08.10.2015

ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИ ВА МАҲАЛЛИЙ КЕНГАШЛАР ҲАМКОРЛИГИНИ ЯНАДА КУЧАЙТИРИШ

тарғибот ишларини изчил олиб бориш, электорат манфаатларини ҳимоя қилишда долзарб аҳамиятга эга

Юртимизда демократик ислоҳотлар чуқурлашгани сари вакиллик ҳокимияти, яъни парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ваколатлари кенгайиб, масъулияти тобора ошиб бормоқда. Айниқса, 2007 йилда «Давлат бошқарувини янгилаш ва янада демократлаштириш ҳамда мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги конституциявий қонун қабул қилингани, кейинчалик Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси асосида Конституция­мизга, «Сиёсий партиялар тўғрисида»ги қонунга киритилган қатор ўзгартиш ва қўшимчалар бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Қонунчиликда сиёсий пар­тия­лар фракцияларининг ҳуқу­қий мақоми, жумладан, парламентдаги кўпчилик ва парламентдаги мухолифат ваколатлари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг ҳуқуқлари ва фаолияти кафолатлари аниқ белгиланган. Буларнинг барчаси мамлакатимизда кўппартиявийлик тизимини мус­таҳкамлаш ва янада ривожлантиришга ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Президентимиз жорий йилнинг 23 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида қонунлар ижросини таъминлаш, жамоатчиликни парламент палаталарининг қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил фаолиятидан ҳар томонлама хабардор қилиб бориш муҳим вазифа эканини алоҳида қайд этди. Албатта, парламентда муҳокама қилинаётган қонунлар лойиҳаларидан кенг жамоатчилик, сайловчилар ва электорат вакилларини хабардор қилиш, қонунлар ижроси бўйича олиб борилаётган назорат-таҳлил ишларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини чуқур тушунтириб беришда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари муҳим ўрин тутади.

Шундан келиб чиқиб фикрлайдиган бўлсак, Президентимизнинг парламент палаталари қўшма мажлисида берган кўр­сатмаларини ҳаётга татбиқ этишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ҳамкорлигини янада кучайтириш  долзарб масала экани яққол намоён бўлади.

Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳамкорлигини янада кучайтириш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Лекин бу ҳамкорлик самарадорлигини янада ошириш учун қандай масалаларга эътибор қаратиш лозим? Партия фракцияси ва гуруҳлари, Қонунчилик палатасидаги қўмиталар ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги доимий комиссиялар ўртасидаги алоқалар мус­таҳкамланиши қандай омилларга боғлиқ?

Ушбу масалаларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари, ҳуқуқшунос ҳамда мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Шуҳрат ТУРСУНБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Президентимиз парламент палаталари қўшма мажлисида Олий Мажлис — парламентимизда ва маҳаллий вакиллик ор­ган­ларида фракциялар ёки айрим депутатлар ўртасида доимо фикрлар қарама-қаршилиги, мунозаралар бўлиши керак, айнан шу ерда сиёсий партияларнинг дастурий мақсадлари, манфаатлари ифода этилиб, депутатлар ўз фикрларини илгари сурадиган кучли баҳс ва рақобат юзага келиши муҳим аҳамиятга эга, деган фикрни илгари сурди.

Мана шу жараёнда Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ўртасидаги мустаҳкам алоқа ҳал қилувчи ўрин тутади, деб ўйлайман. Дейлик, бирор қонун лойиҳаси юзасидан партия фракцияси ўз позициясини билдирар экан, бу борада маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларидан ҳам таклифлар олиши, сайловчилар, электорат вакилларининг фикрига асосланиши зарур.

Олий Мажлис депутатлари билан маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ҳамкорлигини кучайтиришда сиёсий партияларнинг ҳудудий ташкилотлари муҳим ўрин тутади. Ҳозир Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ҳар бир сиёсий партия фракцияси, хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фрак­ция­си ҳам  партия гуруҳлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. Хусусан, қонунларнинг қандай ишлаётгани, ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳалари юзасидан мунтазам равишда ахборот ва таклифлар олинмоқда. Шу асосда муайян масалалар фракция йиғилишларида доимий равишда муҳокама этиб бориляпти.

Бугунги кун эса ўзаро ҳамкорликни янада юқори босқичга кўтаришни талаб этмоқда. Бунинг учун ҳуқуқий ва ташкилий асослар етарли. Энг асосийси, депутатларнинг шахсий ташаббускорлиги янада  оши­ши керак, деб ўй­лайман. Фидойилик, янгиликка интилиш ҳамда сайловчи манфаати Қо­нун­чилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатларини ягона мақсад йўлида жипслаштиради.

Шерзод ЗУЛФИҚОРОВ, Тошкент давлат  юридик университети кафедра мудири, юридик фанлар номзоди:

Мамлакатимизда парламент, вакиллик ҳокимияти институти тобора такомиллашиб бормоқда. Демократик ислоҳотлар чуқурлашиши, фуқароларнинг устувор ҳақ-ҳуқуқлари таъминланиши айнан шу омилга боғлиқ. Жойларда ўтказилаётган сайловчилар билан учрашувларнинг кўлами ва аҳамиятини ошириш керак, деган фикрдаман. Учрашувларда маълум бир хулосага келиниши, муайян таклифлар шаклланиши лозим.

Сайловчилар томонидан кўтарилган масалалар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати билан бирга маҳаллий Кенгашлар депутатлари, жойлардаги мутасадди корхона ва идораларнинг вакиллари, кенг жамоатчилик иштирокида атрофлича муҳокама қилиниши яхши самара беради, назаримда. Шу орқали қабул қилинаётган қонунлар қандай ишлаяпти, қандай камчиликлар бор деган саволлар бўйича фикр ва хулосалар шаклланади. Ана шунда ўзаро ҳамкорликнинг амалий натижалари пайдо бўлади.

Жойлардаги айрим ­муаммоларни фракция ва қўмита йиғилишларида кенг муҳокама қилиниши ҳам ўзига хос аҳамият касб этади. Бунинг натижасида марказда ҳукумат фаолияти устидан парламент, маҳаллий ижро ҳокимияти ­фаолияти устидан эса маҳаллий Кенгашларнинг назорати янада кучаяди.

Яна бир муҳим масала шундаки, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, доимий комиссиялар ҳамда фрак­­ция билан ҳамкорликда амалга оширилаётган ишлар ва уларнинг тафсилотлари маҳаллий оммавий ахборот воситаларида доимий ёритиб борилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Муқаддас РАҲМАТУЛЛАЕВА, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи аъзоси:

— Бугунги кунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қонун ижодкорлиги жараёнида маҳаллий Кенгашлар депутатлари билан ҳамкорлик сезиларли даражада кучайди. Ҳар бир қонун лойиҳаси қабул қилинишидан олдин маҳаллий Кенгашлар депутатлари аҳоли билан учрашувларда унинг мазмун-моҳиятини тушунтириб бермоқда. Шундай мулоқотларда кенг жамоатчилик вакиллари кўплаб фикр-мулоҳазалар билдирмоқда. Биз уларни умумлаштириб, парламент­даги фракциямиз эътиборига тақдим этяпмиз.

Президентимиз қўшма мажлисда алоҳида таъкидлаганидек, қонун лойиҳалари, айниқса, аҳолининг ҳаётий муҳим манфаатлари, ижтимоий ҳуқуқларига бевосита дахлдор бўлган қонун ҳужжатлари муҳокамасига жамоатчиликни, фуқаролик жамияти институтлари вакилларини кенг жалб этиш лозим. Мазкур учрашувларда фуқаролардан тушган таклифлар доимий эътибор марказида бўлиши керак. Буни ахборот алмашиш механизми дейиш мумкин. Мана шу механизм қанчалик пухта ва самарали ишласа, қонунлар ҳаётий эҳтиёжга қараб қабул қилинса, уларнинг самараси, таъсири кучли бўлади. Энг муҳими, фуқароларда қандай қонун қабул қилинаётгани, қандай ҳуқуқ ва имкониятлар берилгани ҳақида ёрқин тасаввур, тушунча ҳосил бўлади.

Мисол учун, яқинда аҳолининг санитария ва эпидемиологик осойишталиги тўғрисида қонун қабул қилинди. Ундан олдинроқ қатор учрашувларда унинг лойиҳасини атрофлича кўриб чиқдик, сайловчилардан тушган таклифларни умумлаштириб, Қонунчилик палатасидаги фракциямизга тақдим этдик. Кейинчалик айрим таклифларимиз қонунда ўз ифодасини топди. Бундай амалиёт аҳолининг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиши, жамият миқ­ёсида фикрлаш кўникмаси мустаҳкамланишида муҳим ўрин тутади.

Тўлқин АЛИҚУЛОВ, Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти мутахассиси:

— Аслини олганда, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиё­сий партия фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари бир бутун механизмдек ишлаши лозим.

Даставвал, бу борада Қонунчилик палатасидаги қўмиталар ва маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар ҳамкорлигини кучайтириш чораларини кўриш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман. Бунда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги қўмиталарга келиб тушаётган қонун лойиҳалари аҳоли ўртасида кенг муҳокама қилинишида маҳаллий Кенгашлардаги доимий комис­сия­лар имкониятларидан самарали фойдаланиш лозим.

Жойлардаги доимий комиссия­лар аҳоли билан мунтазам ишлашини инобатга оладиган бўлсак, улар одамларни ўйлантираётган муаммолар, ҳу­дудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш билан боғлиқ ечимини кутаётган масалаларни чуқурроқ билади.

Шу ўринда яна бир мулоҳаза. Маълумки, ҳозир маҳаллий Кенгашлар доимий комиссияларида, сессияларда долзарб ижтимоий масалалар кўриб чиқилмоқда. Қонунчиликка мувофиқ, маҳаллий ҳокимликлар мутасадди раҳбарларининг ахборот ва ҳисоботлари тингланмоқда, уларнинг якунлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинмоқда. Фикримча, мазкур жараёнларда чиқарилган хулосалар парламент қўмиталарига тақдим этилиши ҳам фойдадан холи бўлмайди. Айнан қайси масалаларда парламент назоратини кучайтириш кераклиги ҳақида хулоса чиқарилишида бу ўзига хос аҳамиятга эга бўлади.

 

Нурали ОРИПОВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.