26.09.2015

МАБЛАFИНГИЗНИ ИШОНЧЛИ БОШҚАРУВЧИГА ТОПШИРИНГ

Олий Мажлис Сенатининг жорий йил август ойида бўлиб ўтган учинчи ялпи мажлисида маъ­қулланган «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги Қонун мутахассисларнинг таъкидлашича, мамлакатимиз иқтисодиётида ўзига хос янги муносабатлар кенгайишига, инвестиция соҳасида қулай имкониятлар очилишига хизмат қилади.

Хўш, мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти, аҳамияти нимадан иборат? Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоларининг фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Феруза ЭШМАТОВА:

— Аввало, инвестиция ва пай фонди тушунчаларига тўхталсак. Айтайлик, кимнингдир бўш турган маблағи бор. У ўз маблағини кўпайтириш, пулларини иқтисодиётнинг муайян соҳасига йўналтириш, бунда ишончли бошқарувчига таяниш ниятида. Инвестиция ва пай фондлари қонуний жиҳатдан бундай имкониятни яратиб беради. Бу жараёнда маблағ эгасидан ҳеч қандай ҳаракат, тушуниб-тушунмай бирор таваккалчиликка қўл уриш талаб этилмайди. Чунки у йўналишни ўзи танлаган ҳолда, маблағларини ишончли бошқарувчига беради. Натижада жамоавий инвестициялаш тизими ишга тушади ва аҳолининг бўш турган пул маблағларини ҳаракатга келтириш имкони юзага келади. 

Эътиборли томони, бошқарувчи бир кишининг маблағи билан иш бошламайди. Бир нечта кишининг йиғилган пул маблағлари йиғиндиси ҳисобига пай фонди ташкил этилади. Бошқарувчи жамоавийлик асосида, яъни алоҳида фондга гуруҳланган акциялар, улушлар, облигациялар ва бошқа активлардан иборат бир неча пай фондини ташкил этиб, йиғилган сармоялар асосида иш юритади. Улар акциялар фонди, энергетика фонди, кимё саноати фонди, нефт-газ тармоғи ва бошқалар бўлиши мумкин. Кишиларнинг маблағи мазкур фондлар бўйича гуруҳлаштирилган инвестиция активларига киритилади. Унда ҳар бир инвесторнинг ўз инвестицияларига мутаносиб улуши бўлади.

Бу ўринда маблағ бериб турган инвестор ва ишончли бошқарувчи ўртасида шартнома ҳам тузилади. Унда инвесторлар пул маблағларининг умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида пай фондига бирлаштириш назарда тутилади. Шу тариқа инвесторлар пай фондига пул маблағларини киритади ва профессионал менежерлар орқали маблағларни мақсадли сарф­лайди. Инвестиция пайларини жойлаштириш барча пул тикканлар учун ягона нарх бўйича амалга оширилади.

Демак, инвестиция ва пай фондлари хусусий инвесторларнинг маблағларини тўп­лаш, хусусий сармоядорлар маблағини самарали бош­қариш механизмини яратиш, шу билан бирга, молия бозорини янада ривожлантиришга хизмат қилади. Шу маънода «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши муҳим аҳамиятга эга масаладир.

Фарҳод УМАРОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Жорий йилнинг 26 авгус­тидан кучга кирган мазкур қонун фонд бозори томонидан иқтисодиёт тармоқлари ўртасида сармоянинг эркин оқимини таъминлаш, инвесторларга ва аҳолининг кенг қатламларига капитал бозорига кириш имкониятини бериш ҳамда жамғармаларни шакллантириш ва кўпайтиришга кенг йўл очади.

Қонунга кўра, инвестиция фонди ўз фаолиятини қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органи томонидан бериладиган лицензия асосида амалга оширади.

Қонун билан инвестиция фонди, пай фонди, инвестиция пайлари, инвестиция активлари, ишончли бошқарувчи ва ишончли бошқариш шартномаси, инвестиция декларацияси каби тушунчаларга изоҳ берилган, уларнинг хар бирининг ўрни ва аҳамия­ти белгилаб қўйилган.

Хусусан, Қонуннинг 9-моддаси ишончли бошқариш шартномасига қаратилган. Унга кўра, пай фондини ишончли бошқариш шартномаси қўшилиш шартномасидир. Ишончли бошқарув ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ амалга оширилади. Ушбу шартнома ишончли бошқарувчининг раҳбари томонидан акциядорлар умумий йиғилишининг қарорига асосан инвестиция фондининг кузатув кенгаши раиси ҳамда ушбу ҳужжатни имзолаш ва унга қўшилиш орқали пай фондининг инвесторлари билан тузилади. 

Яна бир муҳим жиҳати, инвестиция фонди томонидан бир вақтнинг ўзида бир неч­та ишончли бошқарувчи билан ишончли бошқариш шарт­номаси тузишга йўл қўйилмайди. Ишончли бош­қариш шартномасида унинг ажралмас қисми бўлган ва инвестиция активларининг таркибига нисбатан талаблар қўядиган инвестиция декларацияси, албатта, бўлиши керак.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш жоизки, мазкур Қонун пар­тия­миз Сайлов­олди дастурида белгиланган қатор вазифалар амалга ошишига, иқтисодиёт соҳаларининг янада тараққий этиши ва янги иш ўринлари очилиши учун янада кенг шароит яратилишига хизмат қилади. 

Дилмурод САЪДУЛЛАЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Жаҳон тажрибасига назар соладиган бўлсак, пай фондлари бутун дунёда, хусусан, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Япония, Жанубий Корея ва Россия каби мамлакатларда жуда кенг тар­қалган. Улар иқтисодиётга янги инвестицияларни киритиш, ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш соҳаларини модернизация қилиш, корхона ва тармоқ ривожи учун қўшимча ресурсларни жалб қилиш ва улардан самарали фойдаланиш имконини берувчи институтлардан бири саналади.

«Инвестиция ва пай фонд­лари тўғрисида»ги қонуннинг қабул қилиниши ривожланган мамлакатларда кенг тарқалган ва самарали фаолият кўрсатаётган пай фондлари институтининг мамлакатимизда кенг жорий қилинишига замин яратади.

Шунга кўра, мазкур қонунда пай фондларини ташкил этиш, уларни бошқариш, пай фондларига берилаётган мол-мулкларни тасарруф этиш шартлари, фонд фаолиятига доир чекловлар, пай фондларини тугатишнинг усуллари кўрсатиб ўтилган.

Хусусан, Қонуннинг 16-моддасида пай фондларини ташкил этишнинг айрим ўзига хос хусусиятлари кўрсатиб ўтилган. Унга асосан пай фондини ташкил этиш тўғрисидаги қарор ишончли бошқарувчи томонидан қабул қилиниши, инвестиция пайларини жойлаштириш барча инвесторлар учун ягона нарх бўйича амалга оширилиши, пай фондининг пул маблағлари инвестиция декларациясига биноан инвестиция қилиниши мустаҳкамлаб қўйилган.

Ўз-ўзидан равшанки, бундай ҳуқуқий шароитда кенг аҳоли қатлами, айниқса, қўлида унча катта маблағи ёки бошқа активлари бўлмаган фуқароларнинг ижти­моий-иқтисодий фаоллиги ортади. Шу орқали ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш янада ривожланиб, янги иш ўринлари очилади. 

Яна бир маълумот. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга кирди. Лекин унинг 3-боби қоидалари 2017 йил 1 июлдан эътиборан амалга киритилади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.