08.10.2015

КУЧЛИ ПАРТИЯ

кучли бошланғич ташкилотлардан бошланади

Ғоя ва мақсадлари аъзолари томонидан қўллаб-қувватланган сиёсий партия кучли бўлади. Ҳар қандай партиянинг тарафдорлари кўпайиши, дастурлари амалга ошиши кўп томонлама ана шу омилга боғлиқ. Шунинг учун Ўзбекистон Халқ демократик партияси бошланғич ташкилотлари фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратяпти. Ҳусусан, уларни зарур қўлланмалар билан таъминлаш, етакчиларнинг сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятини ошириш, сиёсий ишга қизиқишини янада кучайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Натижада бошланғич ташкилотлар партиямизнинг мустаҳкам асоси, илдизига айланмоқда.

Буни Фарғона вилоятидаги бошланғич ташкилотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Вилоятдаги 42197 нафар ЎзХДП аъзоси 872 бошланғич ташкилотга бирлашган. Бошланғич ташкилотлар партия сафини кенгайтириш, ғоя ва мақсадларини кенг тарғиб қилиш ишларида фаоллик кўрсатмоқда.

Фарғонада ЎзХДПнинг энг йирик бошланғич ташкилотларидан бири қаерда, деб сўрасангиз, аксарият партиядошларимиз «Фарғонаазот» акциядорлик жамиятида дейди. Ушбу бошланғич ташкилот сафида 527 нафар аъзо бор. Етакчининг ташкилотчилиги, аъзолари фаоллиги партиямиз хайрихоҳлари кўпайишига хизмат қилмоқда.

— Ҳар бир партия аъзоси мамлакатда рўй бераётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий  жараёнларнинг фаол иштирокчиси бўлиши лозим. Шунинг учун ҳам биз сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларга ижодий ёндашамиз. Ҳафтанинг бир кунида белгиланган соатда долзарб мавзуда фикр алмашамиз, — дейди бошлан­ғич ташкилот етакчиси Ҳурматилло Йўлдошев. — Бунинг учун кичик гуруҳлар тузиб, олимлар, жамоат ташкилоти раҳбарлари, ёзувчиларни таклиф этамиз. Биласизми, нима учун ўша куни, ўша соатда ҳали партия аъзоси бўлмаган ёшлар ҳам қизиқиб келишади? Чунки унинг иштирокчилари ҳафтанинг энг муҳим воқеасига ўз ёндашувларини эркин ифода этади. Баҳс-мунозара бўлади. БПТ­нинг нуқтаи назарини шакллантиришда ҳамма иштирок этади.

Бу билан биз нимага эришамиз? Биринчидан, БПТнинг ҳар бир аъзоси сиёсий воқеликдан хабардор бўлибгина қолмай, унинг иштирокчисига айланади. Иккинчидан, мунозаралар, баҳслашувлар чоғида ёш аъзоларимиз орасидан партиямиз ғоялари тарғиботчилари етишиб чиқади. Қабул қилинаётган қонунлар, Президентимиз маърузалари, мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ муҳим воқеаларни ўқувларимизга мавзу қилиб оляпмиз.

Эътиборли томони, бош­лан­ғич ташкилот фаолияти фақат корхона ҳудуди билан чегараланмаган. Яқин-атрофдаги маҳалла, ўқув юртлари, идора-ташкилотларда ҳам электорат вакиллари билан мунтазам равишда учрашув-мулоқотлар ташкил этиб келинмоқда.

Электорат манфаатлари ҳимоясига хизмат қиладиган ташаббуслар билан чиқиляпти. Бу масалада маҳаллий Кенгашлардаги ЎзХДП гуруҳлари билан ҳамкорлик яхши самара беряпти.

Цех бошлиғи Анвархон Набиев халқ депутатлари Фар­ғона шаҳар Кенгаши депутати. Унинг депутатлик фаолияти бошланғич ташкилот билан чамбарчас боғлиқ. Депутат аъзоларимиз ва хайрихоҳларимизнинг мурожаатлари, таклифларини ҳисобга олиб иш қилади. Унга шаҳарнинг 22-маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида электр таъминотидаги узилишлар ҳақида мурожаат тушди. Бошланғич ташкилот фаоллари Анвархон Набиев билан биргаликда масалани атрофлича ўрганиб чиқди. Гап трансформаторнинг бузилиши ва симёғочларнинг бетартиблигида экан. Мазкур камчиликлар юзасидан шаҳар электр тармоқлари идорасига депутат номидан депутатлик сўрови юборилди. Тез орада маҳалладаги 14 симёғоч янгитдан ўрнатилиб, узатиш линияси тартибга солинди, трансформатор таъмирланди. Маҳалла аҳли ўзлари сайлаган депутат ва «Фарғонаазот»даги бошланғич ташкилот фаолларига миннатдорлик билдирди. Электорат мурожаати билан маҳаллаларда кўприк қурилди, янги сув тармоқлари тортилди, газ таъминотида ижобий ўзгаришлар бўлди. Буларнинг ҳаммасида бошланғич ташкилот аъзолари ташаббускор бўл­ди.

«Фарғонаазот» АЖ ишлаб чиқариш бўлими бошлиғи, Фарғона шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳининг яна бир аъзоси Олимжон Хизиров Инновация, илмий-техника дастурларини шакллантириш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлаш, ҳаётга татбиқ этиш бўйича доимий комиссия раиси.

Биз депутатлар партиядошларимиз билан елкама-елка туриб, ҳамжиҳатликда иш олиб борамиз. Улар билан бўлган мулоқотлар чоғида кўплаб фикрлар, таклифлар оламиз, — дейди Олимжон Хизиров. Электр таъминоти ва тежамкорлик долзарб масала. БПТ ишчи гуруҳи билан шаҳарнинг бир неча мавзеларида уй-жойларни кўздан кечирдим. Кўп қаватли уйлар йўлагидаги чироқлар зарур бўлмаган пайт­да ҳам ёниқ қолар эди. Биз бу масалада ўз таклифларимизни ишлаб чиқдик ва халқ депутатлари Фарғона шаҳар Кенгашига киритдик. Ҳозир шаҳарнинг Навоий кўчасидаги кўп қаватли уйлар йўлакларига одам кирганда ёниб, чиққанда ўчадиган тизим ўрнатилмоқда. Энди ҳисоблаб кўринг, битта уйда 4-5 йўлак бор. Битта йўлакда бир кечада ўртача 2 киловатт электр қуввати тежалса, бир уйда 8-10 киловатт бўлади.

Дарвоқе, корхонага бу йил 250 нафардан ортиқ касб-ҳунар коллежи битирувчиси ишга қабул қилинди. Хўш, уларнинг ҳаммаси ишлаб қоладими? Иш жараёнида қийналмаяптими? Шу масалаларда ёшларга ёрдам бериш учун БПТ қошида махсус комиссия тузилган.

Ҳар бир битирувчи уч томонлама шартнома асосида ишга қабул қилинади, — дейди БПТ аъзоси Умида Охунжонова. — Ишга қабул қилинган ҳар бир ёш мутахассис эътиборимиздан четда қолмайди. Аввал партия аъзоларидан унга устоз бириктирамиз. Унинг ишни нечоғли уддалай олаётганини кузатамиз. Керак бўлса, қўшимча машғулотлар белгилаймиз. Бундай эътибордан ёшлар руҳланади ва жамоага тез киришиб кетади.

Яна бир гап. Корхонадаги депутатлар БПТ қошида ўзига хос Жамоатчилик қабулхонаси ташкил қилиб турибди. Унга аъзолар, хайрихоҳлар турли масалаларда мурожаат қилишяпти. Яқинда Замира Холиқова фарзанди олий ўқув юртига қабул қилингани, аммо шартнома пулини тўлашда ёрдам кераклигини айтган.

Таълим кредитини олиш тартиб-қоидалари билан танишдим, — дейди Замира Холиқова. — Шундан сўнг банкка тегишли ҳужжатлар тайёрлашимда, кредитни расмийлаштиришимда депутатлар ёрдам беришди.

Гап фақат партия аъзолари сонида эмас, балки ҳамжиҳатлигида, партия ғоялари учун курашишда, — дейди Олимжон Хизиров.

Бошланғич ташкилотнинг амалий ишларини кўрган ёшлар орасида Ўзбекистон ХДПга аъзо бўлаётганлар сони кўпайиб боряпти. Сўнгги бир йил давомида 125 нафар йигит-қиз партиямиз сафига қабул қилинди.

— Анчадан бери қайси сиё­сий партияга аъзо бўлсам экан, деб ўйлаб юрардим, — дейди оператор Наргизахон Мусинова.Сиёсий пар­тия­лар фаолиятини кузатиб, тадбирларида иштирок этдим. Қарасам, Ўзбекистон Халқ демократик партиясида мен каби ёшлар кўп. Ҳаётий қарашларим партиянинг ижтимоий масалалардаги ёндашувларига мос экан. Демак, ўрним шу партия сафида эканини тушундим. Энди сиёсий жараёнда фаол иштирок этмоқчиман. «Ёш сиёсатчи» танловининг дастлабки босқичида муваффақиятли иштирок этиб, «Мен депутат бўлсам...» мавзусидаги мунозара кечасида ўз фикрларим билан қатнашдим. Ўзимга ишончим ортди, бундан хурсандман...

«Фарғонаазот» акциядорлик жамиятидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти фаолияти билан танишган киши шундай хулосага келади: Сиёсий партиянинг кучи унинг бошланғич ташкилотлари қанчалик фаоллигига боғлиқ.

 

Муҳаммаджон ОБИДОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.