24.09.2015

ҚАБУЛ ҚИЛИНАЁТГАН ҚОНУНЛАР

тараққиётга, ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг боришига қандай таъсир кўрсатмоқда?

Бугун мамлакат истиқболини белгилаш, стратегик вазифаларни ҳал этиш, фуқаролик жамиятини ривожлантиришда парламентнинг ўрни тобора кенгайиб, таъсир кучи ортиб бормоқда. Шу боис парламент фаолиятини янада кучайтириш, қонунлар қабул қилиш механизмини такомиллаштириш, қонун ижодкорлиги самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Бу ҳақда Президентимиз Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги концептуал маърузасида алоҳида таъкидлаган эди. Шунингдек, маърузада янги шаклланган парламент олдида турган устувор вазифалар, ҳал этилиши зарур бўлган масалалар атрофлича таҳлил этилиб, муҳим таклифлар ўртага ташланган эди.

Ўтган давр мобайнида Президентимиз томонидан илгари сурилган фикр­­лар, таклиф ва тавсиялар Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолиятида қай даражада ўз ифодасини топди. Хусусан, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг бу жараёндаги иштироки қандай бўлмоқда?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоси Комила КАРОМОВА билан суҳбатимиз шу ҳақда.

— Президентимиз Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузасида парламент фаолиятига холис баҳо бериб, сўнгги йилларда эришган ютуқларни эътироф этиб, йўл қўйилган камчиликларга тўхталиб, депутатлар эътиборини асосан саккизта устувор масалага қаратди, — дейди Комила Каромова. — Яъни қонунни, ҳуқуқни қўллаш амалиётига етарлича эътибор берилмаётгани, кўпинча қабул қилинаётган қонунлар, уларга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар ишламаётгани, қонун лойиҳаларини давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти инс­ти­тут­ларининг турли бўғинларида кенг ва амалий муҳокама қилишни таъминлаш, қонун лойиҳаларини хорижий ҳуқуқий амалиёт билан ҳар томонлама чуқур қиёсий таҳлил қилиш асосида уларни муҳокама этиш зарурлиги таъкидланди. Бундан ташқари, сиёсий партиялар фракцияларининг ўрни ва аҳамия­тини, фракциялар ҳамда депутатларнинг фаоллиги, ташаббускорлигини янада ошириш, парламент назоратини кучайтириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижти­моий-сиёсий, иқтисодий давлат дас­турларининг ижросини сўзсиз таъминлаш ҳамда  Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг ўзаро ҳамкорлиги самарасини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор берилди.

— Айтингчи, ўтган давр мобайнида Президентимиз маърузасида илгари сурилган масалалар, таклиф ва тавсияларни Қонунчилик палатаси фаолиятига татбиқ этиш борасида қандай амалий ишлар қилинди?

— Президентимиз маърузасида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва ке­йинги йилларга мўлжалланган ташкилий-ҳуқуқий тадбирлари, қонун ижодкорлиги ва назорат-таҳлил ишлари Дастури қабул қилинди.

Энг муҳими, мазкур Дастур Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари таклифлари асосида тайёрланди. Дастур қонунчилик палатаси фаолиятининг қонун ижодкорлиги, парламент назорати, қабул қилинган қонунлар юзасидан аҳоли ўртасида ахборот-тушунтириш ишларини олиб бориш, парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, халқ­аро ҳуқуқ нормаларини ўрганган ҳолда, амалдаги қонун ҳужжатларини мониторинг қилиш, депутатларнинг сайлов участкаларидаги ишлари ва парламент фаолия­тини оммавий ахборот воситаларида ёритиш каби муҳим йўналишларни ўз ичига олган.

Шунингдек, Дастурда палата ишини ташкил этиш, қонун лойиҳаларини киритиш ташаббуси билан чиқиш, партиялараро рақобатни ривожлантириш, давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назорати самарадорлигини ошириш масалаларида сиёсий партиялар фракцияларининг ролини янада кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

— Қонун лойиҳалари устида ишлашда олимлар, юқори малакали мутахассислар ва экспертлар иштироки борасида қандай ишлар қилинмоқда?

— Албатта, қабул қилинаётган қонунлар самараси энг аввало, одамлар ҳаёти, сиёсий, иқтисодий тараққиётга қай даражада таъсир этаётгани билан ўлчанади.

Қонун лойиҳаларининг давлат бошқаруви, фуқаролик жамияти институтларининг турли бўғинларида амалий муҳокама қилиниши, чет эл амалиёти билан қиёсий таҳлил этишга қаратилган чора-тадбирлар парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолиятини тубдан яхшилашга хизмат қилмоқда.

Бунинг натижасида Қонунчилик палатасида қонун ижодкорлиги фаолияти сезиларли даражада фаоллашди. Қонун лойиҳалари устида ишлаш Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Регламентига мувофиқ амалга оширилмоқда. Ҳар бир қонун лойиҳаси, энг аввало, сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи мажлисларида муҳокама этилмоқда.

Қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда соҳа мутахассислари, экспертларни жалб этиш йўлга қўйилди. Айниқса, Қонунчилик палатасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти билан ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.

Депутатлар сайловчилар билан учрашувларда уларни қонунлар лойиҳалари билан кенг таништирмоқда, билдирилган таклифларни ўрганмоқда. Бу эса қонунларнинг ҳаётий ва ҳар томонлама мукаммал бўлишида муҳим омил ҳисобланади. Шунингдек, қонунларда ҳавола нормаларни камайтириш бўйича ҳам сезиларли ишлар қилинди. Фракциялар ва ишчи гуруҳ мажлисларида кўриб чиқилаётган ҳар бир қонун лойиҳасидаги ҳавола қилувчи нормаларнинг асослилиги ва мақсадга мувофиқлиги ўрганилмоқда.

Қонунчилик палатасида фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларнинг депутатлар билан учрашувини ташкил этиш мақсадида замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланилмоқда. Фуқароларни қабул қилиш хонасидаги кутиш залида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти ҳақида маълумот берувчи «Инфокиоск» ташкил этилган. Аҳоли вакиллари ушбу қурилма орқали қабул қилинган қонунлар, қонун ло­йиҳалари бўйича ўзларини қизиқтирган барча маълумотларни олиши мумкин.

— Президентимиз маърузасида эътибор қаратилган муҳим масалалардан яна бири — бу Қонунчилик палатаси фаолиятида сиёсий партиялар фракцияларининг ўрни ва ролини янада ошириш эди. Айтингчи, Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси қонунлар лойиҳалари муҳокамасида электорат манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қандай таклифлар билан чиқмоқда?

— Албатта, фракция қабул қилинаётган ҳар бир қонунда Сайловолди дастурида кўзда тутилган масалалар, электоратимиз манфаатлари билан боғлиқ нормалар акс этишига ҳаракат қилмоқда. Айниқса, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш соҳаларини янада яхшилаш масалалари фракциямиз аъзоларининг диққат марказида турибди.

«Йод етишмаслиги касалликлари профилактикаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги, «Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида» (янги таҳрири), «Аҳолининг санитария - эпидемиологик осойишталиги тўғрисида», «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунлар шулар жумласидандир. Бу қонунларнинг ишлаб чиқилишида депутатларимиз аниқ таклиф ва ташаббуслари билан фаол иштирок этди.

Ривожланган мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, парламентдаги кўпчилик ва мухолифат ўртасида фарқ сиё­сий партиялар фракциялари ўртасида кучли рақобатга асос бўлади. Бундан кўринадики, муайян ижтимоий кучлар ва қатламлар манфаатларини ҳимоя қилувчи сиёсий партия­лар ғоялари, дастурий вазифалари муваффақиятли амалга оширилади. Бу эса қабул қилинаётган қонунлар сифатини таъминлаш, парламент ролини, унинг мамлакатда кечаётган жараёнларга таъсирини оширишга хизмат қилади.

— Олий Мажлис палаталари ва энг аввало, фракцияларнинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиё­сий, иқ­тисодий давлат дас­турлари ижросини сўз­сиз таъминлаш борасида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси қандай ишларни амалга оширмоқда?

— Партиямизнинг 2015-2019 йилларга мўлжалланган Ҳаракат дастури асосида депутатлар жойларда электоратимиз манфаатларига хизмат қиладиган иқтисодий ва ижти­моий масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок этмоқда. Мисол учун, Ҳаракат дастурида парламентимиз томонидан қабул қилинган Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурининг жойлардаги ижроси масаласига алоҳида ўрин берилган. Мазкур дастурнинг бажарилиши ҳамда ушбу жараёндаги мавжуд муаммо ва камчиликлар депутатларимиз томонидан чуқур ўрганилмоқда.

Хусусан, Дастурнинг ижроси Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона, Самар­қанд ва Тошкент вилоятларида ўрганилди. Ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб, фракциямиз аъзолари ташаббуси билан Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирининг «2015 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури параметрларининг бажарилиши тўғрисида»ги ахборотини эшитиш белгиланган. Айни пайтда  парламент эшитувига жиддий тайёргарлик кўрилмоқда.

Мазкур саъй-ҳаракатлардан кўзланган асосий мақсад электоратимизни ўйлантираётган муаммоларни чуқур ўрганиш, уларга ечим топиш бу борадаги мавжуд қонунларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборатдир.

Биз Сайловолди дастуримизда ижтимоий ҳимоя­га эҳтиёжманд аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишни асосий вазифа сифатида илгари сурганмиз. Ушбу мақсадимиз қонунларда ўз аксини топиши учун ҳаракат қилишимиз, курашишимиз зарур.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Нурали ОРИПОВ

суҳбатлашди.



DB query error.
Please try later.