26.09.2015

ИШ ЎРИНЛАРИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси ўрганилди

Мамлакатимизда ҳар йили қабул қилинадиган иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурида ҳар бир ҳудуд бўйича аниқ кўрсаткичлар белгиланади. Уларнинг рўёбга чиқарилиши фуқароларнинг турмуш даражасини ошириш, фаровонлигини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади.

Таъкидлаш керакки, Дастур ижроси таъминланиши, аввало, ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда қийналаётган кишилар манфаатига хизмат қилади. Шу жиҳатдан олиб қарасак, 2015 йилда ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, янги иш ўринлари очиш жараёнида юзага келаётган масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок этиш ЎзХДП ташкилотлари ва депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Халқ депутатлари Қанликўл туман Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳида 9 нафар депутат фаолият юритади. Улар аҳоли, хусусан, касб-ҳунар коллежи битирувчиларини ишга жойлаштириш, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатидан келиб чиқиб, банд­ликни таъминлашга катта эътибор қаратяпти.

Хусусан, яқинда ЎзХДП гуруҳи туманда «2015 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури» ижроси бўйича назорат-таҳлил ишларини олиб борди. Дастурда белгиланган объектларнинг ўз вақтида очилиши, вақтинча фаолиятини тўхтатиб турган ишлаб чиқариш тармоқларида учраётган муаммоларни бартараф этиш, касаначилик, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали янги иш жойлари яратиш билан боғлиқ масалалар чуқур ўрганилди. Шунингдек, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилган ҳаракатлар бўйича тизимли мониторинг ўрнатилди.

Маълум бўлишича, туманда шу йилнинг ўтган 8 ойи давомида мақсадли дастурларга мувофиқ 164, саноатда 35, хизмат кўрсатиш соҳасида 73 иш ўрни яратилди.

Жорий йилда тумандаги 3 касб-ҳунар коллежини 557 нафар ўқувчи тамомлаган. Улар 355 корхона-ташкилот билан уч томонлама шартномалар тузган. Бироқ шартнома шарт­лари ҳамма жойда ҳам тўлиқ бажарилмаган.

Туманда аҳоли бандлигини таъминлаш, уларни бўш иш ўринлари билан таништириш мақсадида мунтазам равишда меҳнат ярмаркалари ташкил этиб келинмоқда. Жумладан, йилнинг биринчи ярим  йиллигида бўлиб ўтган ярмаркада 44 нафар фуқаро мутахассислиги асосида иш билан таъминланди, 14 нафар кишига мутахассислар тавсиялар беришди.  

Депутатлар назорат-таҳлил ишлари натижаларини умумлаштириб, уларни партия гуруҳи йиғилишида кенг муҳокама этишди. Йиғилишда маҳаллийлаштириш ва бошқа қатор мақсадли дастурларнинг муваффақиятли амалга оширилиши иш ўринлари очилиши учун қулай шароит яратаётгани қайд этилди. Бандлик Дастури ижросини таъминлаш, битирувчиларнинг иш­га жойлашгани ҳақидаги маълумотларнинг ҳаққонийлигига эришиш билан боғлиқ масалалар атрофлича муҳокама қилинди.

Шундан сўнг иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси юзасидан аниқланган хато ва камчиликлар, муам­молар бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Хусусан, депутатларнинг қайд этишича, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини, соҳаларнинг ривожланиш истиқболларини чуқур ўрганган ҳолда, қандай мутахассисга эҳтиёж борлигини аниқлаш керак. Коллежларнинг касбга тайёрлаш йўналишларини ҳудуд иқтисодиёти билан мувофиқлаштириш битирувчиларни ишга жойлаштиришда муҳим аҳамиятга эга. Чунки битирувчи унга талаб ва эҳтиёж бор жойга ишга келади ва қийинчиликсиз иш бошлайди.

Шунингдек, бандлик масаласини ҳал этиш учун жойларда уй меҳнати, оилавий тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш лозим. Бунинг учун, керак бўлса, уйма-уй юриб, одамлар билан юзма-юз учрашиш лозим. Ишлаб чиқаришнинг қайсидир турига қизиқиши бор, бироқ қўлида маблағи йўқлиги учун иш бошлашга қийналиб юрган одамларни аниқлаш зарур. Уларга меҳнат қонунчилигини кенг тушунтириш, бизнес-режа ишлаб чиқиш тартиби ҳақида маълумот бериш, шунингдек, кредит олиши учун яқиндан кўмаклашиш керак.

Бундан ташқари, коллеж битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш, маълумотларнинг ҳақ­қонийлигини ҳар бир коллеж кесимида мунтазам ўрганиб бориш керак.

Партия гуруҳи йиғилишида билдирилган таклифлар депутатлар томонидан қизғин муҳокама этилди ва масалани тегишли доимий комиссия йиғилиши кун тартибига киритиш бўйича қарор қабул қилинди.

 

Нокисбай ГАНИЕВ,

ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши бўлим мудири.



DB query error.
Please try later.