10.10.2015

ПОРТУГАЛИЯ: БОШ ВАЗИР ЎЗ ЎРНИНИ САҚЛАБ ҚОЛДИ, БИРОҚ...

Сўнгги тўрт йилда мураккаб ижтимоий-иқтисодий жараёнларни бошидан ўтказаётган Португалияда 4 октябрь куни парламент сайлови бўлиб ўтди. Парламентдаги 230 депутатлик ўрни учун 13 партия ва 3 сиёсий блок кураш олиб борди.

Сайловдан олдин ўтказилган сўров натижасига кўра, бир партия­нинг парламентда мутлақ кўпчилик ўринни эгаллай олмаслиги тахмин қилинганди. Бўлиб ўтган сайлов якунлари бу қарашларни тўғри эканлигини кўрсатди.

Ушбу давлатда парламент бир палатали бўлиб, депутатлар 4 йил муддатга сайланади. Сайловлар мамлакатдаги 22 сайлов округида ўтказилади. Сайлов қонунчилигига кўра, сайловгача ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар овоз бериш ҳуқуқига эга.

Португалияда пропорционал сайлов тизими амал қилади.

Бевосита сайлов натижаларига тўхталадиган бўлсак, Социал-демократик ва Халқ партияларини бирлаштирган «Олға, Португалия» коалицияси ғолибликни қўлга киритди. Илғор консерватизм ғояларини илгари сурадиган ушбу сиёсий куч сайловчиларнинг 37 фоиз овозини тўплади.

Улар Сайловолди дастурида асосан консерватизмга йўғрилган ғояларни тақдим этди. Шунингдек, муносиб меҳнат шароитлари яратиш, иш ўринларини кўпайтириш масалаларига  алоҳида эътибор қаратди.

Амалдаги Бош вазир Социал-демократик партия етакчиси Педру Пасуш Коэлью ҳисобланади. 2011 йилда ўтказилган сайловда айнан унинг партияси сайловчиларнинг 38,7 фоиз овозини олиб, Ассамблеяда 108 мандатни қўлга киритган эди.

Социал-демократик партиянинг олий органи Миллий Конгресс ҳисобланади.

«Олға, Португалия» коалициясининг асосий рақобатчиси ҳисобланган сўл кучлар етакчиси, Лиссабон шаҳрининг собиқ мэри Антонью Кошта мағлубиятни тан олишга мажбур бўлди. У раҳбарлик қилаётган Социал партия сайловчиларнинг 32 фоиз овозини қўлга киритди.

Мазкур партия ўтган парламент сайловида 74 ўринни қўлга киритган эди.  2005 йилги сайловда эса 121, 2009 йилда эса 97 депутатлик мандатига эга бўлганди. Бироқ сўнгги икки сайлов мазкур партия­нинг мамлакат сиёсий майдонидаги мавқеига путур етаётганини кўрсатди.

«Факты» нашрининг сиёсий шарҳ­ловчиси Наталия Терехнинг фикрича, мазкур партия ўз ғояларини янада такомиллаштириши, аҳолини ўйлантираётган масалаларни чуқурроқ ўрганиши, мамлакатнинг ривожланиш стратегиясини белгилашда уларнинг хоҳиш-иродасини кўпроқ инобатга олиши зарур. Шунда сиёсий партиянинг тарафдорлари кўпаяди, ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатда муваффақиятга эриша олади.

Сайловдаги кутилмаган ҳодиса «Демократик бирлик» коалицияси билан боғлиқ. Португалия коммунистик партияси ва «Яшиллар» партиясидан иборат бўлган мазкур сиёсий куч парламентда қанча ўринга эга бўлгани ҳозирча аниқ эмас. Бироқ уларнинг энг паст натижа кўрсатгани қайд этилмоқда.

Сайлов якунланганидан сўнг амалдаги Бош вазир Педру Пасуш Коэлью Лиссабондаги чиқишида «Биз Президентга янги ҳукуматни шакллантиришга тайёр эканлигимизни маълум қилдик», деди.

Бош вазир Коэльюнинг ўтган тўрт йил давомида юритган сиёсатига эътибор қаратадиган бўлсак, кўплаб ўзига хос жиҳатларни кузатиш мумкин.

У мамлакатни инқироздан олиб чиқиш учун «қаттиқ иқтисодий сиё­сат» юритишга мажбур бўлди. Бироқ бу сиё­сат аҳоли томонидан фаол қўллаб-қувватланмади. Умуман, сайлов натижалари шуни кўрсатдики, кўплаб португалияликлар Бош вазирга ишонч билдирмаяпти.

Гарчанд сайловларда ғолиб бўлишига қарамай, аҳолининг ишончсизлиги парламентдаги депутатлик ўрнига ҳам таъсир этмай қолмади. Яъни «Олға, Португалия» коалицияси ўтган тўрт йил давомида 14 фоиз сайловчилар овозини йўқотди. Фақатгина коалициядаги Халқ партиясининг натижалари туфайлигина ўз ўрнини сақлаб қолди.

Португалияда янгидан шаклланадиган ҳукумат олдида жуда муҳим вазифалар турибди. Энг аввало, халқ ишончини қайта қозониш. Лекин сиёсатчиларнинг таъкидлашича, бунга эришиш осон бўлмаслиги аниқ.

Португалияда ўтган сайловнинг аҳамиятли томони шундаки, унда мазкур мамлакат фуқаролари ўзларининг юқори сиёсий фаолликларини намойиш этишди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш ўринлики, Португалиядаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий жараёнлар мамлакатда бир қатор соҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар ўтказиш лозимгини кўрсатмоқда.

Сиёсатчиларнинг фикрича, биринчи навбатда мамлакат иқтисодиётини изга солиш, инқироздан чиқишнинг мақбул йўлларини излаб топиш зарур. Шу билан бирга, таълимни ислоҳ қилиш, ижтимоий соҳага йўналтирилган харажатларни кўпайтириш, иқтисодиётни янгилаш, замонавий  технологияларни жорий қилиш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш каби долзарб масалаларга жиддий эътибор қаратиш лозим бўлади.

Бу жараёнда, энг аввало, сиёсий партиялар муҳим ўрин тутади. Уларнинг Сайлов­олди дастурида илгари сурилган мақсадларнинг амалга ошиши мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий жараёнларнинг барқарорлашишига хизмат қилади.

 

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.