10.10.2015

«ЎЗ ИШИМНИ ЙЎЛГА ҚЎЙИБ, ЭЛ-ЮРТГА ХИЗМАТ ҚИЛМОҚЧИМАН»

Ўзбекистон ХДП ҳамда қатор тижорат банклари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда ёшларнинг аксарияти ана шу истакда эканлигини айтди

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши томонидан Халқ банки ҳамда «Ипотека банк» билан ҳамкорликда «Мамлакатимизда кичик бизнесни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар» мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

Маълумки, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, янги иш жойлари ташкил этиш, аҳоли, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш бугунги куннинг муҳим масалаларидан бири ҳисобланади.

Бу ўринда Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишонч­ли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони юрт­дош­ларимизга ўз бизнесини очиш ва ривожлантириш учун янада кенг имкониятлар эшигини очди.

Тадбирда шулар хусусида сўз юритилар экан, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун яратилаётган кенг имкониятлар, уларнинг ҳуқуқий асослари тўғрисида йиғилганларга атрофлича маълумот берилди.

Улуғбек ВАФОЕВ, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари:

Банклар мамлакат иқтисодиётининг муҳим бўғини ҳисобланади. Улар томонидан ажратилаётган кредитлар ёшларимиз ўз бизнесини йўлга қўйишида ёрдам бермоқда. Айрим ҳолларда ёшларда ўз бизнес ғояларини рўёбга чиқаришга имкони бўлмаслиги, молиявий маблағга эҳтиёж бўлиши мумкин. Банклар шу жиҳатларни чуқур ўрганган ҳолда, ёшларга ортиқча харажатларсиз моддий кўмак бериб келмоқда.

Шу ўринда бир савол туғилади: ­эндигина коллежни битирган, ҳали етарлича тажрибага эга бўлмаган йигит-қизлар ўз бизнесини юрита оладими? Бу масала ҳам ҳукуматимиз томонидан изчил ўрганилиб, тегишли имкониятлар яратиб берилмоқда. Жумладан, якка тартибдаги тадбиркорлар касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга ёллаган ҳолатда ўн икки ой мобайнида ёлланма ишчилар учун белгиланган солиқлардан озод этилиши қонунда белгилаб қўйилди.

Хорижда солиқ тўламаслик оғир жиноятлардан бири ҳисобланаётган бир пайтда, мамлакатимизда ёшлар учун яратилаётган бундай имтиёзлар фарзандларимизни рағбатлантиришда, уларнинг ўзига ишончи ва ғайратини оширишда катта аҳамиятга эга, албатта.

Бизнинг партиямиз кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлашни мақсад қилган экан, электоратимиз ва банклар ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик муштарак мақсадларимизни амалга оширишга, ижти­моий ҳимояга муҳтож ҳамюртларимизга моддий кўмак берилишига хизмат қилмоқда...  

Сардор МУҲАМЕДОВ, Акциядорлик тижорат Халқ банки Бошқарув раисининг биринчи ўринбосари:

— Бугунги кунда банклар томонидан ажратилаётган кредитлар фуқароларимизнинг ўз ишини йўлга қўйиши, бир сўз билан айтганда, фаровон ҳаёт кечириши учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Коллеж битирувчиларига берилаётган кредитлар ҳажми йилдан-йилга ошиб бормоқда.

Жумладан, Халқ банкига республика бўйича 10 касб-ҳунар коллежи бириктирилган. Мутасаддилар коллежлар раҳбарияти ва битирувчиларнинг ота-оналари билан биргаликда йигит-қизларни ишга жойлаштириш, ишлаб чиқаришга лаёқати ва иқтидори бор ёшларга кредитлар ажратиш борасида тушунтириш ишларини олиб боряпти. Ишга жойлашишдаги муаммолар ўрганилиб, уларнинг ечимини топиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинган...

Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2014 йилда тижорат банклари томонидан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига 9 триллион сўмдан ортиқ ёки 2013 йилга нисбатан 1,3 баробар кўп, шу жумладан, 2 триллион сўмга яқин миқдордаги микрокредитлар ажратилди. Сўнгги беш йилда кичик бизнесни кредитлаш ҳажми қарийб 5 баробар кўпайди. 2015 йилда янги иш ўринлари ташкил этиш ва кичик бизнесни ривожлантириш учун тижорат банкларида жорий йилнинг 6 ойи давомида 6,5 триллион сўмга яқин маблағ ажратилди.

Дарҳақиқат, ўтган йиллар давомида юртимизнинг барча ҳудудларида банк тизими билан ҳамкорликда кам таъминланган оилалар, жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг, иш билан таъминланишига кўмаклашиш мақсадида иқтисодий форумлар ташкил этиб келяпти. Бу тадбирлар ЎзХДП электорати манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда улар бандлигини таъминлашда яхши самара бермоқда. Мазкур тадбирларда кредит олиб ўз ишини бошлаган партия электорати вакилларининг аксарияти ҳозирда қў­шимча иш ўринлари яратиб, ўз тенг­дошлари, маҳалладошларини иш билан таъминлаб, оиласининг даромадини оширишга ҳисса қўшмоқда.

Гулҳаё МАЪРУФОВА, тадбиркор, ЎзХДП аъзоси:

—  Даставвал, бизнес ғояларимни рўёбга чиқаришга кўзим етмаганди, ўзимга, ўз кучимга ишонмасдим. Бироқ ўтган йили коллежни тамомлаб, банкдан кредит олдим ва тикувчилик цехини очдим. Шу тариқа тадбиркорлик фаолиятимни бошладим. Уч нафар тенг­қур қизларни иш билан таъминлашга муваффақ бўлдим. Бу билан мен инсон, аввало, ўзига ишониши кераклиги, қолаверса, шу орқали ўзгаларни ҳам иш билан таъминлаши мумкинлигини, жамиятга нафи тегишини англадим.    

Айни кунда қўл остимдаги ишчилар ҳам мен эришаётган ютуқларни кўриб, ўз ишини бошлаш ва бизнесини йўлга қўйишни мақсад қилишган...

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда ишлаб чиқаришни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларга алоҳида урғу бериб, уларнинг ижтимоий аҳамияти нақадар катта эканлиги хусусида ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Таъкидландики, янги иш ўринлари яратиш, касб-ҳунар коллежи битирувчилари бандлигини таъминлашда оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш, ушбу йўналишларда иш бошлаш ниятида бўлган электорат вакилларининг иқтисодий билим ва кўникмаларини ривожлантириш, уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш каби муҳим масалалар ечимида партия ташкилотларининг иштирокини янада ошириш лозим. Бунинг учун партия фаоллари ва депутатлар ёшлар, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига кўмакдош бўлиши, уларнинг фаолиятларини ўз вақтида қўллаб-қувватлаши керак бўлади. 

Тадбир давомида ўз ишини йўлга қўйиш ниятида бўлган бир гуруҳ касб-ҳунар коллежлари битирувчиларига имтиёзли кредит олиш ҳуқуқини берувчи сертификатлар топширилди.

Шунингдек, аҳолига хизмат кўрсатиш, кредитлар беришга доир банк кўргазмаси ташкил этилди. Сўнгра Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларга сайланган депутатлар, партия фаоллари иштирокида кўчма Жамоатчилик қабулхонаси ташкил этилиб, унга келиб тушган мурожаатларни ҳал қилиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Тадбирда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши аъзолари ва экспертлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, партия фаоллари, ёшлар, касб-ҳунар коллежи битирувчилари, «Ипотека банк» ва Халқ банки ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.

 

Бобур ЭЛМУРОДОВ



DB query error.
Please try later.