26.09.2015

ГРЕЦИЯ: ЯНГИ ШАКЛЛАНГАН ПАРЛАМЕНТ

мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий беқарорликни бартараф эта оладими?

Бугунги кунда Греция мураккаб ижтимоий-иқтисодий, сиёсий жараёнларни бошидан кечирмоқда. Экс­пертларнинг таъкидлашича, мамлакатдаги иқтисодий инқироз сиёсий беқарорликни келтириб чиқармоқда. Буни мамлакат парламенти фаолияти мисолида ҳам кўриш мумкин.

Грецияда сўнгги парламент сайлови 2015 йилнинг февраль ойида ўтказилган эди. Бироқ мазкур таркибдаги парламент фаолияти узоққа чўзилмади. Бунинг асосий сабабларидан бири мамлакат иқтисодиётини тиклаш учун кредит олиш масаласи билан боғлиқдир. Гап шундаки, парламент Радикал сўл кучлар коалициясининг 40 нафар депутати учинчи кредит дастури доирасида қўлланилиши лозим бўлган қаттиқ иқтисодий чоралар тўғрисидаги меморандум имзоланишига қарши бўлиб, халқаро инвесторлар билан келишувга эришиш тўғрисидаги қонунга овоз беришдан бош тортди.

Натижада жорий йил 20 август куни Радикал сўл кучлар коалицияси етакчиси, амалдаги Бош вазир Алексис Ципрас истеъфога чиқди. Қонунга кўра, бундай шароитда муддатидан олдин парламент сайлови ўтказилади. 28 августда Греция президенти 20 сентябрда муддатидан илгари навбатдаги парламент сайлови ўтказилишини маълум қил­ди. Энг қизиқ томони шундаки, мазкур сайлов Грецияда сўнгги тўрт йилдаги тўртинчи парламент сайловидир. Бунгача 2012 йилнинг май ва июнь ойларида ҳам сайловлар ўтказилган эди.

Греция қонунчилигига кўра, сайловларда аҳолининг иштирок этиши мажбурий ҳисобланади. Мамлакат парламентида 300 депутатлик ўрни бўлса-да, сиё­сий пар­тиялар парламентдаги 250 ўрин учун пропорционал тизим асосида кураш олиб боради. Сайловда ғолиб бўл­ган партияга эса яна 50 қўшимча депутатлик ўрни тақдим этилади. Парламент­да 151 мандатга эга бўлган сиёсий партия фракциясигина Бош вазир номзодини илгари сура олади.

Греция конс­титуцияси 1975 йилда қабул қилинган бўлса, унга 1986, 2001 ва 2008 йилларда уч марта ўзгартиришлар киритилган.

Грецияда сайловлар Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилади. Мамлакатда кўппартиявийлик тизими амал қилади. Сайловларда сайловчиларнинг 3 фоиз овозини тўплай олган пар­тия­гина парламентдан ўрин олиши мумкин.

Парламент катта ваколатларга эга. Хусусан, давлат бюджетини қабул қилади ва унинг ижроси назоратини амалга оширади. Шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий дас­турларини тасдиқлайди. Референдум ўтказиш ва муҳим ҳарбий масалаларни ҳал этади. 

Энди бевосита Грецияда жорий йил 20 сентябрда бўлиб ўтган муддатдан аввалги парламент сайлови натижаларига эътибор қа­ратсак. Алексис Ципрас бошчилигидаги Радикал сўл кучлар коалицияси сайлов якунларига кўра, 35,46 фоиз овоз тўплаб, ғолибликни қўл­га киритди.

Юқорида таъкидланганидек, парламент сайловида ғолиб бўлган партия учун қўшимча 50 депутатлик ўрни тақдим этилиши боис Радикал сўл кучлар коалицияси парламентда жами 145 ўринга эга бўлди. Унинг асосий рақобатчиси — раҳбари 61 ёшли Вангелис Меймаракис бўлган эволюцион ўзгаришлар тарафдори ҳисобланган «Янги демократия» ўнг марказчилари эса 28,09 фоиз овоз тўплаб, парламентда 75 ўрин билан кифояланди. Учинчи ўринни «Хриси Авги» партияси 6,99 фоиз овоз билан эгаллади. Улар 18 депутатлик мандатига эга бўлишди.

Радикал сўл кучлар коалицияси қўлга киритган натижа уларга ҳукуматни шакл­лантириш имкониятини бермайди. Шу боис мазкур партия 3,69 фоиз овоз тўплаб, 10 депутатлик мандатини қўлга киритган «Мус­тақил греклар» пар­тия­си билан ҳамкорликда парла­мент­­даги 300 депутатлик ўрнидан 151 тасини эгаллаб, ҳукуматни шакллантириш имконига эга бўлди.

Грециянинг собиқ энергетика вазири Панайотис Лафазанис бошчилигидаги «Миллий бирдамлик» пар­тия­си 2,86 фоиз овоз тўп­лаб, уч фоизлик «тў­сиқ»­дан ўта олмади. Умуман олганда, бу галги сайлов натижаларига кўра, фақат саккизта сиёсий партия парламентдан ўрин олди.

— Грециядаги ижтимоий-сиёсий аҳвол тобора мураккаблашиб бормоқда, — дейди юридик фанлар номзоди Шавкат Назаров. — Бош вазир ва парламент бу муаммоларни бартараф этиш борасида бир тўхтамга кела олмаяпти. Шу боис қайта-қайта сайловлар ўтказилмоқда. Бу эса иқтисодий аҳволнинг янада оғирлашишига олиб келиши мумкин. Сайловлардан олдин Европадаги етакчи сиёсатчилар «Янги демократия» партиясининг ғолиб бўлишини тахмин қилганди. Бироқ Алексис Ципрас яна бир марта ҳукумат тепасига келди. Унинг партияси Сайлов­олди дастурида мамлакатдаги иқтисодий инқирозни бартараф этишга қаратилган кўплаб таклифларни илгари сурди. Греция хал­қи, бу ғояларни қўллаб-қувватламоқда. 

Шундай қилиб, 21 сентябрь куни мамлакат президенти томонидан Алексис Ципрас муваффақияти расман эълон қилинди. 23 сентябрь куни Радикал сўл кучлар коалицияси ва «Мустақил греклар» партияси вакилларидан шаклланган янги ҳукумат аъзолари қасам­ёд қабул қилди.

Мамлакат Бош вазири Алексис Ципрас ва парламент олдида жуда муҳим вазифалар турибди. Хусусан, иқтисодий инқирозни бартараф этиш, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини тиклаш зарурлиги таъкидланмоқда. Янги ҳукумат Грецияни оғир вазиятдан қутқаза оладими? Буни, албатта, вақт кўрсатади.

 

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.