24.09.2015

«ИЖТИМОИЙ ҲИМОЯДАН — ИЖТИМОИЙ ФАОЛЛИК САРИ»

Ушбу лойиҳа хотин-қизлар бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, партия дастурида аҳолининг иш билан банд бўлмаган қатламлари, жумладан, хотин-қизлар учун барқарор ва юқори ҳақ тўланадиган иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилган.

Шунга кўра, ЎзХДП «Фаол аёллар» қаноти «Ижтимоий ҳимоядан — ижтимоий фаоллик сари» лойи­ҳасини амалга ошириб келмоқда. Лойиҳа доирасида республикамизнинг барча ҳудудларида хотин-қизларни ишга жойлаштириш, уларни ўйлантираётган масалаларни ҳал қилишга йўналтирилган тадбирлар ўтказилмоқда. Мазкур тадбирларда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини ошириш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар, бу борада яратилган ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароит ҳақида кенг тушунча бериляпти.

Айтиш керакки, тадбирлар давомида ўз ишини очиш истагидаги хотин-қизлар ва коллеж битирувчиларининг дастлабки сармоясини шакллантириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Амалий кўмак ва ҳуқуқий маслаҳатга эҳтиёж сезаётган хотин-қизлар қўллаб-қувватланмоқда. Шунингдек, хотин-қизлар билан учрашувларда меҳнат дафтарчаси ва  пенсия дафтарчасини расмийлаштириш, юритиш ва ундан фойдаланиш тартиби, ишчи-хизматчиларнинг меҳнат муҳофазаси ва пенсия таъминотига оид ҳуқуқлари тушунтириб бориляпти.

— Аёл жамиятда фаол бўлиши учун аввало, ижтимоий, сиёсий-ҳуқуқий билимга эга бўлиши керак, — дейди  Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири Гулшан Асатова. — Демак, иш бошлаш ниятидаги хотин-қизларга унинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида маълумот бериш — муҳим масала. Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг ўтган даврида лойиҳа доирасида меҳнатга лаёқатли, ишлаш ёки ўз тадбиркорлигини бошлаш истагидаги хотин-қизлар иштирокида 400 га яқин давра суҳбати ва семинарлар ўтказилди. Мазкур тадбирларда маҳаллий Кенгаш депутатлари, туман бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари, пенсия жамғармаси вакиллари иштирок этди. Бўш иш ўринларига эга, касаначилик асосида иш ўрни яратмоқчи бўлган  корхоналар ҳам тадбирларга таклиф қилинди. Мутахассислар қатнашчиларга бандлик, солиқ, пенсия тизимига доир ҳуқуқий асосларни кенг тушунтиришди, кўплаб саволларга жавоб беришди. Мазкур мулоқотларда 18 минг нафардан ортиқ хотин-қиз қатнашди.

Яна бир аҳамиятли томони, лойиҳани амалга ошириш бўйича тузилган ишчи гуруҳи ёрдамида ҳудудлардаги бўш иш ўринлари, ишлаш истагини билдирган хотин-қизлар аниқланди. Тадбирлар давомида 1200 нафардан ортиқ хотин-қиз ишга жойлашишига яқиндан кўмаклашилди.

Таъкидлаш жоизки, мулоқотлар мобайнида депутатлар ҳамкорлигида хотин-қизларнинг меҳнатга оид ҳуқуқларининг бузилиши, бу борадаги қонунчилик ижросида юзага келаётган камчилик ва муаммолар ҳам ўрганилди. Депутатлик сўровлари, оғзаки ва ёзма мурожаатлар орқали маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда масалалар ижобий ҳал этилди.

Лойиҳа доирасида кўтарилган қатор масалалар халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги партия гуруҳлари орқали доимий комиссиялар, шунингдек, сессияларда кўриб чиқиш учун тақдим этилди. Хусусан, Фарғона вилояти Риштон туманидаги Бешкапа сил касалликлари шифохонаси фаолиятини қайта тиклаш, Бухоро вилояти Бухоро шаҳрида йўналишдаги автобус ва микроавтобусларда ўқувчилар, талабалар учун ойлик йўл чипталарини жорий этиш, Жондор туманида кичик бизнес, тадбиркорликни ривожлантириш орқали ногирон, кам таъминланган, доимий иш ўрнига эга бўлмаган фуқароларнинг ижтимоий ва иқтисодий шароитларини янада яхшилаш каби масалалар бўйича ЎзХДП депутатлари томонидан назорат-таҳлил ишлари олиб борилди.

Бугун ишлайман, деган одамга имконият эшиклари очиқ. Фақат аниқ мақсад билан ўз ҳуқуқларини билган ҳолда олға қадам ташлаш керак. Биз мазкур лойиҳа орқали мустақил иш бошламоқчи бўлган хотин-қизларга кўмаклашишни, ният қилгандик.

— Ҳудудимизда лойиҳа доирасида 80 дан ортиқ тадбир, семинар ва давра суҳбатлари ўтказилди, — дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент вилоят кенгаши сектор мудири Гули Абдураҳимова. Уларда 4500 нафарга яқин хотин-қиз иштирок этди. Депутатлар билан ҳамкорликда ҳудудлардаги мавжуд корхоналардаги бўш иш ўринлари ўрганилди. Жумладан, Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарлари, Бекобод, Оҳангарон, Пискент туманларидаги 11 корхонада касаначилик  асосидаги бўш иш ўринлари аниқланди. Ишлашга, касаначилик билан шуғулланишга хоҳиши ва малакаси бор хотин-қизларнинг 30 нафари мазкур корхоналарга ишга жойлаштирилди.

Шунингдек, тадбирларни ўтказиш жараёнида Бандликка кўмаклашиш ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркалари ташкил этилди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.