06.10.2015

ЖИСМОНИЙ ТАРБИЯ ВА СПОРТ: ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАР ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАНДИ

Мустақиллик йиллари мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, ёш авлод онгига соғлом турмуш тарзини сингдириш, соҳани ривожлантириш орқали юртимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини янада ошириш каби масалалар давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири этиб белгилаб олинди.

Шу ўринда республикамизда жисмоний тарбия ва спорт соҳасини тартибга солишга хизмат қиладиган ҳуқуқий асос яратилгани ва такомиллаштирилиб борилаётганини қайд этиб ўтиш лозим. Жумладан, бугунги кунгача соҳадаги муносабатлар 1992 йилда қабул қилинган, 2000 йилда янги таҳрирда қабул қилинган «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги қонун билан тартибга солиниб келинаётган эди. Шунингдек, сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортга аҳолини кенг жалб этиш, соҳанинг моддий-техник базасини мус­таҳкамлаш мақсадида қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилинди.

Президентимиз ташаббуси билан 2002 йилда ташкил қилинган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилганидан буён республикамизда 1700 дан зиёд спорт объекти барпо этилиб, улар замонавий спорт анжомлари ва малакали мураббийлар билан таъминланди. Яратилаётган имкониятлар натижасида бугунги кунда мамлакатимизда ёшлар орасида спорт билан мунтазам шуғулланувчилар 35 фоизга, қизлар ўртасида 32 фоизга ўсган ва ҳозирда умумий ҳисобда 2 миллиондан зиёд ёш спортнинг 30 тури билан мунтазам шуғулланиб келмоқда. Буларнинг самараси ўлароқ республикамизда мутлақо соғлом болалар кўрсаткичи 2005 йилдаги 52,7 фоиздан 2014 йилга келиб 64,5 фоизгача ўсди, сўнгги ўн йилда ривожланишида туғма нуқсони бўлган болалар сони 1,3 баробар камайди.

Шунингдек, юртимиз спортчилари жаҳон, Олимпиада, Осиё қитъаси мусобақаларида муносиб қатнашмоқда.

Соҳада эришилган талай ижобий натижаларга қарамай, ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш, айниқса, ёшлар ҳамда аёлларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб қилиш, бу соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг замонавий механизмларини яратиш, миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантиришга қаратилган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш ҳамда янада такомиллаштириш мақсадида парламентимиз томонидан жорий йилда янги таҳрирдаги «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди ва 2015 йил 5 сентябрь кундан эътиборан кучга кирди.

Янги таҳрирдаги қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги «Соғлом бола йили» Давлат дастури тўғрисидаги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган бўлиб, таркибий тузилиши жиҳатидан 8 боб, 47 моддадан иборат. Маълумот ўрнида қайд этишимиз жоизки, олдинги таҳрирдаги қонун 27 моддадан ташкил топган эди. Бу янги таҳрирда қабул қилинган қонун соҳага доир ҳуқуқий муносабатларни кенг қамраб олганлигидан далолат беради.

Янги таҳрирда қабул қилинган қонунда олдингисидан фарқ­ли ўлароқ, «жисмоний тарбия», «жисмоний ­реабилитация», «спорт», «оммавий спорт», «профессионал спорт», «спортчи» каби жисмоний тарбия ва спортга оид бир қатор асосий тушунчалар таърифи батафсил очиб берилган. Қонунга кўра, спортга — одамларнинг муайян қоидалар бўйича ташкил этилган, уларнинг жисмоний ва интеллектуал қобилиятини таққослашдан иборат бўлган ҳаваскорлик ва профессионал асосдаги фаолияти, шунинг­дек, ушбу фаолиятга тайёр­гарлик кўриш ҳамда бу жараёнда одамлар ўртасида юзага келадиган муносабатлар, деб таъриф берилди.

Шунингдек, янги таҳрирдаги қонунда жисмоний тарбия ҳамда спортни ривожлантиришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, ҳар бир инсоннинг жисмоний тарбия ва спорт билан эркин шуғулланишга бўлган ҳуқуқини таъминлаш, шунингдек, спорт тадбирлари иштирокчилари ҳамда томошабинларнинг хавфсизлигини таъминлаш, ногиронлар ва жисмоний имкониятлари чекланган бошқа шахсларга оид спорт турлари, яъни паралимпия, сурдалимпия, махсус олимпиада ва бошқаларнинг ривожланишига шароит яратиш, Ўзбекистоннинг миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш ҳамда оммавийлаштириш учун шарт-шароитлар яратиш каби қатор вазифалар давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтилган.

Шу билан бирга, қонунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг, махсус ваколатли давлат органининг, Соғлиқни сақлаш, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги ваколатлари, шунингдек, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳамда бошқа нодавлат нотижорат ташкилотларнинг жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришда иштирок этишининг ҳуқуқий асоси белгилаб берилган.

Шу ўринда таъкидлаб ўтишимиз жоизки, юртимизда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш мақсадида мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари ва талабалар ўртасида уч босқичли «Умид ниҳоллари», «Баркамол авлод», Универсиада спорт ўйинлари мунтазам ўтказиб келинмоқда. Бундай тизимнинг яратилганлиги эса мамлакатимиз ёшларининг жаҳон майдонларида эришаётган улкан ғалабаларига пойдевор бўлмоқда. Янги таҳрирда қабул қилинган «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонунда Ўзбекис­тон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим ва Халқ таълими вазирликларининг ушбу уч босқичли спорт мусобақаларини ташкил этишдаги иштирокининг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Янги таҳрирда қабул қилинган Қонун нафақат давлатнинг соҳани тартибга солиш функцияларини белгилаб бермоқда, шунингдек, фуқароларнинг жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишлари, соғлом ҳаёт кечиришларига имкон берувчи меъёрларни такомиллаштирмоқда. Ўзбек миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини янада ривожлантиришга асос бўладиган ҳуқуқий нормаларни белгилаб бермоқда.

Қонунда яна бир янгилик сифатида хорижий мамлакатлар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ва спортчиларнинг фаолиятини мунтазам мониторинг қилишнинг ягона тизимини жорий этиш мақсадида спортчининг жисмоний тарбия-спорт ташкилотига мансублигини ва унинг малакасини тасдиқлайдиган янги «спорт паспорти» тушунчаси киритилди. Спорт паспорти ягона намунадаги ҳужжат бўлиб, унда спортчининг фамилияси, исми, отасининг исми, туғилган санаси, спортчининг жисмоний тарбия-спорт ташкилотига мансублиги, спорт унвонлари ва спорт разрядлари берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар, спорт мусобақаларида эришилган натижалар, давлат мукофотлари ва спортчи тўғрисидаги бош­қа маълумотлар кўрсатилган бўлади.

Янги таҳрирдаги қонуннинг олдинги қонундан яна бир фарқ­ли жиҳати сифатида Ўзбекистон Республикасининг спорт терма жамоалари асосий ва захира таркибларини шакллантириш учун зарур шароитлар яратишга доир талабларни жорий қилиш масалалари алоҳида боб билан белгилаб берилганини эътироф этиш мумкин.

Хулоса ўрнида айтганда, янги таҳрирда «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб қилишга, фуқароларимизнинг соғлом ва узоқ умр кўришига, соҳада мутахассислар тайёрлашнинг самарали тизимини ҳамда спорт инфратузилмасини шакллантиришга, спортнинг миллий турларини ривожлантиришга, юртимиз ёшларининг халқаро мусобақаларда, Олимпия ўйинларида муносиб иштирок этишини таъминлашга хизмат қилади.

 

Сардор АҲМЕДОВ,

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти етакчи илмий ходими. 



DB query error.
Please try later.