— Мен ЎзХДП аъзосиман. Шу сабабли сиёсий партияларга боғлиқ хабар ва янгиликлар билан мунтазам танишиб бораман. Мени бир савол қизиқтиради. Депутатлар фаолияти кафолатланганми? Уларнинг ҳуқуқлари қандай муҳофаза қилиниши ҳақида тўлиқроқ тушунчага эга бўлишни истардим.
Дилноза ШАНАЕВА, Тошкент вилоятидан.
Қаҳрамон МИРЗАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:
— Албатта, ҳар бир соҳа вакилларининг ўзига хос ҳуқуқ ҳамда ваколатлари қонунчилигимизда мустаҳкам кафолатланган. Хусусан, депутатнинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини муҳофаза қилиш «Халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгаши депутатининг мақоми тўғрисида»ги қонуннинг 10-моддасида белгиланган. Унга кўра, ҳар бир депутатга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади.
Депутатнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар ҳисобланади.
Депутатлик ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида депутатга қай тарзда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди.
Депутатнинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, депутат фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахсларга қонунга мувофиқ жавобгарлик бўлади.