01.10.2015

«СИЗГА ТАЪЗИМ, УСТОЗЛАР!»

Ўзбекистон ХДП ташкилотлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги гуруҳлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда шу шиор остида тадбирлар ўтказмоқда

Мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, эркин ва фаровон ҳаёт, демократик жамият қуриш йўлидаги барча эзгу мақсадларимиз бугун тарбияланаётган ёшларнинг билим ва истеъдоди, кучи ва салоҳиятига бевосита боғлиқ. Ана шундай баркамол авлодни вояга етказадиган ўқитувчи ва мураббийлар меҳнатини эъзозлаш, уларни қўллаб-қувватлаш, моддий ва маънавий рағбатлантириш масаласига алоҳида этибор қаратилмоқда. Халқимиз томонидан ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши ҳам ушбу касб эгаларига чуқур ҳурмат ва эҳтиром намунасидир.

ЎзХДП Марказий Кенгаши ташаббуси билан Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари ва Тошкент шаҳар кенгаши вакиллари иштирокида Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида фидойи касб эгаларига яна бир карра ҳурмат ва эҳтиром кўрсатилди. Тадбирни пар­тия Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев кириш сўзи билан очди.

— Ҳеч кимга сир эмаски, дунёда инсоннинг қалби ва онгини эгаллаш, айниқса, ёшларнинг маънавиятини издан чиқаришга қаратилган турли хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган бугунги замонда фарзандларимизни она-юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш ғоятда муҳим аҳамиятга эга, — деди у. — Бундай авлодни вояга етказишда устоз-мураббийларнинг хизмати беқиёс, албатта.

Таъкидлаш жоизки, ЎзХДП дастурий мақсадларида мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшлар учун таълим олиш, касб танлаш, адолатли, тенг ва ижтимоий мақбул шароитлар яратиш, ўқув юртларини битириб чиққандан сўнг уларни ишсизликдан ишончли ҳимоялаш, шунингдек, педагог ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни босқичма-бос­қич ошириб бориш масалаларига эътибор қаратилган. Бир сўз билан айтганда, ёшлар камоли йўлидаги ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиш, бу йўлда ўзини аямасдан меҳнат қилаётган ўқитувчи ва мураббийларни қадрлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш муҳим дастурий вазифаларимиздан ҳисобланади.

Юртимизда ҳар йили Давлат бюджети харажатларининг 60 фоизи ижтимоий соҳага сарфланмоқда. Ушбу маблағнинг 30-35 фоизи тўғридан-тўғри таълим тизимига йўналтирилмоқда. Бу рақамлар таълим соҳасига, устоз ва мураббийларнинг меҳнатини рағбатлантиришга давлатимиз эътиборининг ёрқин намунасидир.

Собитхон ТУРҒУНОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— «Таълим тўғрисида»ги қонун, Кадрлар тайёрлаш  миллий дастури, шунингдек, қатор қонун ҳужжатларида таълим-тарбия билан боғлиқ масалалар кенг қамраб олингани, бу борада узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини фарзандларимиз эришаётган ютуқлар мисолида кўриб, фахрланиб турибмиз. Ўз вақтида қабул қилинган қонунлар, қарорлар янги, замон талабларига мос умумтаълим масканларини барпо этиш, мавжудларини реконс­т­­рукция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларни ўқув, лаборатория жиҳозлари ҳамда компьютер ускуналари билан таъминлаш, таълим сифати ва мазмунини такомиллаштириш, болалар спортини ривожлантириш имконини бермоқда.

Биргина ўтган йили республикамизда 28 касб-ҳунар коллежи қурилди, 381 умумтаълим мактаби, олий ўқув юртлари тизимидаги 45 объект, 131 касб-ҳунар коллежи ва академик лицей реконструкция қилинди. Шунингдек, 55 болалар мусиқа ва санъат мактаби, 18 намунавий спорт объекти ва 73 мактабда спорт зали барпо этилди, зарур ускуна ва инвентарлар билан жиҳозланди. Буларнинг барчаси мамлакатимизда ёшларнинг баркамол бўлиб униб-ўсиши, камол топишига хизмат қилади.

Тадбир давомида, шунингдек, Тошкент давлат аграр университети қошидаги академик лицей директори Раъно Турдибоева, Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири Гулчеҳра Тўлаганова сўзга чиқиб, ўқитувчи ва мураббийларнинг шарафли ҳамда масъулиятли меҳнатини эъзозлаш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни фахр-ифтихор  билан гапирди.

Зулфия ЮНУСОВА, Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги 155 умумтаълим мактаби директори:

— Таълим-тарбия соҳасини замон талаблари даражасига кўтариш, ўз мустақил фикри ва дунёқарашига эга ёш авлодни тарбиялаш биз ўқитувчи ва мураббийларга боғлиқ. Юртимизда ўқитувчи ва мураббийлар меҳнати ҳамиша эъзозланади, қадрланади. Биз бундай эътибор ва ғамхўрликдан жуда миннатдормиз.

Мактабимизда 710 нафар ўқувчига 50 нафар устоз ва мураббий таълим тарбия бериб келмоқда. Ўқув масканимиз яқинда капитал таъмирланди. Ўқувчиларни бўш вақт­ини самарали ўтказиш, соғ­лом турмуш тарзини шакл­лантириш учун дарслардан сўнг спорт тўгаракларига жалб қилганмиз. Таълим олаётган ўғил-қизларимиз туман, шаҳар миқёсида ўтказиладиган турли мусобақалар, фан олимпиадаларида муносиб ўринларни эгаллаб келишмоқда. Уларнинг ютуғи – бизнинг ютуғимиздир.

Ўқитувчи ва мураббийлар куни катта байрам сифатида нишонланиши, ҳар йили ёш авлодни тарбиялашдаги фидойи меҳнати билан обрў-эътибор қозонган устозларнинг Ватанимиз юксак мукофотлари билан тақдирланиши бизга катта масъулият юклайди. Ёш авлод камоли йўлида тинимсиз изланишимиз учун янада куч беради.

ЎзХДП Тошкент шаҳар кенгаши ҳам устозларни муносиб тақдирлаш ва байрам билан муборакбод этиш мақсадида «Сизга таъзим, устозлар!» шиори остида байрам тадбири ташкил этди.

Унда узоқ йиллар давомида ёш авлодга илм, ҳунар сирларини ўргатиб келаётган устоз-мураббийлар, санъаткорлар, парламент Қонунчилик палатаси депутатлари, жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Сўзга чиққанлар юртимизда ёшларимизнинг баркамол бўлиб вояга етишлари учун шарт-шароитлар яратилганини эътироф этишди. Истиқлол йилларида ўқитувчи ва мураббийлик касби том маънода қадр топгани, ўтган йиллар давомида шаҳар, қишлоқларимизда замонавий талаблар асосида таълим масканлари бунёд этилгани, малакали кадр­лар тайёрлаш борасида амалга оширилган ишлар хусусида фикр алмашилди.

– Кўп йиллар таълим соҳасида меҳнат қилдим, – дейди Маҳфират Асомова. – Шайхонтоҳур туманидаги 102-мактабда 15 йилга яқин раҳбар бўлдим. Ҳозир пенсиядаман. Илк фаолиятим даври билан бугунги кунни таққослаб бўлмайди. Мустақиллик йилларида ёшларга, умуман, таълим соҳасига қаратилаётган эътиборни кўриб қувонаман. Чиройли кийиниб мактабга ошиқаётган набираларимга ҳавас қиламан. Тинч­ликка, ободлигимизга шукрона айтаман. Айниқса, ўқитувчиларнинг меҳнати доимий эътиборда. 2000 йилда «Халқ таълими фидойиси», 2005 йилда эса «Халқ таълими аълочиси» деган нишонларга сазовор бўлдим. Фарзандларимизга таълим-тарбия бериш ниятида ишлаганимдан, бугун катта ютуқларга эришаётган ўқувчиларим, шогирдларимга устоз эканимдан фахрланаман.

Тадбирлар сўнггида муаллимларга эсдалик совғалари ва фахрий ёрлиқлар топширилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.