03.10.2015

ПАРЛАМЕНТ ВАЗИРНИНГ АХБОРОТИНИ ТИНГЛАДИ

2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижроси юзасидан парламент эшитуви ўтказилди

Бугун дунёда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш энг долзарб масалалардан бирига айланиб бормоқда. Молиявий-иқтисодий инқироз жаҳон иқтисодиётида ҳали-ҳануз оғир асоратлар қолдирмоқда, кўплаб давлатлар, йирик-йирик компаниялар янги иш ўринлари яратиш ҳақида эмас, балки мавжуд иш жойларини сақлаб қолиш ҳақида бош қотирмоқда, айрим мамлакатларда бандлик билан боғлиқ муаммолар ижтимоий-иқтисодий беқарорликка сабаб бўлмоқда, сиёсий парокандаликларни ҳам келтириб чиқармоқда. Шундай пайтда ҳар йили мамлакатимиз ҳукумати томонидан ишлаб чиқилиб, миллий парламентимизда қабул қилинаётган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижросининг сарҳисобини олиш, керакли хулосалар чиқариш долзарб аҳамиятга эгадир.

Чунки бу Дастур иқтисодиётимизнинг етакчи тармоқларида амалга оширилаётган қанчадан-қанча дастурлар, ҳудудлардаги ислоҳотлар, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишда рўёбга чиқарилаётган қанчадан-қанча ло­йиҳалар билан чамбарчас боғлиқ. Жорий йил Дастурда қарийб бир миллион кишининг бандлигини таъминлаш масаласи қўйилганини ҳисобга олиб фикр юритсак, халқимиз, юртимиздаги ҳар бир оила бу Дастур ижросидан манфаатдор экани аён бўлади.

Шунинг учун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури ижросига, бу борада парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатишга жиддий эътибор қаратмоқда. Фракция аъзолари ўз сайлов округларида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари билан бирга мунтазам равишда Дас­тур ижросини чуқур ўрганмоқда.

Жорий йилнинг 30 сентябрь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси ташаббуси билан Олий Мажлис қонунчилик палатаси йиғилишида дас­тур ижроси юзасидан парламент эшитуви ўтказилди.

Вазирлар Маҳкамаси, мутасадди вазирликлар, идора ва ­муассасалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари вакиллари иштирок этган парламент қуйи палатаси йиғилишида «2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури бажарилиши тўғрисида» Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири Азиз Абдуҳакимовнинг ахбороти тингланди.

Вазир, даставвал бандлик Дас­тури Президентимизнинг жорий йил 16 январда бўлиб ўтган Вазирлар Маҳкамаси мажлисидаги маърузасида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш бўйича белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ амалга оширилаётганини таъкидлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан банд­лик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар юксак самаралар бераётгани, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда иқтисодиёт тармоқларини янада ­изчил ривожлантириш учун ҳар томонлама мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослар яратилганига эътибор қаратди.

Эшитув давомида 2015 йилда йирик объектларни ишга тушириш, вақтинча ишламаётган корхоналарнинг фаолиятини тиклаш (соғломлаштириш), кичик корхоналар ва микрофирмаларнинг ривожланиши, касаначилик ва оилавий тадбиркорликнинг кенгайиши, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг ривожлантирилиши каби йўналишларда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳолини иш билан таъминлашга доир кенг ахборот тақдим этилди.

Мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш механизми жорий этилганлиги ҳамда парламент томонидан бу борада тегишли дастур қабул қилингани натижасида жорий йилнинг январь-июнь ойларида жами 441,8 минг кишининг бандлиги таъминланди. Иш ўринларининг 62,2 фоизи қишлоқ жойларида яратилди. Бандлиги таъминланганларнинг катта қисми Самар­қанд, ­Фарғона, Тошкент, Қаш­қадарё, Бухоро, Андижон ви­лоят­лари ва Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади.

Президентимизнинг 2015 йил 15 майдаги «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қи­лишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони орқали берилган имтиёзларнинг жорий этилиши ҳисобига якка тартибдаги тадбиркорликда банд бўл­ганлар сони сезиларли даражада ошди.

Дастур доирасида меҳнат бозорида банд бўлмаган аҳолига бўш иш ўринлари ярмаркалари ўтказиш орқали хизматлар кўрсатилди. Натижада туман ва шаҳарлардаги бандликка кўмаклашиш марказлари томонидан иш сўраб мурожаат этган 141 минг нафар фуқаро доимий ва вақтинчалик ишларга жойлаштирилди, 15 минг нафар фуқарога меҳнат қонунчилиги ва ишга жойлашиш имкониятлари ҳақида ахборот ҳамда ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Тадбирда таъкидландики, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жорий йилда сайлов округларидаги фаолияти даврида Дастур ижроси юзасидан жойларда олиб борилаётган ишлар билан танишишди. Хусусан, сайловчилар билан учрашувларда Дастур ижросининг самарадорлигини янада ошириш мақсадида, соҳага оид ҳуқуқни қўллаш амалиёти, келгусида дас­турни янада такомиллаштириш, бу борада фойдаланилмаган имкониятларни аниқлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, парламент эшитуви чоғида депутатлар Дастур ижросига доир ахборотни атрофлича таҳлил қилишди. Муҳокамалар давомида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш борасида айрим ҳудудларда муайян камчилик ва суст­кашликларга йўл қўйилаётгани ҳам қайд этилди.

Жумладан, Дастур бажарилишини мувофиқлаштириш юзасидан ҳудудларда ташкил этилган махсус ишчи комиссия­лари дас­турга киритган 180 лойиҳа ташаббускор вазирлик, идора, хўжалик бирлашмалари томонидан қатъий назорат ўрнатилмагани боис ўз вақтида амалга ошмаган. Натижада 2,5 мингдан ортиқ иш жойи яратилмасдан қолган. Жорий йилнинг 6 ойида янги иш ўринларининг прогноз кўрсаткичлари мақсадли дастурларга мувофиқ, саноат соҳа­сида Беруний, Қумқўрғон, ­Шер­обод туманларида тўлиқ бажарилмаган.

Дастур ижроси ҳақидаги ахборотни муҳокама қилиш жараё­нида сиё­сий партияларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракатидан сайланган депутатлар гуруҳи вакиллари ўз муносабатларини билдиришди.

Дастур ижроси бўйича парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон ХДП фрак­ция­сининг муносабатини фрак­­­ция раҳбари Ҳотамжон ­Кетмонов ўқиб эшиттирди.

Президентимиз жорий йил январь ойида Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасида аҳоли бандлигини таъминлаш, аввало, касб-ҳунар коллежлари ва олий ўқув юртлари битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича зарур шароитлар яратиш ижтимоий сиёсатимизнинг энг муҳим устувор йўналиши бўлиб қолишини алоҳида таъкидлади, — деди у. — Юртимизда олиб борилаётган ислоҳотларнинг ажралмас қисми бўлган, қатор йиллар давомида қабул қилиб келинаётган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш Дастури фуқароларимизнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллиги оши­шига, даромадлари ўсишига ­ижобий таъсир кўрсатмоқда, мамлакатимиздаги барқарорликнинг муҳим омили бўлиб келмоқда.

Жорий йилнинг олти ойи давомида саноатда 32 мингга яқин, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 29 минг, қишлоқ хўжалигида 23 мингдан ортиқ иш ўрни яратилгани, фаолият кўрсатмаётган корхоналарни тиклаш ҳисобидан 7 минг иш ўрни тиклангани, айниқса, маҳаллий ҳокимликлар қарорлари асосида, 33 мингдан ортиқ ижтимоий муҳофазага муҳтож ҳамда қў­шимча имтиёзларга эга бўлган аҳоли тоифалари ишга жойлаштирилгани пар­тиямиз дастурий мақсадлари билан ҳамоҳангдир.

Амалга оширилган ишлар, эришилган кўрсаткичларни эътироф этамиз, шу билан бирга, Дас­тур ижроси юзасидан мунтазам ва тизимли равишда парламент назорати ўрнатилиши, бандликни таъминлаш соҳасида қонунчиликни ривожлантириш, келгусида қабул қилинадиган дас­турлар ва уларнинг ижро механизмини такомиллаштириш муҳим масала, деб ҳисоблаймиз.

Фракциямиз аъзолари Қорақалпоғистон Республикаси, Фар­ғона, Сурхондарё, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида бў­либ, 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида дастур ижроси билан яқиндан танишишди. Туман, шаҳар ҳокимликлари ҳузурида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг мақсадли пара­метр­ларини сўзсиз бажариш юзасидан мувофиқлаштирилган ишларни ташкил этиш бўйича доимий ишловчи ҳудудий комиссияларнинг фаолияти атрофлича ўрганилди.

ЎзХДП фракцияси аъзолари касб-ҳунар коллежларининг 2014-2015 ўқув йили битирувчиларини иш билан таъминлашни янада такомиллаштириш бўйича ишлаб чиқилган қўшимча чора-тадбирларни ижобий баҳолаш билан бирга, бандлик дастури ижроси юзасидан бир қатор тан­қидий ­мулоҳазалар ҳам билдиришди. 

Жойларда Дастурнинг амал­га оширилишини кўриб чиқиш чоғида касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бандлигини таъминлаш тўғрисида тақдим этилаётган маълумотлар ҳа­қиқатга қанчалик тўғри келишини танқидий ўрганиб чиқиш ва ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини оширишни таклиф этишди.

Бундан ташқари, корхоналар ва уйда маҳсулот ишлаб чиқараётган ва хизматлар кўрсатаётган фуқаролар ўртасидаги кооперацияни мувофиқлаштириш, қўл­лаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича туман, шаҳар ишчи комиссиялари фаолиятини кучайтириш ва самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, касб-ҳунар коллежларида мутахассисларни тайёрлаш йўналишлари меҳнат бозорининг реал талабларига мос келиш-келмаслигини мунтазам ўрганиб бориш ва таҳлил қилиш таклиф этилди.

Бандлик дастури ижросини мувофиқлаштириш бўйича доимий ҳудудий комиссияларнинг ҳуқуқий мақоми ва вазифаларини аниқлаш мақсадида тегишли Низомни ишлаб чиқиш Вазирлар Маҳкамасига тавсия этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Тошкент шаҳри ва вилоятлар ҳамда туман, шаҳар ҳокимликлари ҳудудий комиссияларда ўрта махсус таълим муассасаларига қабул квоталарини шакллантиришда ушбу мутахассисликларга талабни инобатга олиш долзарб аҳамиятга эга. Шунингдек, ҳудудий комиссиялар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан узвий ҳамкорликда касаначилик билан шуғулланишни хоҳловчи банд бўлмаган аҳоли сони ва малакасини аниқлаш, уларни кейинчалик ишга жойлаштиришга кўмаклашиш лозим, деб ҳисобланди.

Йиғилишда, шунингдек, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигига касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг кичик бизнес ва фермерлик фаолиятига кенг жалб қилиниши мониторингини юритиш, унинг натижалари юзасидан даврий ахборотни Қонунчилик палатасига тақдим қилиб бориш, ўз ишини йўлга қўйиш ния­тидаги ўрта махсус ва олий таълим муассасалари бити­рув­чиларини ҳар томонлама қўл­лаб-қувватлаш, бу борада маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг бошқа субъектлар билан ижтимоий ҳамкорлигини, қолаверса, ходимлар ва иш берувчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш масалаларида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Шундан сўнг Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири, бошқа мутасадди вазирлик ҳамда идоралар вакиллари депутатларнинг мамлакатимизда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалаларига оид саволларига жавоб берди.

Депутатлар Дастурнинг самарали ижро этилиши мамлакатимизда турмуш фаровонлиги, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ошишига хизмат қилишини таъкидлашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар томонидан билдирилган фикр-мулоҳазалар асосида, 2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли банд­лигини таъминлаш Дастури бажарилишининг бориши тўғрисидаги ахборотни маълумот учун қабул қилди.

Парламент эшитуви якунлари бўйича дастурни ҳудудлар ва соҳалар кесимида сифатли ва тўлиқ бажариш, бу борада депутатлар корпуси ва ижро этувчи ҳокимият, давлат органларининг ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, кичик бизнес, оилавий тадбиркорлик ва касаначиликни ривожлантириш ҳисобига иш ўринлари ташкил этиш, келгусида дас­турни янада такомиллаштириш юзасидан аниқ таклиф ҳамда тавсиялар ишлаб чиқилди.

Дастур ижроси ҳақидаги ахборот юзасидан парламент Қонунчилик палатасининг қарори қабул қилинди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.