01.10.2015

ҚОНУН ЛОЙИҲАЛАРИ ҚИЗҒИН МУҲОКАМА ЭТИЛДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда мутасадди ташкилотлар мутахассислари иштирокида бир нечта қонун ло­йиҳалари кўриб чиқилди.

Дастлаб иккинчи ўқишга тайёр­ланаётган «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун ло­йиҳаси ҳақида сўз борди.

Шу кунга қадар мазкур тизим 1997 йилда қабул қилинган ва айни пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика ­фаолияти тўғрисида»ги қонуни билан тартибга солиб келинади. Мазкур Қонун қабул қилингунга қадар республикамизда фақатгина 2 фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатиб келган. Улар томонидан 30 га яқин дори воситалари ишлаб чиқарилган.

Ҳозирги кунда эса мамлакатимизда 149 фармацевтика корхонаси фаолият кўрсатмоқда ва 1482 номдаги дори воситаси ишлаб чиқарилмоқда.

Бироқ соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолиятини мувофиқлаштириш,  тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтириш, аҳолини сифатли ва хавфсиз дори воситалари билан таъминлаш масаласи амалдаги қонуннинг айрим моддаларига ўзгартиш киритишни тақозо этмоқда. Шундан келиб чиқиб, қонун лойиҳасида қатор янги моддалар назарда тутилмоқда.

— Дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласида партиямиз Сайловолди дастурида алоҳида вазифалар белгиланган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Саттор ­Раҳматов. — Шунга мувофиқ, фракциямиз қонун лойиҳасига қатор таклифлар берди.

Фракциямиз фикрича, дори воситалари ва тиббий буюмлар ҳақида ахборот бериш Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгилаб қўйиладиган тартибда амалга оширилиши лозим. Дори воситалари рекламасини, шу жумладан, босма оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радиода жойлаштириш масаласини самарали ҳал қилиш керак. Бундан ташқари, биз рецепт билан бериладиган дори воситаларининг рекламаси фақат дори воситаларини тайинлаш ва тарқатиш ҳуқуқига эга бўлган мутахассислар орасида амалга оширилиши лозим, деб ҳисоблаймиз. 

Йиғилишда, шунингдек, «Ветеринария тўғрисида»ги Ўзбекис­тон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси ҳам иккинчи ўқишда атрофлича муҳокама этилди.

Қайд этилишича, қонун лойиҳасига ветеринария барқарорлигини таъминлашга йўналтирилган бир қатор янги моддалар киритилмоқда. Жумладан, қонуннинг янги таҳририда соҳадаги масалаларни ҳал қилишда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва фуқаролар иштирокини белгиловчи моддалар ўрин олади. Шунингдек, чорвачилик объектларига асосий ветеринария-санитария талаблари ҳамда аҳоли пункт­ларида қишлоқ хўжалик ҳайвонларини парвариш қилиш қоидалари акс этган қатор меъёрлар ўз ифодасини топмоқда.

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Мамаджоновнинг фикрича, қонун лойиҳасида ҳайвонот оламига мансуб озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавф­сизлигини таъминлашда давлат ветеринария назоратининг аҳамияти ва тамойиллари, бу борадаги жавобгарлик назарда тутилган. Бу, айниқса, аҳоли кўп истиқомат қиладиган ҳудудлар, шаҳарларда ҳайвонлардан юқиши мумкин бўлган касалликларнинг олдини олишда ҳам муҳим ўрин тутади.

Шундан сўнг депутатлар «Ак­ция­дорлик жамиятларида замонавий корпоратив бошқарув услубларини жорий этиш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун ло­йиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқишди.

Айтиш керакки, қонун лойиҳаси орқали бир қатор қонунларга, шунингдек, Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Бу орқали иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий тизимдаги вазифаларни ҳал қилишда демократик механизмлардан самарали фойдаланиш, кам таъминланган аҳоли қатламининг мулкий ҳуқуқини, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кўзда тутилмоқда.

Фракция аъзоларининг таъкидлашича, мазкур қонуннинг қабул қилиниши партиямиз Сайловолди дастурида белгиланган устувор вазифаларни бажаришда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларнинг мулкий ҳуқуқи ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг қонуний ман­фаат­лари ҳимоя қилиниши ижтимоий ҳолатни янада яхшилаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга кенг имконият яратади. 

Йиғилиш кун тартибига асосан депутатлар «Ўзбекистон Республикаси Божхона кодексининг 43-моддасига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам биринчи ўқишда муҳокама этиб, концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлашди. 

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.