01.10.2015

ТЕЛЕКОММУНИКАЦИЯ ИНФРАТУЗИЛМАСИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

аҳолига замонавий алоқа ва интерактив хизматлар кўрсатилишида муҳим аҳамиятга эга

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонуннинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятидаги ижроси бўйича олиб борилган назорат-таҳлил ишлари якунлари кўриб чиқилди.

Йиғилишда, аввало, «Телекоммуникациялар тўғрисида»ги қонун аҳолини замонавий алоқа ва давлат интерактив хизматлари билан таъминлаш, миллий телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш ва шакллантириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга хизмат қилиши алоҳида таъкидланди. Назорат-таҳлил фаолияти давомида қонун ижросига доир масалалар чуқур ўрганилгани қайд этилди.

Депутатларнинг айтишича, назорат-таҳлил давомида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг телекоммуни­кация­ларни ривожлантириш миллий дас­турлари, стандартлар, нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқишдаги фаолиятига алоҳида аҳамият берилди. Телекоммуникация бозорини шакл­лантириш ва ривожлантириш, тизим хизматидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишлар назорат тартибида қатъий ўрганилди. Бундан ташқари, давлат бошқаруви органлари, операторлар ва провайдерларнинг телекоммуникациялар тармоқлари ҳамда хизматларини ривожлантириш борасидаги фаолиятига эътибор қаратилди. 

— Ўрганиш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, телекоммуникация соҳасидаги ваколатли орган, давлат ҳокимияти ва ­бошқаруви органлари томонидан Қонун ижроси юзасидан қатор ишлар амалга оширилган, — дейди Ахборот ва ком­му­­ни­кация технологиялари маса­лалари қўмитаси аъзоси, ­Ўз­бекис­тон ХДП фракцияси аъзоси Нўъмон ­Акбаров. — Хусусан, алоқа инфратузилмаси ва тармоқлари, телекоммуникация технологияларини ривожлантириш борасида дастурлар ишлаб чиқилиб, амалиёт­га изчил татбиқ этилмоқда.

Маълум бўлишича, қишлоқ жойларида аҳолининг  кенг полосали интернет ҳамда давлат интерактив хизматларидан фойдаланиш даражасини ошириш кун тартибидаги долзарб масалалардан бири бўлиб турибди.

Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси ва Тошкент вилоятининг айрим жойларида аҳолига қулайлик яратиш мақсадида савдо шохобчаларини етарли даражада тўлов терминаллари билан таъминлаш, коммунал хизматлар соҳасида замонавий электрон ҳисоблагичлар ўрнатиш ишларини ривожлантириш зарур.

Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки, давлат статистик маълумотларини таҳлил қилиш билан бирга, фуқаролик жамияти институтлари иштирокида телекоммуникация ҳамда давлат интерактив хизматлари кўрсатилиши бўйича истеъмолчиларнинг муносабатини ўрганишга доир социологик тадқиқотлар ташкил этилмоқда.

Йиғилиш давомида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ўз электорати манфаатларидан келиб чиқиб, муҳокама марказида турган мавзуга тааллуқли фикр-мулоҳаза ва таклифлар билдиришди.

Хусусан, Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари аҳоли пунктларида замонавий ахборот технологиялари тизимини жорий этиш орқали кам таъминланган аҳоли қатламлари вакиллари учун ягона давлат интерактив хизматлари порталидан бепул фойдаланиш имконини яратиб бериш масаласини илгари суришди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

 

Лазиза ШОМИЛОВА



DB query error.
Please try later.