29.09.2015

УЙ ҚАМОҒИ ЭҲТИЁТ ЧОРАСИ

инсонпарварликнинг амалдаги яна бир ифодасидир

Мамлакатимизда тарихан қисқа даврда инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган фуқаролик жамиятини барпо этиш борасида улкан ишлар амалга оширилди. Ҳаётимизнинг барча жабҳаларини демократлаштириш ҳамда эркинлаштириш йўлидаги ислоҳотлар негизида суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган эзгу мақсад мужассам.

Бу ҳақда сўз борганда, 2014 йил 4 сентябрда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қў­шимчалар киритиш тўғ­рисида»ги қонунга мувофиқ, процессуал мажбурлов чоралари тизимига янги, уй қа­моғи тарзидаги эҳтиёт чораси киритилгани тўғрисида алоҳида тўхталиш мақсадга мувофиқдир.

Уй қамоғи эҳтиёт чорасини қўллаш тартибини белгилаш бўйича Бош прокуратура, Миллий хавфсизлик хизмати, Олий суд, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма кўрсатмаси ҳам қабул қилинди.

Айтиш керакки, амалдаги Жиноят-процессуал кодексининг 2421-моддасига кўра, уй қамоғи гумон қилинувчига, айбланувчига ёки судланувчига нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини танлаш учун асослар мавжуд бўл­ганида унинг ёшини, соғ­лиғи ҳолатини, оилавий аҳволи ва бошқа ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда қа­моққа олиш мақсадга номувофиқ деб топилган тақдирда қўлланилади.

Уй қамоғи — гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг жамиятдан тўлиқ ёхуд қисман ажратилган ҳолда, ўзи мулк­дор, ижарага олувчи сифатида ёки бошқа қонуний асосларда яшаб турган турар жойда тақиқлар (чекловлар) юклатилган, шу билан бирга унинг устидан назорат амалга оширилган ҳолда бўлишидир.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг соғлиғи ҳолатини ҳи­собга олган ҳолда, тиббий муассаса ҳам уй қамоғида сақлаш жойи этиб белгиланиши мумкин.

Уй қамоғи эҳтиёт чорасини танлашга гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг аҳволини енгиллаштирувчи ҳолатларнинг ҳар бири ёки уларнинг мажмуи асос бўлади.

Жиноят-процессуал кодексининг 2421-моддаси бешинчи қисмига мувофиқ, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси танланган шахс­га қуйи­даги тақиқлар (чекловлар) ўрнатилиши мумкин:

муайян шахслар билан алоқада бўлиш;

хат-хабар олиш ва жўнатиш;

ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш;

уй-жойни тарк этиш.

Ўзига нисбатан уй қамоғи қўлланилган шахс барча тақиқларга (чекловларга) ёхуд улардан айримларига дучор этилиши мумкин. Қонунда белгиланган тақиқлар (чекловлар) қатъий бўлиб, улардан ташқари қў­шимча тақиқларни (чекловларни) қўл­лашга йўл қўйилмайди.

Муайян шахслар билан алоқада бў­лишга тақиқ ўрнатиш — гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга халал берадиган уринишларига йўл қўймаслик мақсадида, иш ҳолатларидан келиб чиқиб, шу ишнинг бошқа иштирокчилари ёки шу каби бошқа шахслар билан бевосита ва билвосита учрашиш ва гаплашишга ёхуд ёзишмалар амалга оширишига тақиқ қўйилишидир.

Хат-хабар олиш ва жўнатишга тақиқ ўрнатиш — гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг ҳар қандай хат-хабарни, яъни почта-телеграф, факс ор­қали жў­натмалар, ўзаро хат-ёзишмалар, шу­нинг­дек, E-mail, SMS, MMS ва бошқа электрон шаклдаги хабарларни қабул қилиши ёки жўнатиши чекланишида кў­ринади.

Ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб боришга тақиқ ўрнатиш — гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига алоқа воситалари орқали сўзлашувларни, почта-телеграф, факс жўнатмаларини, шунингдек, E-mail, SMS, MMS ва шу каби бошқа электрон шаклдаги ёзишмаларни амалга оширишни тўлиқ тақиқлаш, демакдир.

Уй-жойни тарк этишга тақиқ ўрнатилганда эса, шахснинг уй қамоғи эҳтиёт чорасини ўташ жо­йидан чиқишига суд ажрими билан тўлиқ ёки қисман тақиқ қўйилади. Бу борада қисман тақиқ ўрнатилганда, уй қамоғи қўлланилган шахсга ўқиш ёки иш жойига боришига ёхуд кундалик турмуш масалаларини ҳал этиши учун куннинг маълум пайтида уй қа­моғи қўлланилган жойдан ташқарига чиқишига рухсат берилади.

Ушбу тақиқлар (чекловлар)ни ўрнатишда бир қатор муҳим жиҳатларга эъ­тибор қаратиш лозим. Аввало, муайян шахслар билан алоқада бўлиш, хат-хабар олиш ва жўнатиш, ҳар қандай алоқа воситаларидан фойдаланиш ва улар ёрдамида сўзлашувлар олиб бориш каби тақиқ ва чекловлар доирасига уй қамоғи қўлланилган турар жойда гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчи билан бирга яшаб турган шахсларнинг киритилишига йўл қўйилмайди.

Шунингдек, уй қамоғи қўлланилган жойда эҳтиёт чораси қўлланилган шахс би­­лан истиқомат қилувчи шахслар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан ўрнатилган тақиқларнинг бузилишига олиб келадиган ҳаракатларни содир этиши мумкин эмаслиги тўғрисида уй қамоғи қўлланилишидан олдин огоҳлантирилиб, бу ҳақда уларнинг ёзма розилиги олинади.

Хат-хабар олиш ва жўнатишга нисбатан ўрнатиладиган тақиқ доирасига уй қамоғи қўлланилган гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи томонидан пенсия ва ижтимоий тўловлар, суғурта бадаллари ва шу каби бошқа тўловларни амалга ошириш билан боғлиқ, шунингдек, соғлиқни сақлаш, суриштирув ва тергов органлари, судлар, суд ижрочилари билан боғлиқ  хат-хабарлар киритилмайди.

Шу билан бирга, уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланилган шахс­нинг ҳимоячиси ва қонуний вакили билан учрашувларига тақиқлар ўрнатилмайди.

Суд томонидан эҳтиёт чораси сифатида уй қамоғини қўллаш ҳақидаги ажримда шахсга нисбатан қўлланилаётган чекловларнинг тури ва доираси аниқ кўр­­сатилиши шарт. Шунингдек, гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига ўқиш ва иш жойига бориб келиш ва бошқа шу каби ҳолатларда турар жойдан ташқарига чиқишга рухсат берилганда ҳам уларнинг вақти аниқ кўрсатилиши лозим.

Уй қамоғи қўлланилган шахс­га иш ва ўқиш вақтида уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини ўташ жойидан ташқарида бўлишга рухсат берилганда, ички ишлар органлари зиммасига иш ва ўқиш жойи маъмурияти билан ҳамкорликда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчининг меҳнат қилиш ва таълим олиш қоидаларига риоя этишини таъминлаш мақсадида унинг хулқ-атвори устидан назорат ўрнатиш юклатилиши мумкин.

Суд иш ҳолатларидан келиб чиқиб, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномада назарда тутилган тақиқлар тури ва доира­сини қисқартириши мумкин. Аммо, суд илтимосномада кўрсатилмаган тақиқлар турлари ва доирасини белгилашига, шунинг­дек, илтимосномада қўлланилиши сўралмаган тақиқни бошқа турига ва доирасига ўзгартиришига йўл қўй­майди. 

Гумон қилинувчининг дастлабки қа­моқда ушланган ҳамда айбланувчининг уй қамоғида сақланган вақти Жиноят кодексининг 62-моддасида белгиланган тартибда кейинчалик суд томонидан тайинланган жазо муддатига киритилади.

Уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки уни қўллашни рад қи­лиш тўғрисидаги ажрим ўқиб эшиттирилган пайтдан эътиборан кучга киради ва дар­ҳол ижро қилинади.

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан уй қамоғи тарзидаги процессуал мажбурлов чораси қўлланганида, тергов органи бу ҳақда унинг оила аъзоларидан бирига, улар бўлмаган тақдирда эса, бошқа қариндошларига ёки яқин кишиларига хабар бериши, шунингдек, бу ҳақда унинг иш ёхуд ўқиш жойига маълум қилиши, уй қамоғига жойлаштирилган шахс ­бошқа давлатнинг фуқароси бўлса, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига йигирма тўрт соат ичида хабар бериши шарт.

Ишни судга қадар юритиш босқичида қўлланилган уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси шахсни бундан кейин уй қамоғида бўлиши учун асослар мавжуд бўлмаганда прокурор томонидан, шунинг­дек, прокурорнинг розилиги билан терговчи томонидан эҳтиёт чорасини қўл­лаш ҳақида ажрим чиқарган судни хабардор этган ҳолда бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши мумкин. Бунда уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши айнан ўша шахс­га нисбатан ушбу эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимоснома билан судга такроран мурожаат этишга монелик қилмайди.

Агар гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи соғлиғи ҳолати юзаси­дан соғ­лиқни сақлаш муассасасига олиб келинган ва ётқизилган бўлса, ички ишлар идораси зудлик билан бу ҳақда жиноят иши иш юритувида бўлган тергов органи ёки судни хабардор қилади.

Уй қамоғидаги шахс соғлиқни сақлаш муассасасига ётқизилганидан сўнг уни стационар даволанишга муҳтожлигига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббиёт экспертизаси тайинланиб, экспертиза натижасига кўра, уй қамоғи тарзидаги эҳ­тиёт чораси қўлланилган шахс даволанишга муҳтож эмас, деб топилган ҳолларда, шахс уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини ўтаётган манзилга қайтарилади.

Суд-тиббиёт экспертизаси уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини турар жойда ўтаётган шахснинг стационар тартибда даволанишга муҳтожлиги ҳақида хулоса берса, гумон қилинувчи, айб­ланувчи ёки судланувчи уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини ўташни соғлиқни сақлаш муассасасида давом эттириши тўғрисида прокурор, прокурорнинг розилиги билан терговчи томонидан қа­рор чиқарилади. Бу эҳтиёт чораси суднинг иш юритувидаги иш бўйича қўлланилган ҳолларда эса, судья томонидан қўшимча ажрим чиқарилади.

Айтиш керакки, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган шахс томонидан эҳтиёт чорасининг шартлари бузилганлиги ҳақида ички ишлар ор­ган­ларидан ёзма хабарнома олинганида, хабарноманинг асослилиги ва шахс томонидан эҳтиёт чораси шартлари бузилганлиги тергов органи ёки суд томонидан текширилади.

Табиий офатлар ва бошқа фавқулодда ҳолатлар юз берганида уй қамоғидаги шахс томонидан белгиланган тақиқ ва чекловларнинг бузилиши тегишли тартибда текширилганидан сўнг узрли деб топилиши мумкин.

Хулоса сифатида шуни таъкидлаш лозимки, процессуал мажбурлов чоралари тизимига янги — уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасининг киритилиши суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотлар йўлида қўйилган яна бир муҳим қадам бўлиб, у айнан инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

 

Олимжон ҲАЙИТОВ,

Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси.



DB query error.
Please try later.