03.10.2015

«GM O‘ZBEKISTОN» АЖ: АВТОМОБИЛГА КАФОЛАТ МУДДАТИ БЕРИЛАДИМИ?

Мамлакатимизда автомобиль саноати изчил ва жадал ривожланиб бормоқда. Шаҳар ва қишлоқ кўчаларини, магистраль йўлларни тўлдириб, кўзимизни қувонтираётган автомобиллар узоғимизни яқин, оғиримизни енгил қилмоқда. Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида «GM O‘zbekistоn» АЖ автомобиль заводида ишлаб чиқарилган енгил автомобиллар сони 119412 тани ташкил этган. 2015 йилнинг сентябрь ойига келиб, ишлаб чиқарилган жами автомобиллар сони 2 миллион 500 мингга етган.

«GM O‘zbekistоn» АЖ автомобилларига узоқ таъриф бериш мумкин. Албатта, ушбу заводнинг автомобиллари бундай эътирофларга лойиқ. Шу билан бирга, автомобиль харид қилингач, ҳар қандай янги автомобилларда бўлгани каби  айрим носозликлар учраб қолиши мумкин. Бундай ҳолларда автомобиль эгалари ўртасида тушунмовчиликлар ҳам келиб чиқади. Хўш, автотранспорт воситасининг қайси эҳтиёт қисмларига кафолат муддати берилган? У қанча муддат ичида таъмирлаб берилиши лозим?

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида, «GM O‘zbekistоn» АЖнинг кафолат ва техник ёрдам бўлими менежери Алишер АББАСОВга мурожаат этдик.

— Айтингчи, автосалондан харид қилинган автомобилга қанча вақт кафолат муддати берилади? Машинанинг қайси эҳтиёт қисмларига кафолат кўзда тутилган?

— Албатта, «GM O‘zbekistоn» АЖ автомобилларига кафолат берилади. Фақат кафолат автомобилнинг ўз эгаси томонидан қабул қилинган кундан бошлаб, 12 ой давомида (шу даврда босиб ўтилган йўл 20000 километрдан ошмаслиги керак), яъни қайси бири аввалроқ келишига боғлиқ ҳамда автомобилга илова қилинган фойдаланиш қўлланмасида баён этилган ва техник қаров қоидаларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилади. Кафолат мажбуриятлари республикамизда фаолият юритаётган «GM O‘zbekistоn» АЖнинг расмий дилерлари томонидан бажарилади. Ишлаб чиқарувчи автомобиль эгасига, у сотиб олган енгил машина сифати қатъий талабга мувофиқ ишлаб чиқарилгани ва текширилганини кафолатлайди. Агар кафолат даврида автомобилда носозлик юзага келса, уни сотиш ва унга хизмат кўрсатиш учун масъул бўлган дилер муайян носозликни бартараф этиб беради. Мазкур ҳолатда янги деталь ва созлаш учун тўлов тўланмайди. Шуни ҳам айтиш лозимки, бирон-бир носозлик аниқланганда, автомобиль эгаси ваколатланган дилерга ўз вақтида кафолат даъвоси билан мурожаат қилиши зарур.

Агар мижоз техник носоз автомобилни ўз вақтида тузаттириш ўрнига, ундан фойдаланишни давом эттираверса, табиийки, жараён мураккаблашади. Бундай вазиятда автомобилнинг носозлиги ёки бузилиши билан боғлиқ бўлган барча хавф ва харажат автомобиль эгаси зиммасига юкланади. Транспорт воситасининг табиий турдаги эскириш таъсирига мойил бўлган махсус таркибий қисм­лари (тармоқлари ва агрегатлари) бўйича автомобилнинг биринчи харидорига топширилган кунидан кўпи билан уч ой ёки 2000 километр босиб ўтилган йўл (қайси бири аввалроқ) юз беришига қараб, кафолат муддати белгиланади. Алоҳида таъкидлаш керакки, автомобилнинг 17 эҳтиёт қисмига кафолат берилган: фильтрлар; тормоз колодкалари; тормоз дисклари ва барабанлари; илашиш муфтаси дисклари (фриксиявий ва саватли); ўт олдириш свечалари ва юқори кучланиш симлари; двигательнинг осма агрегатларининг юритма тасмалари; ойналар; ойна тозалагичлар чўткалари; фаралар, чироқлар ва плафонлар лампалари; сақлагичлар; ўт олдириш контактлари; сальниклар; найлар ва чиқиш найлари; резина чанглагичлар, ғилофлар ва втулкалар; олд ва орқа ойнанинг ойна ювиш мосламаси форсункалари; декоратив қалпоқлар ва ғилдирак дискларининг лак бўёқ қопламаси; ишланган газларнинг каталитик нейтрализатори кафолатланган қисмлар ҳисобланади.

— Кафолат берилган автомашинанинг эҳтиёт қисм­ларини ўзгартириш тартиби ҳақида ҳам тушунча берсангиз. Қисмларни алмаштириш ва автомобилни созлаш қанча вақт ичида амалга оширилади?

— Кафолат мажбуриятлари бўйича эҳтиёт қисмни алмаштириш «Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари»га (Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги 75-сон қарорига 1-илова) асосан бажарилади. Унинг 127-бандига кўра, автомототранспорт эгаси камчиликни бартараф этишни талаб қилган кундан бошлаб, савдо корхонаси аниқланган камчиликларни бартараф этиш муддати узоғи билан йигирма кунни ташкил этади. Агарда республика таш­қарисидан келтириладиган эҳтиёт қисмга зарурат туғилса, уларни келтириш талаб қилинадиган вақт ҳисобга олинмайди ва уч ой ичида автомобиль созлаб берилади.

 — Харидор автотранспорт воситасига муайян ўзгартиришлар киритса, бундай ҳолда кафолат бекор қилинадими?

— Автомобилнинг конс­трукциясига ишлаб чиқарувчи тавсия этмаган ўзгартиш киритилса, масалан, унга қўшимча жиҳоз ўрнатилса ёки автомобилга қўшимча ишлов берилса, автомобиль эгаси кафолат ҳуқуқидан маҳрум бўлади. Ишлаб чиқарувчи тавсия этмаган электрон мосламалар дастурий таъминотини ўзгартириш ёки модификациялаш ҳам кафолат чекланишига олиб келади.

Агар носозлик юқоридаги ҳолатларга оид бўлса, кафолат автомобилнинг юқорида санаб ўтилган хатти-ҳаракат таъсир этадиган қисми учун бекор қилинади.

Агар автомобиль эгаси ваколатли дилер томонидан техник текшириш пайтида аниқлаган носозликни ўз вақтида бартараф этиш учун ҳаракат қилмаса, унинг ўрнига ўзича сифатсиз ва мос бўлмаган эҳтиёт қисмлардан фойдаланса, соз­лаш ишлари ўзга шахс томонидан адо этилган бўлса, ишлаб чиқарувчи маъқулламаган деталь ёки анжом ўрнатилса, масалан, коррозияга қарши ишлов бериш, автомобиль томида туйнук очиш, тиркама фаркопи ёки кондиционер ўрнатиш каби ҳолларда, табиийки, кафолат шарти бузилади. Ҳозир автомобилга масофадан туриб очиш ва ёпиш мосламаси ўрнатиш одатий тус олган. Бундай ҳолда фақатгина автомобилнинг электр қисми кафолатдан чиқарилади. Агар сигнализация «GM O‘zbekistоn» АЖнинг расмий дилери томонидан ўрнатилган тақдирда, асосий кафолат мажбуриятлари сақланиб қолади. Бунинг учун расмий дилер сервис китобчасида сигнализация ўрнатилганлиги ҳақида қайд этиб, ўзининг муҳри билан тасдиқлаган бўлиши лозим.

 «GM O‘zbekistоn» АЖ ҳар бир харидор автомобилни ўз вақтида техник кўрикдан ўтказишини тавсия этади. Шунга риоя қилинса, енгил машинанинг созлиги ишончли бўлади, у узоқ хизмат қилади.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Бардамбек САЪДУЛЛАЕВ суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.