Камолиддин АКРАМОВ, ЎзХДП Олмазор туман кенгаши раиси:
— «Ўзбекистон овози» газетасининг 2015 йил 19 сентябрь сонида «Етакчи қандай бўлиши керак?» сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда партия бошланғич ташкилоти етакчиси қандай хусусиятларга эга бўлиши, фаолиятини такомиллаштириш учун нималарга эътибор қаратиши зарурлиги ҳақида фикрлар билдирилди. Мақолани ўқигач, партия фаоли сифатида менда ҳам фикр-мулоҳаза билдириш истаги туғилди.
Биламизки, сиёсий партиянинг жамиятдаги ўрни кўп жиҳатдан унинг етакчилари салоҳиятига боғлиқ экани ҳаётда исботини топмоқда. Дастурий мақсадларни рўёбга чиқаришда ҳам улар ҳал қилувчи ўринга эга. Шунинг учун сафимизда билимли ва қатъиятли етакчиларнинг кўпайишига эришишимиз зарур.
Аввало, етакчи дадил бўлиши керак, деб ҳисоблайман. Ана шунда улар ўз ҳудудидаги воқеа-ҳодисаларга синчковлик билан қарайди, камчиликларни таҳлил қилиб, ҳал этиш бўйича аниқ таклифларни илгари суради.
Ўз ҳудудимиз мисолида айтадиган бўлсам, бугун туманимизда ЎзХДПнинг 97 бошланғич ташкилоти фаолият юритмоқда. Улар 3900 дан ортиқ аъзони бирлаштирган. «3-автобус саройи», Давлат солиқ инспекцияси, 15-оилавий поликлиника ва «Хончорбоғ» маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган қуйи бўғин етакчилари фаоллиги билан ажралиб туради. Жумладан, аъзолар билан ишлаш, сиёсий-ҳуқуқий билимдон ёшларни партия ишига кенгроқ жалб этиш бўйича самарали фаолият олиб бориляпти. Ўз навбатида ташаббускор ва илғор етакчилар сафи кенгайяпти.
Шу ўринда бир фикрни айтмоқчиман. Дейлик, қайсидир ҳудудда аҳолини бирор-бир муаммо ўйлантиряпти. Партия кенгаши ҳамда депутатларимиз бу ҳақда дастлаб ўша жойдаги қўйи бўғин етакчисидан фикр сўраши керак, назаримда. Бу муҳим аҳамиятга эга. Чунки бу вазиятда етакчиларнинг ўзи яшаётган ва фаолият олиб бораётган жойдаги ҳолатдан хабардорлиги ошади. Юзага келган масаланинг ечими юзасидан аниқ амалий таклиф беришга интилади. Зиммасидаги масъулиятни чуқурроқ ҳис этиб ишлашга ҳаракат қилади, деб ўйлайман.