29.09.2015

ЭЗГУ МАҚСАДЛАР САРИ ИНТИЛИШ

Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг етакчилари, депутатларини ташаббус кўрсатишга чорламоқда, кўп минг сонли аъзолари ва хайрихоҳларини янада жипслаштирмоқда

Қашқадарё вилоятида ЎзХДП нинг 845 бошланғич ташкилоти фаолият юритмоқда. Уларга 35 минг 344 нафар аъзо бирлашган. Шу йилнинг ўтган даврида вилоятда 1534 киши партиямиз сафига кирган бўлса, уларнинг тенг ярми ёшлар ва хотин-қизлардир.

ХалҚ депутатлари вилоят Кенгашига ЎЗХДПдан 22, шаҲар ва туман Кенгашларига эса 169 нафар депутат сайланган. Уларнинг 31 нафари хотин-Қизлардир. Шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига партиямиздан 3 нафар депутат сайланган.

Эсимда, 2014 йил август ойида ЎзХДП Қашқадарё вилоят кенгашининг конференциясида қатнашган эдим. Ҳисобот даври маърузаси, нотиқлар фикрини тинг­лаб, ўзимда туғилган мулоҳазаларни ён дафтарга қайд этдим. Хулоса шу эдики, айрим маърузаларда амалга ошган кўплаб яхши ишлар, ижобий тажрибалар, ўз навбатида камчиликлар тўла қамраб олинмаган. Айниқса, яратиш иштиёқи билан эътибор қозонган фаолларимиз, депутатларимиз тажрибаси, орзу-ўйлари тўлиқ очиб берилмаган эди.

Конференциядан сал ўтиб, хушхабар тар­қалди: ЎзХДП аъзоси, Қамаши туманидаги «Абди ўғли Бозор» фермер хўжалиги раиси, моҳир деҳқон Абдимурод Бозоров Президентимизнинг Фармони билан «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвони билан тақдирланди. Қашқадарё соҳилидаги катта майдон, оппоқ тусли шийпонга кўп келганман. Бордим, партиядошимизни қутладим. Ўзим ҳам ҳаяжонда эдим. Орадан анча вақт ўтиб, Абдимурод ака халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлигига сайланди. Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлди. Яна бордим, суҳбатлашиб, вилоят партия ташкилоти, депутатларимиз фаолия­ти ҳақида мақола ёзиш ниятида эканимни айтиб, маслаҳат сўрадим.

— Яхши ишга қўл урибсиз, — деди у.

— Мана, мен шу юртда туғилганим, яшаётганим, меҳнат қилаётганимдан фахрланаман. Шўро даврида қанча интилма­йин, меҳнатим қадр топмаган эди. Шукрки, бугун буларнинг бари эътибор ва эъзозга тушди. Ҳалол меҳнат қадрланадиган, ҳамма азми-ҳаракатлар инсон учун, унинг бахт-иқболи учун бўлган юртнинг келажаги порлоқ. Ҳар бир ишнинг ўз масъулияти, ҳар бир ниятнинг интилиши бўлади. Қолган гапнинг мағзини чақиб олаверинг...

Англадим ва йўлга отландим.

 

ТАЯНЧ ВА ҚЎШҚАНОТ

Кенгликлар бағрига сингиб кетган Муборак чўли. Бир томонда пахта ва ғаллага ажратилган сувли ерлар. Аммо яйловлар кўпроқ, яъни 300 минг гектардан ортиқ. Нафақат яйлов, балки газ, нефть ва бошқа бойликлар кони. Мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидаёқ Юртбошимиз Кўкдумалоқ каби йирик конларни ўзлаштиришнинг аҳамияти ҳақида гапириб, қутлуғ режаларни баён этиб берган эди.

Ўтган даврда ўнлаб захираси мўл конлар топилди. Кўкдумалоқ компрессор станцияси ишга туширилди. Қудратли ёқилғи-энергетика тизими яратилди. Агар мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган газнинг 90 фоизи Қашқадарё воҳаси ҳиссасига тўғри келса, шундан энг кўп — 30 миллиард кубометр газни Муборак заводи тайёр маҳсулотга айлантиради. Ана шу корхона чилангари, партиямиз фаоли Қобил Мўминов «Ўзбекистон Қаҳрамони» юксак унвонига сазовор бўлган. У ҳозир пенсияда, лекин ёшлардан маслаҳатини аямайди...

Саксовулзор томон машинамизни буриб, чўл бағрига тикилар эканман, аввал ана шу фидокор инсонни эсладим. Кейин ЎзХДП вилоят кенгаши фао­лияти билан танишганимни бир-бир хаёлимдан ўтказа бошладим. Яхши суҳбат бўлганди. Кенгаш раисининг биринчи ўринбосари Музаффар Туропов сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимида ўтказилаётган машғулотларга кўпроқ ёшлар, электоратимиз вакилларини тортиш ҳақида гапирди. Кенгаш раисининг ташкилий, кадрлар ишлари бўйича ўринбосари Ўктам Қурбонов, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири Шаҳло Холиқова, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Фаррух Холиқов тўпланган тажриба бўйича аниқ маълумотлар берди.

Бир фикр устун келди: «Истиқбол» ва «Фаол аёллар» қанотлари фаолиятини ривожлантиришда бошланғич партия ташкилотларига таяниш яхши натижа беради.

Шу боис ишни бошланғич ташкилотлар тажрибасини ўрганишдан бошлайдиган бўлдим. Қайдларга тўлган ён дафтаримни варақлайман. Жуда кўп ёшлар билан учрашибман. Шулардан бири Абдураҳмон Тўев Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтини битирган. Муборак газни қайта ишлаш заводида, ахборот бошқарув тизимида иқтисодчи. У ҳақда партиямиз Муборак туман кенгаши раиси  Алиме Парпиева шундай деганди: «Биласизми, заводда қанча киши ишлайди? 4300 нафардан ортиқ! Корхона раҳбари Элмурод Қурбонов партиямиздан вилоят Кенгаши депутати. Ҳозир туманда 37 бошланғич ташкилот 1600 га яқин аъзони бирлаштириб турибди. Корхонадаги бошланғич ташкилотимизга икки йилдан буён Абдураҳмон Тўев етакчи. Ташаббускор, ташкилотчи».

Бу йил бошланғич ташкилотимизга яна 27 киши қўшилди.

Қашқадарёда бундай ташаббускор бошланғич ташкилотлари кўп. Яна ён дафтаримни варақлаб, кўрганларимни эсга оламан. Масалан, Озода Холиқова етакчилик қилаётган Китоб тумани Сарой маҳалласидаги ҳудудий партия ташкилотининг аъзолари 50 нафарга етибди. Олдинги йили ҳисобот-сайлов йиғилишида қатнашганимда Холиқова яна етакчиликка сайланган, режаларини айтганди. Улар амалга ошибди. Қишлоқ ички йўлларини ҳомийлар ёрдамида тош тўкиб, созлашибди. Яна бир қишлоқнинг йўлларини яхшилаш режаси бор экан. Қишлоқ аёллари тадбиркорлик билан шуғулланиши масаласига эътибор катта экан. Худди шундай ёндашувни Ғузор туманида ҳам кўрдик. Туман кенгаши «Фаол аёллар» қаноти етакчиси Сайёра Қобилова тўғри Бўстон қишлоғига олиб борди. Бу ердаги ҳудудий партия ташкилотининг аъзолари сони 273 киши экан! Ойдин Норова уларга етакчи. У киши билан самимий суҳбатда дилим янада ёришди...

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, партиявий ишни уюштириш, ёшлар, айниқса, хотин-қизлар ижтимоий фаоллигини ошириш борасида Қарши туман партия ташкилоти намунали экан. Туман партия кенгашига анча йилдан буён Замира Азизова раҳбар, туман Кенгашидаги гуруҳимиз етакчиси. Туман Кенгашига партиямиздан 14 нафар, вилоят Кенгашига эса 4 нафар депутат сайлангани, партия аъзолари 3200 нафарга етгани кўп нарсадан далолат бериб турибди. Депутатлардан 6 нафари хотин-қиз. Қоратепа иқтисодиёт коллежи ўқитувчиси, депутатимиз Гулшода Омонова кам таъминланган оилалар фарзандларига дарсликлар олиб бериш масаласида ташкилотчилик қилди. Замира Азизованинг ўзи «Қаршимебель» корхонаси бошлиғи, вилоят Кенгашидаги депутатимиз Саломат Комилова билан ҳамкорликда Туқманғит, Батош қишлоқлари аҳолисини тоза ичимлик суви, электр энергияси билан таъминлашни яхшилаш бўйича тегишли ташкилотларга сўров билан чиқишибди. Бу масала эътиборга олинган. Энг муҳими, икки йилда туман ҳокимлиги билан ҳамкорликда 100 нафар хотин-қизга имтиёзли кредит олиб беришди, улар ўз ишларини йўлга қўйишди, кўплаб одамлар ишли бўлишди.

 

ХАЙРИХОҲЛАР ИШОНЧИ

Косон туманида 65 та бошланғич партия ташкилоти фаолият кўрсатяпти, аъзолари уч минг кишига етди. Ўтган сайловларда туман Кенгашидаги 30 депутатдан 16 нафари партиямиздан сайланди. Бу — вилоятда энг юқори кўрсаткич. Бу борада Султонмурод Раҳимовнинг хизматлари катта. Султонмурод уч йилдан буён туман Кенгашига раҳбарлик қиляпти. Ташкилотчи, ташаббускор. Ўтган йили унга Марказий Кенгашимизнинг мукофоти берилди. Бу сафар ҳам уни ишхонасида, одамлар қуршовида учратдим.

— Ёшим 63 да, ўн йилдан буён «Пис­тали» маҳалла фуқаролар йиғинига бошчилик қилиб келяпман, — дейди Элмурод Примов. — Айтаверайми? Хўш, туманимизда 251 минг аҳоли яшайди, 65 қишлоқ ва маҳалла йиғинлари тузилган. Ҳеч қандай партияга аъзо эмасман. Ростини айтаман, Ўзбекистон Халқ демократик партия­сига, унинг фаоллари қилаётган хайрли ишларга мойилман. Депутатимиз Шодмон Шукуровга таклифларимизни тортинмай айтаверамиз. Қишлоқдаги қабристонни ободонлаштириш ишининг бошида турди, икки километр ички йўлни асфальтлашни режага киритиб берди. Барака топгур, эл юмушидан бўйин товламайди.

— Одамларнинг ҳурматини қозониш осон эмас, — дейди «Косондон» МЧЖ бошланғич партия ташкилоти раиси Хушвақт Пирматов. — Кечаги хайрихоҳларимиз бугун сафимизга қўшилмоқда. Ҳозир аъзоларимиз сони 338 нафарга етди. Корхонамиз раҳбари Шерали Донаев туман Кенгаши депутати. Янгиликлар кўп, яқинда макарон тайёрлаш цехини ишга туширамиз, яна 50 киши ишли бўлади...

Партиямиз гуруҳи раҳбари Султонмурод Раҳимов талабчан инсон. Унинг айтишича, туман бюджетини шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш доимий комиссиясининг 30 май кунидаги йиғилишида ижтимоий нафақаларни тайинлашни такомиллаштириш масаласи кўриб чиқилибди. Қарор қабул қилиниб, ижроси назоратга олинибди. Ижтимоий ҳимояга қаратилган бош­қа хайр­ли ишлар ҳам кўп. Депутатларнинг ҳаракати билан Холбой Муҳаммадиев, Ҳасан Аваровга ногиронлик аравачалари олиб берилди. Жойларда ижтимоий нафақалар тайинлашни ўрганиш учун мониторинг ўтказиш режаси тузилди.

— Хайрихоҳларсиз партия фаолият кўрсата олмайди, — дейди анча йилдан буён Касби туман партия кенгаши раиси бўлиб ишлаб келаётган Абдуали Холов. — Масалан, ҳозир 2267 аъзога эгамиз. Шу йилнинг ўтган даврида 132 киши партиямиз сафига қўшилди, уларнинг аксарияти ёшлар. Туманимизда 180 минг аҳоли истиқомат қилади. Хайрихоҳларимизнинг қўллаб-қувватлаши билан 11 номзодимиз туман, битта номзодимиз эса вилоят Кенгаши депутатлигига сайланди. Қандай ишлаяпмиз? Ҳозир қуруқ ваъда, баландпарвоз гаплар керак эмас. Туман пахта тозалаш АЖ раиси, вилоят Кенгашидаги депутатимиз Улуғбек Аминов аҳоли талабини ўрганиб, намунали уйларни кўпайтириш сўрови билан чиқди. Масала тегишли ташкилотлар томонидан ўрганилди ва ҳозир Мовлон қишлоғида 15 намунали уй қуриляпти. Туман Кенгашидаги депутатимиз, фермерлар уюшмаси раиси Авазмурод Бобоев Наврўз маҳалласи ҳудудини суғориш учун сув тақчиллиги масаласини кўтарди, елиб-югурди. Натижада масала ижобий ҳал бўлди.

 

МУҲИМ, ЖУДА МУҲИМ...

Шу йилнинг июнь ойи ўртаси эди. Китоб туман ҳокимлигида бир тадбир ўтказилди. Унда янги қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун ҳақида гап борди. Шундан ке­йин Қашқадарё вилояти ҳокимининг алоҳида фармойиши билан туманларда фуқароларни қабул қилиш жорий қилинди. Фармойишда ўзини ўзи бош­қариш органлари фаолиятини такомиллаштириш, мурожаатларни кўриб чиқишда қонунчиликни тўла таъминлаш чора-тадбирлари алоҳида белгилаб қўйилди ва ҳар бир туманга вакиллар тайинланди. Шунга кўра, Китоб туманида ҳар ҳафтада бир марта ЎзХДП вилоят кенгаши раиси, вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Олим Равшанов қабул ўтказа бошлаганди. Ўша кунги қабулда мен ҳам иштирок этиб, бевосита ариза ва шикоятлардан хабардор бўлиш, таҳлил қилиш имконига эга бўлдим.

Муаттар Очилова умр йўлдоши 15 йилдан буён ногирон экани, ёрдамга муҳтожлигини айтди. Яккатут қишлоғидан «Кишмиш» фермер хўжалиги бошлиғи Баҳриддин Янгибоев кредит, ер майдони ажратиш юзасидан мурожаатининг натижасини билгани келибди. Фуқаро Мухтор Қўлдошев Сарой қишлоғида емхона қуриш учун ер майдони ажратилишида ёрдам сўради...

— Китоб тумани ҳар томонлама ривожланиб боряпти — дейди Олим Равшанов биз билан суҳбатда. — Кўплаб оилаларга қорамол олиш учун кредит беришибди. Лекин банк эшиги олдидан қайтувчилар ҳам йўқ эмас. Ўргандик, айримлар гаровга мулк қўйишдан қийналишяпти. Туман мутасадди ташкилотлари билан бу масалани ечса бўлади. Яна айрим мурожаатларни ўз ўрнида ўрганишимиз керак бўлади.

— Худди шуни сўрамоқчи эдим. Масалан, Олақўйли қишлоғида яшовчи Маҳфуза Аҳмедова ногирон фарзандига атиги бир марта иқтисодий ёрдам берилганини айт­ди. Ногирон фарзанд парваришлаётган оналарга берилган қонуний имтиёзлардан фойдаланиш масаласида тушунтириш ишларини кучайтириш учун нима ишлар қилиняпти? Масаланинг иккинчи томони партиямизнинг Жамоатчилик қабулхоналарига бориб тақалмоқда. Умуман, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолиятини янада такомиллаштириш вазифаси қўйилаётган айни пайтда бизнинг депутатларимиз қай даражада фаоллик кўрсатяпти?

— Қаранг, қанча савол, — дейди Олим Равшанов. — Шунга қарамай, сиз ҳақсиз. Ногирон фарзандини парвариш қилаётган онанинг ҳақиқий аҳволини ўрганишни ЎзХДП туман кенгаши, депутатлик гуруҳига топширамиз. Кўриниб турибдики, сиёсий ва фуқаролик маърифати тизими машғулотларида қонунларни ўрганишни яхшилашимиз керак экан. Барча вилоят, шаҳар ҳамда туман кенгашлари депутатлари фаолиятини янада кучайтиришга ҳаракат қиляпмиз. Масалан, ҳозиргача 16  муҳим масала доимий комиссиялар, партиямиз гуруҳлари йиғилишларида кўриб чиқилди. Бундан ташқари, 80 га яқин депутатлик сўровида ижтимоий-иқтисодий муҳим муаммолар ташкилотлар олдига қўйилди. Натижасини ўрганиб боряпмиз. Тўғри айтдингиз, мурожаатларни ўрганиш, таҳлил қилиш жараёни — партия  ташкилотларимиз, депутатларимиз учун алоҳида ҳаёт мактаби. Марҳамат, ўрганинг, таққосланг. Танқид қилсангиз ҳам хафа бўлмаймиз...

Бу фикр маъқул тушди. Вилоятдаги барча Жамоатчилик қабулхоналарига шу йилнинг ўтган даврида 374 мурожаат тушди ва ҳозиргача уларнинг 70 фоизи ҳал қилинди. Мурожаатлар қай тарзда кўриб чиқилмоқда? Битта мисол. Қарши туманида яшаётган Неъмат Бобоқулов ЎзХДП вилоят кенгашига келади. Уни Косон туманига юборишади. ЎзХДП туман кенгаши раиси Султонмурод Раҳимов уни тинглаб, масалани ҳокимлик олдига қўяди. Натижада унга деҳқон хўжалиги учун ер ажратилади.

Деҳқонобод туманидаги «Деҳ­қонобод калийли ўғитлар заводи» фаолиятини ўрганиб, 400 метр ер остидаги конга тушганимда, мураккаб техникани бошқараётган ёшлар: «Бирор нарсадан қийналсак, Исмоил ака бор, ёрдам беради», дейишганди. Уларнинг айримлари ЎзХДП аъзоси экан-да. Кейин суриштирсам, завод девонхонаси мудири Исмоил Тангиров ташкилотдаги БПТ етакчиси ҳам экан. Қисқа вақт ичида янги ташкилот аъзолари 70 нафарга етибди. Умуман, туман кенгаши халқ ўртасида обрўли. Бу сайловда партиямиздан 12 киши туман ва 2 киши вилоят Кенгаши депутатлигига сайланди. Ўтган даврда Жамоатчилик қабулхонасига 45 мурожаат тушибди, уларнинг аксарияти ҳал қилинибди. Депутатлар 15 сўров билан чиқишибди. Туман аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида бошланган ишларни давом эттириб, якунига етказишни сўраб, туман ҳокими, партиямиздан вилоят Кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси Абдишукур Омоновга мурожаат қилинибди.

— Ўқитувчиман, болаларни илм-одобга ўргатаман. Насибам халқ билан, достон, қўшиқлар айтиб, юрт кезаман. Одамлар кўнглидаги гапларни туман кенгашига, баъзан ҳокимимизга етказаман, — дейди Ўзбекистон халқ бахшиси, туман Кенгашидаги депутатимиз Абдуқаҳҳор Раҳимов.

Эътироф этиш керакки, мурожаатлар билан ишлаш борасида Қарши шаҳар партия ташкилотининг тажрибаси бир неча бор оғизга тушганди. Бироқ мен бу сафар танқидий фикрларни ҳам эшитдим. Бошим қотди. Охири, чуқурроқ ўрганишга аҳд қилдим. Аҳолиси 250 минг кишидан ортиқ, вилоятнинг саноат, маданият ва маънавият маркази бўлган Қаршида фаолият кўрсатиш ниҳоятда масъулиятли. Айни дамда шаҳардаги 65 БПТ 3060 нафар аъзони бирлаштириб турибди. Шаҳар Кенгашига партиямиздан 11 депутат сайланган. Айниқса, Қарши шаҳрини қайта қуриш ва ободонлаштириш борасида ҳукумат Дастури амалга оша бошлаганда Жамоатчилик қабулхонасига мурожаатлар кўпайди. Биров бузилган уйи учун ҳақ олиш, биров янги уй қуриш учун ер сўраб ёки бошқа муҳим масала юзасидан келишади. Мурожаатлар асосида депутатлар 20 га яқин сўров билан чиқишди.

— Ишимиз ҳақида танқидий фикрларни айтганлардан хафа бўлмаймиз, — дейди Қарши шаҳар партия кенгаши раиси, шаҳар Кенгашидаги партиямиз гуруҳи раҳбари Рашид Муртозаев. — Танқидсиз ҳаракат, ўйлаш, интилиш бўлмайди. Олдинги йили шаҳар Кенгаши депутати Бобоназар Қулмуродов Шайхали маҳалласида оилавий поликлиника ташкил этиш таклифи билан чиқди. Масалани Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги депутатимиз Комила Каромовага ҳавола қилдик. Натижада Соғлиқни сақлаш вазирлиги рухсати билан маҳаллада оилавий поликлиника филиали ташкил топди. Депутатимиз Жамила Тўрақулова Отчопар маҳалласидаги янги уйларга кўчган аҳоли учун ҳали электр етиб бормагани масаласини тегишли ташкилотларга етказмоқда. Депутат Назира Ўроқова темир йўл вокзали, ёғ-экстракция заводи, Ғафур Ғулом, Кат, Захоки Марон маҳаллалари ҳудудида болалар боғчаси қуриш имкониятини ўрганмоқда. Ҳамма нарса бирдан ҳал бўладими? Йўқ, албатта.

 

ҲАРАКАТ, ФАҚАТ ҲАРАКАТ

Вилоят партия кенгашининг шу йил апрель ойида ўтган пленумида жуда муҳим масалалар муҳокама қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Саттор Раҳматов Президентимизнинг Қонунчилик палатаси ва Сенати қўшма мажлисидаги маърузасида кўтарилган устувор вазифаларга кенг тўхталди. Пленумда партия Марказий Кенгашидаги аҳоли бандлиги ва ижтимоий сиёсат масалалари бўлими референти Фахриддин Йўлдошев аниқ далилларга таяниб, айрим депутатларимиз ҳанузгача бирорта сўров билан чиқишмагани, ташаббус кўрсатмаётганини танқид қилганди.

Икки нотиқнинг мулоҳазаси эътиборимни тортди. Чироқчи тумани маънавият-маърифат маркази раҳбари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти соҳибаси, партиямиз фаоли Зарнигор Аҳмедова куйинчаклик билан коллеж битирувчиларини ишга жойлаштиришда сансалорликлар юз бераётгани ҳақида гапириб, аниқ таклифларини билдирганди. Таклифлари орасида таълимни такомиллаштириш, зарур касбларни ўқитиш ҳам бор эди. Партиямиздан вилоят Кенгаши депутати, «Нуроний» жамғармаси вилоят кенгаши раиси Январ Иноятов, жумладан, шундай деганди: «Ёшларнинг ишли бўлиши, бандлик масаласи — ҳамиша муҳим, ҳаёт талаби. Шунинг учун давлат миқёсида дас­турлар қабул қилинаяпти, тадбирлар белгиланяпти. Масалан, Шаҳрисабзнинг узоқ тоғлар бағридаги Гелон, Миришкор туманининг Помук, Чироқчи туманининг Лангар каби қишлоқларидаги ёшлар коллежни битиргач, қаерга боради? Саноат корхонаси, катта қурилиш, мактаб, боғча кам ёки кадрларга эҳтиёж туғилмаса-чи? Ҳа, масалани жиддий ўйлаб, уй ҳунармандчилиги, касаначиликни ривожлантириш эътиборда турмоғи керак. Яна «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастуридаги вазифалар ҳақида. Дастур чуқур ўйлаб тузилган. Унда мингдан ортиқ ёлғиз қарияларнинг уй-жойини таъмирлаш, моддий ёрдам кўрсатиш, соғлиғини тиклашга кўмаклашиш каби ўнлаб ўта муҳим вазифалар қамраб олинган. Демак, бу қутлуғ ишнинг амалга ошишига муносиб ҳисса қўшиш керак.

Пленумдан кейин партиямизнинг Ҳаракат дастурини амалга оширишга катта эътибор берила бошланди. Амалий ишлар ҳажми кенгайди. Коллеж битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи билан қизиқдим. Миришкор, Қамаши, Чироқчи, Қарши, Китоб, Нишон ва бошқа туманларда маълум тажриба ва ҳаракат бор. Шаҳрисабз тумани тажрибаси эътиборга молик. Ҳар хил маълумотлар, рақамлардан кўра, ўз кўзим билан кўриш, таҳлил қилишга мойил эдим.

Туман партия кенгашида коллежлар ва ташкилотларнинг уч томонлама шартномаларининг бажарилиши назоратга олинганини айтиб, яхши ҳамкорлик қилаётган коллежларни тилга олишди. Шулардан бири енгил саноат ва хизмат кўрсатиш коллежи директори ўринбосари Завқиддин Дўстов шаҳардаги «Дон — ризқ-рўз», «Оқсарой текстиль» МЧЖ ва бошқа корхоналар буюртмасига кўра, мутахассислар тайёрлагани ҳақида гапириб берди. Ўтган йили коллежни 179 ўқувчи битирган бўлса, асосий қисми ишга жойлашган, айримлари ўқув юртларида таълим олишмоқда. Бу йил ҳам натижа яхши. «Оқсарой текстиль» МЧЖ га бориб, Японияда ишлаб чиқарилган ип йигирув дастгоҳини бемалол бошқараётган Шоҳсанам Ҳамдамованинг ишини кузатдим. У ўтган йили коллежни битирган.

— Биз яхши мутахассисларни албатта ишга оламиз, — дейди корхона ип ўраш цехи бошлиғи Асқаржон Бобоқулов. — Кўриб турибсиз, дастгоҳлар мураккаб ва қимматбаҳо. Ҳозир енгил саноат ва хизмат кўрсатиш коллежининг 18 нафар битирувчиси корхонамизда меҳнат қилаяпти...

Шаҳрисабз туман партия кенгаши раиси, туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари Дилшоджон Ёровнинг айтишича, туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий ҳимоялаш маркази билан ҳамкорликда иш олиб боришаяпти. Бу йил коллежларни 5 мингдан ортиқ ёш битирган. Кўпчилиги иш топган, айримларига бошқа касб бўйича таклифлар берилган. Дилшоджон суҳбат мавзусини ўзгартириб, «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастурини амалга ошириш борасида бажарилган ишларга тўхтала бошлади.

Яккабоғ туманига йўл оламан. Туман кенгаши раиси Неъмат Жумаев ҳузурида 8-Қоратепа сайлов округидан туман Кенгаши депутати, 70 ёшли Султон  Ҳалимовни учратдим. Узоқ йиллар ўқитувчи, мактаб директори бўлган бу инсон депутатликка сайлангач ҳам тинмас экан. Аҳоли мурожаати асосида 4 километр йўлни асфальтлаштиришни режага киритибди. Шу йили 7 нафар қарияга ижтимоий таъминот бўлими орқали бепул йўлланма олиб бериб, санаторийда даволанишини уюштирибди.

Неъмат Жумаев дарахтзорлар қўйнидаги 160 ўринли Саховат уйига бошлайди. Чунки партия кенгаши доим хабар олиб тураркан-да. Бордим, ҳамма ёқ ораста, ҳозир бу ерда 93 нафар кекса ғамхўрликдан баҳраманд. «Ҳукуматга раҳмат, ғамхўрлиги учун. Партиянгизга ҳам раҳмат», дейди 75 ёшли Рафаэл Нормуҳаммедов...

Уч ой орасида партиямизнинг вилоят, шаҳар, туман кенгашлари фаолияти билан обдан танишдим. Қаш­қадарёдаги кўплаб меҳнат жамоаларида минг­лаб, ўн минглаб партиядошларимиз фидокорона меҳнат қилмоқда. Ҳаракат дас­туримиздаги вазифалар қандай амалга ошаётганини кузатдим, намунали етакчилар билан кўришиб, суҳбатлашдим. Баъзан кўнглим тўлди, баъзан ранжидим. Нима дердик, ҳаёт шундай: ҳар доим эзгу ишлар, амалий натижалар учун интилиш керак. Фақат уриниш, ҳаракат қилиш лозим. Айланиб, яна «Абди ўғли Бозор» фермер хўжалиги даласига келдим.

Қашқадарё соҳилидаги далада пахта терими қизғин. Ҳосил мўл. Ўзбекис­тон Қаҳрамони, Сенат аъзоси Абдимурод Бозоров билан шийпон ёнидаги ёғоч сўрида ўтириб, бир пиёла чой устида суҳбатлашдик.

— Кўп воқеаларни ўз кўзингиз билан кўриб, яхши қилибсиз, — дейди Абдумурод ака оқликка йўғрилган пахтазорга меҳр билан боқар экан. Ке­йин менга ўгирилди: — Қайси соҳа бўлмасин, одамни меҳнат улуғлар экан. Президентимиз икки бор шу даламизга келиб, тараққиётга оид айрим режаларини айтганди. Шу йил Касби туманидаги учрашувда ёшларни касб-ҳунарли, фидойи этиб тарбия­лаш вазифасини қўйдилар. Ҳозир шуни ўйлаб турувдим. Менимча, ёш етакчиларни тарбиялаш бўйича тажрибаларни ўргатишимиз лозим...

 

Юнус УЗОҚОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.



DB query error.
Please try later.