладор аёллар бепул поливитаминлар билан таъминланмоқда. Натижада ўтган йиллар давомида мамлакатимизда оналар ва болалар ўлими кескин камайди, аёлларнинг ўртача умр кўриши 75 ёшга етди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида оналар ва болаларга тиббий хизмат кўрсатиш даражасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Шу сабабли ҳам йил бошида тасдиқланган режага асосан халқ депутатлари Фар­ғона вилояти Бувайда туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи Президентимизнинг 2014-2018 йилларда аҳоли репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги Давлат дастури ҳақидаги қарорининг туманда бажарилиши бўй­и­ча назорат-таҳлил ишларини олиб борган ва шу асосда сессия муҳокамасига тегишли масалани киритган эди. Айни пайтда сессия қарори ижроси назоратга олиниб, тегишли чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

Маълум бўлишича, жорий йилнинг уч ойи давомида  туманда туғиш ёшидаги 51 минг нафарга яқин аёлнинг 16450 нафари кўрикдан ўтказилган. Уларнинг баъзилари ҳомиладорликкача соғломлаштирилган.

Аҳолининг репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом бола туғилиши, жисмоний ва маънавий ривожланган авлодни шакллантириш юзасидан олиб борилаётган ишларни кучайтириш ва самарадорлигини ошириш бўйича махсус режа ишлаб чиқилиб, жойларга тар­қатилган. Ҳар бир поликлиникада 14 ёшгача бўлган болаларнинг рўйхати тузилган ва улар тиббий кўрикдан ўтказилган, аниқланган касалликларни даволаш бўйича тизимли ишлар олиб борилган.

Сессияда депутатлар мутасадди идора ва ташкилотлар томонидан маҳаллаларда соғлом турмуш тарзини шакллантириш, касалликларнинг олдини олиш ва аҳоли тиббий саводхонлигини оширишга қаратилган семинар ва давра суҳбатлари ўтказишда изчиллик етишмаётганини таъкидлашди.

— Оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтиришда аҳолининг тиббий маданияти ошиши муҳим ўрин тутади, — дейди халқ депутатлари Бувайда туман Кенгашидаги Ўзбекис­тон ХДП гуруҳи раҳбари Баҳромжон Мамадалиев. Биз назорат-таҳлил давомида ташвиқот тадбирлари кам ўтказилган ҳудудларда қатор муаммолар мавжудлигини кўрдик. Баъзи  жойларда ёшларнинг эрта турмуш қуриш ҳамда никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтиш масалаларида ҳали-ҳамон эътиборсизликка йўл қўйиляпти. Бундай ҳолатлар кейинчалик қатор муаммоларни келтириб чиқариши, она ва бола саломатлиги хавф остида қолиши мумкин.

Шундан келиб чиқиб, туманда тиббиёт ходимлари, барча жамоат ташкилотлари, ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамжиҳатликда иш олиб боришига эришаяпмиз. Шунингдек, маҳаллий Кенгаш депутатлари ўз округларидаги маҳаллалар ва оилавий поликлиникаларда Жамоатчилик қабулхоналари ташкил этиб, уларни ўйлантираётган масалалардан мунтазам хабардор бўлиб турибди.

Сессияда жисмоний ва руҳий ривожланишда нуқсони бор болаларни тиббий ижтимоий реабилитация қилиш сифатини ошириш, уларнинг жамият ҳаётида тўлақонли қатнашиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, аҳолига малакали, махсус ва юқори технологик тиббий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ инфратузилмани янада ривожлантириш зарурлиги қайд этилганди. Шунингдек, тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати самарадорлиги ва кадрлар малакасини оширишга доир қатор таклифлар берилиб, тегишли қарор қабул қилинган эди. Айни пайтда қарордаги ҳар бир йўналиш бўйича депутатлик ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтиришга эътибор қаратяпмиз.

Ҳақиқатан ҳам, сессия ўтди, энди бу камчиликларга биров аҳамият қаратмайди, деб бефарқ бўлишга ҳақ­қимиз йўқ. Чунки мақсад сессияга бирор-бир масала киритиб, у бўйича қарор қабул қилинишига эришиш эмас, балки ана шу қарор ижросини таъминлаш, камчиликларни бартараф этишдан иборат.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.