01.10.2015

Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига

Қадрли устоз ва мураббийлар! 

Авваламбор, сиз, азизларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва самимий тилакларимни изҳор этаман. 

Бу дунёда ҳар қайси онгли инсон – қаерда ишламасин, қандай касбу кор, лавозим эгаси бўлмасин, унга билим ва тарбия бериб, ҳаётга йўллаган муҳтарам ўқитувчи ва мураббийлари олдида ҳамиша қарздорлик ҳисси билан яшайди. 

Ҳақиқатан ҳам, ўзининг кўз нури, қалб қўри, бутун борлиғини бағишлаб, барчамизга эзгуликдан сабоқ берган, отадек мўътабар, онадек меҳрибон сиз, азиз устозларнинг ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган машаққатли ва шарафли меҳнатингиз учун ҳар қанча таҳсин ва ташаккурлар айтсак, арзийди. 

Муҳтарам ўқитувчи ва муаллимлар! 

Ўзбекистонимиз ўз мустақиллигини қўлга киритиб, тарихан қисқа даврда, халқимизнинг фидокорона меҳнати ва матонати билан дунё миқёсида “ўзбек модели” деб тан олинган, ўзимизга хос, ўзимизга мос тараққиёт йўлини амалга оширганимиз ҳисобидан бугунги кунда шаҳар ва қишлоқларимиз, бутун юртимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, аҳолимизнинг ҳаёт даражаси ва сифати тобора юксалиб бораётгани барчамизга мамнунлик бағишлаб, яқин ва узоқ қўшниларимизнинг ҳавасини тортмоқда, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Бундай барқарор суръатлар билан ривожланишга эришиш учун биз қандай оғир йўлни босиб, турли синов ва қийинчиликларни, ғов ва тўсиқларни енгиб ўтганимиз, бугунги юксак марраларни қўлга киритишда ҳал қилувчи роль ўйнаган омил ва мезонлар ҳақида албатта кўп гапириш мумкин.

Бу ҳақда сўз юритганда, авваламбор, амалда ўзини оқламаган эски мустабид тузумнинг қолип ва ақидаларидан бутунлай холи бўлган, тез ва шиддат билан ўзгариб бораётган замон билан ҳамқадам бўлиб, янгича, мустақил фикрлайдиган, тараққий топган давлатлардаги тенгдошлари билан беллашувга тайёр, изланиш ва доимо изланиш, ғурур ва ифтихор билан яшайдиган янги авлодни тарбиялаш бўйича қандай улкан вазифаларни адо этганимизни яна бир бор эслашимиз ўринли, деб ўйлайман. 

Ўз-ўзидан аёнки, биз мустақил ҳаётга қадам қўйиб, энг ривожланган мамлакатлар қаторига киришни, юртимизда демократик давлат, обод ва фаровон жамият қуришни мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунинг учун аввало айни шундай буюк ишга қодир бўлган янги авлодни вояга етказмасдан туриб, бу йўлдаги барча-барча ҳаракатларимиз пучга чиқиши муқаррар эди. 

Бундан 18 йил олдин қабул қилинган Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва 2004 йилда тасдиқланган Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастури, шу соҳада амалга оширган бошқа кенг кўламли ишларимиз нафақат таълим-тарбия тизимини, балки бутун жамиятимиз ҳаётини кескин ўзгартириб юборгани, ижобий маънодаги “портлаш эффекти”ни берганига бугун яққол гувоҳ бўлмоқдамиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. 

Шу борада сизларга бир фикрни ҳеч иккиланмасдан айтишни зарур деб биламан. 

Тарихий аҳамиятга эга бўлган бу дастурларни ишлаб чиқиш ва ҳаётга татбиқ этишда, уларни янада чуқурлаштиришда, ҳозирги давр талабларига жавоб берадиган янги таълим стандартлари ва дастурларини, дарслик ва методик қўлланмаларни яратишда, энг муҳими, болаларимизга замонавий таълим ва тарбия бериб, уларнинг қалбига, юрагига етиб боришда сиз, ҳурматли устоз-мураббийларнинг хизматларингиз нақадар беқиёс бўлганини халқимиз яхши билади ва юксак қадрлайди. Келажагимизни ҳал қиладиган ана шундай оламшумул ишга қўшган буюк ҳиссангиз учун ўзимнинг энг яқин маслаҳатчиларим ва маслакдошларим бўлган сиз, азизлардан умрбод миннатдорман ва барчангизга чин қалбимдан таъзим қиламан. 

Ҳурматли дўстлар! 

Бугунги кунда миллионлаб болаларимиз янгитдан барпо этилган ва реконструкция қилинган 10 мингга яқин мактабларда, 1 минг 556 та лицей ва коллежда, 70 дан зиёд олий ўқув юртларида янги таълим тизими асосида билим ва тарбия олиб, замонавий касб-ҳунарларга эга бўлиб ҳаётда ўз муносиб ўрнини топмоқда, мамлакатимиз таълим моделининг самараси ва рақобатдошлигини халқаро майдонларда яққол намоён этмоқда. 

Униб-ўсиб келаётган ўғил-қизларимиз юртимизда яратилган ноёб имкониятлардан баҳраманд бўлиб, илм-фан чўққиларини, хорижий тилларни, замон талаб қилаётган касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, она Ватанимизга садоқатли, муносиб фарзандлар, унинг ишонган посбонлари, ҳимоячилари, биз бошлаган ишларимизнинг давомчиси бўлиб вояга етаётганини кўриш, уларнинг қувончига шерик бўлиш биз, ота-оналар, устозлар учун энг катта бахт эмасми? 

Қадрли юртдошлар! 

Бугун биз бошимиздан кечираётган XXI аср, шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув жараёнлари, интеллектуал салоҳият, Интернет ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳал қилувчи аҳамият касб этаётгани, жаҳон бозоридаги рақобат кўлами ва кескинлиги тобора шафқатсиз тус олаётгани ҳар қайси давлат, ҳар қайси халқ олдига ғоят муҳим ва ўткир талабларни қўймоқда. Бугун ҳаммамизга аён, ана шундай талабларни ҳисобга олиб, улар билан ҳамоҳанг бўлиб яшамасак, бутун борлиғимизни шу йўлда сафарбар этмасак, ҳеч шубҳасиз, биз умумбашарий тараққиётдан четда қолиб кетишимиз муқаррар. 

Ҳозирги кунда замоннинг ўзи биздан эришган ютуқлар билан кифояланмасдан, янада юксак марралар сари қатъият билан боришни, шу йўлда ўз билим ва тажрибамизни, касб малакамиз ва маҳоратимизни муттасил бойитиб, такомиллаштиришни талаб этмоқда. 

Шу маънода, умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мунтазам равишда замон талаблари даражасига кўтариб бориш, педагогика университети ва институтларидаги ўқув жараёнларини танқидий баҳолаб, уларни юксак мезонлар асосида ташкил этиш, соҳага илғор таълим ва ахборот-коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш, бир сўз билан айтганда, педагог кадрларнинг янги авлодини шакллантириш бўйича ҳали кўп иш қилишимиз лозим. 

Нега деганда, ўз ишидан қониқмасдан, доимо янгиликка интилиб, билим ва малакасини ошириш устида ишлайдиган, ҳаёт билан ҳамқадам бўлиб яшайдиган ўқитувчи ва муаллимларгина ҳар томонлама етук инсонларни камол топтиришга қодир бўлади. 

Шу билан бирга, биз учун янги тизим бўлган академик лицей ва касб-ҳунар коллежларининг фаолиятини ташкилий-амалий, ўқув-методик жиҳатдан такомиллаштириш, шу мақсадда мавжуд ихтисослик йўналишларини қайта кўриб чиқиш, айнан мана шундай коллежларда таълим олаётган болаларимиз юртимизда барпо этилаётган, юқори технологияларга асосланган замонавий корхоналарда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида самарали меҳнат қилиб, жамиятимизда ўз ўрнини топиши учун нафақат таълим соҳаси раҳбарлари, балки барчамиз масъул эканимизни унутмаслигимиз зарур. 

Биз ўз олдимизга ана шундай ўта муҳим ва долзарб вазифаларни қўйган эканмиз, ўз-ўзидан равшанки, уларни муваффақиятли амалга ошириш, биринчи навбатда олий ўқув юртларининг профессор-ўқитувчилар таркибига, уларнинг илмий ва педагогик салоҳиятига боғлиқ. 

Бу борада олий ўқув юртлари раҳбар ва педагог кадрларининг касбий даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талаблар асосида қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш мақсадида шу йил қабул қилинган Фармон бу ишларни янги сифат босқичига кўтаришга замин бўлади, деб ишонаман. 

Айни вақтда жаҳондаги энг нуфузли олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, хорижий университетларнинг мутахассислари иштирокида турли анжуман ва конференциялар ўтказиш, ўзаро тажриба алмашиш домлаларимизнинг билим ва дунёқарашини кенгайтиришга, уларнинг малакасини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз. 

Қадрли устозлар! 

Барчамизга аёнки, мафкура соҳасида ҳеч қачон бўшлиқ бўлмайди. Агар озгина бўшлиққа йўл қўйсак, уни албатта бизга ёт ва бегона бўлган кучлар эгаллаб олади. 

Ҳозирги кунда бутун дунёда ёш авлоднинг онги ва қалбини эгаллаш учун қандай кескин кураш бораётгани, бизнинг ҳаёт тарзимизга, маънавиятимизга, динимизга мутлақо зид бўлган зарарли фикр ва ғояларни тарқатиш орқали ҳали дунёқараши мустаҳкам шаклланиб улгурмаган фарзандларимизни ўзининг қабиҳ тузоғига илинтириш учун турли марказлар томонидан қанча-қанча куч ва маблағлар сарфланаётгани сизларга яхши маълум, албатта. 

Халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётига, болаларимизнинг келажагига қарши қаратилган таҳдидлар – бу халқаро терроризм ва экстремизм бўладими, гиёҳвандлик ёки “оммавий маданият” кўринишлари бўладими – бундай бало-қазоларни остонамизга йўлатмаслик, ўғил-қизларимизни уларнинг ёвуз таъсиридан асраш, доимо огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб вазифамизга айланмоқда. Бундай ўткир зарурат таълим-тарбия муассасаларининг ота-оналар, маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар жамоатчилиги, давлат ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлигини янада кучайтиришни талаб этмоқда ва бу йўлда сизлар бундан буён ҳам ўз куч-ғайратингизни аямайсиз, деб ишонаман. 

Бизнинг асосий вазифамиз – ёш авлодга фақат билим беришдан иборат эмас, балки бугун дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалардан тўғри хулоса чиқара оладиган, “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” деб, ўз ери, ўз юртига садоқат туйғуси билан яшайдиган, Ўзбекистон фуқароси деган шарафли номга ҳар томонлама муносиб бўлган инсонларни тарбиялаш – барчамизнинг муқаддас бурчимиздир.

Азизларим, қадрдонларим! 

Бугун мана шу ҳал қилувчи вазифаларни чуқур англаган, уларни амалга ошириш учун жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилаётган, чинакам фидойи муаллимлар, ўқитувчи ва домлалар сафи тобора кенгайиб бораётгани эртанги кунга бўлган ишончимизни янада мустаҳкамлайди. 

Шулар ҳақида гапирганда, бир фикрни мамнуният билан таъкидлашни истардим: мустақиллик йилларида самарали меҳнати ва ибратли фаолияти учун давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланган ватандошларимиз орасида ўқитувчи ва мураббийлар сони кўпчиликни ташкил этиши, ҳеч шубҳасиз, эл-юртимизнинг сиз, азизларга бўлган юксак ҳурмат ва эътиборининг амалий ифодасидир. 

Сизларнинг масъулиятли хизматингизни муносиб қадрлаш, фаолиятингизни янги босқичларга кўтариш учун зарур шароитларни яратиш масаласи бундан буён ҳам давлатимиз ва жамиятимизнинг доимий эътибор марказида бўлади, деб сиз, азизларни ишонтириб айтишга бугун тўлиқ асосларимиз бор. 

Барчангизни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклаб, сизларга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака, бахту саодат, эзгу ишларингизда янгидан-янги ютуқ ва омадлар тилайман. 

Доимо соғ-омон бўлинг, умрингиздан барака топинг, меҳрибон устозлар! 

Ислом Каримов, 
Ўзбекистон Республикаси Президенти 


DB query error.
Please try later.