19.09.2015

БУГУНГИ СИНГАПУР РИВОЖИДА

сиёсий партияларнинг муҳим ўрни бор

Ўзига хос ривожланиш йўлига эга бўлган Сингапур нафақат Осиёнинг, балки дунёнинг энг тараққий этган мамлакатлари қаторидан жой олмоқда. Буни мамлакатнинг иқтисодий жиҳатдан юксалаётгани, шу билан бирга, демократик жараёнларнинг чуқурлашиб бораётганида ҳам кўриш мумкин.

2015 йилнинг 11 сентябрь куни Сингапур парламентига сайловлар бўлиб ўтди. Сингапур парламенти бир палатали бўлиб, 89 депутатлик ўрни учун 10 сиёсий партия вакиллари кураш олиб борди. Қоидага кўра, энг кўп депутатлик мандатига эга бўл­ган партия мамлакат Бош вазири номзодини илгари суради. Қизиқ томони, мамлакат тарихида илк маротаба парламент сайлови шанба эмас, балки жума куни ташкил этилиб, шу куни аҳолига дам олиш имкони берилди.

Сайлов куни мамлакат бўйлаб 823 сайлов участкаси фаолият кўрсатди. Сайлов участкалари 12 соат — эрталаб 8:00 дан кечки 20:00 га қадар ишлади. Сайловда 2,46 миллион сайловчи овоз берди. Мазкур мамлакат қонунчилигига биноан, сайловларда овоз бериш мажбурий бўлиб, унда иштирок этмаган сайловчилар маъмурий жавобгарликка тортилади.

Ушбу давлатда Халқ ҳаракати партияси етакчи сиёсий куч ҳисобланади. Мазкур партия 1965 йилдан буён ҳукуматни бошқариб келмоқда. Унинг етакчиси амалдаги Бош вазир Ли Сянь Лундир.

Ушбу партия 1968 йилдан то 1980 йилгача парламентдаги барча ўринларни қўлга киритган. Мухолиф Ишчи партияси эса 1981 йилдагина парламентда депутатлик ўр­нига эга бўлган. 2011 йилги сайловда эса 6 ўрин билан кифояланган.

Социал-демократия ғояларини илгари сурадиган Халқ ҳаракати партияси 2006 йилги сайловда 66,6 фоиз сайловчилар овозини қўлга киритган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич 60,14 фоизни ташкил қилди.

2015 йил 11 сентябрда ўтган сайлов натижалари шуни кўрсатдики, унда мухолиф партиялар орасидан энг кўп ўринни Ишчи партияси эгаллади. Умумий натижаларга кўра, Халқ ҳаракати партия­си 69,86 фоиз сайловчиларнинг қўллаб-қувватлашига эришди.

Сиёсий экспертлар Халқ ҳаракати партиясининг ғалабасини икки омил билан боғлашмоқда.

Биринчи омил — бу мамлакат сиёсий ҳаётида юз бераётган воқеа-ҳодисалар, ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан боғлиқдир. Шу йил баҳорда Сингапурнинг биринчи Бош вазири, 91 ёшли Ли Куан Ю оғир аҳволда шифохонага тушди. Бу эса партия тарафдорлари ўртасида катта шов-шувга сабаб бўлди. Оммавий ахборот воситалари унинг аҳволи тўғрисида тўхтовсиз маълумотлар бериб борди. Мисол учун, йигирма ёшли рассом Лининг катта портретини чизади. Партия тарафдорлари томонидан мазкур портретга собиқ Бош вазирнинг исми 18 минг мартадан кўпроқ ёзилади. Март ойида Ли Куан Юнинг вафот этиши унинг тўнғич ўғли, амалдаги Бош вазир Ли Сянь Луннинг мамлакатдаги обрўси янада ошиб кетишига сабаб бўлди.

Айнан собиқ Бош вазирнинг ўлими аҳоли, айниқса, партия тарафдорларини янада жипслаштиради. Бу эса партиянинг сайловларда мутлақ етакчи бўлишга олиб келди.

Ли Сянь Лун ўз Сайловолди дастурида Сингапурнинг кейинги эллик йиллик ривожланиш стратегиясини илгари сурди. Яна эллик йил давомида Халқ ҳаракати партияси Сингапурни янада тараққий этишига хизмат қилишига сайловчиларни ишонтирди. Уларга қарата «Ҳаммаси сиз учун, Сингапур учун!» деди у.

Иккинчи муҳим омил эса мухолиф партияларнинг Сайловолди дастурида муҳим масалалар илгари сурилмаганлиги, етарли даражада тар­ғибот олиб борилмаганидир. Сиёсий таҳлилчиларнинг фикрича, уларнинг дастурида аниқлик ва ҳаётийлик етишмайди. Экспертларнинг таъкидлашича, сингапурлик сайловчилар учун икки асосий мавзу — «ёғли нон ва миграция» жуда муҳим аҳамиятга эга. «Ёғли нон» масаласи эса бевосита мигрантлар масаласи билан чамбарчас боғлиқ.

Мамлакатда мигрантларнинг ҳаддан ташқари кўплиги натижасида маҳаллий аҳоли жуда кам маош олади. Бу ишсизликнинг ортишига сабаб бўлмоқда. Мазкур муаммо қанчалик жиддий эканини рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Яъни 2014 йилда Сингапурда истиқомат қилаётган кишиларнинг фақат 61 фоизинигина маҳаллий аҳоли ташкил этди.

Ишчи партияси ўз Сайлов­олди дастурида мамлакатда янгидан ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш кераклигини таъкидлади. Ишчи пар­тия номзодлари сайловолди кампанияси вақтида кўк рангли кийимларда иштирок этишди. Мазкур партия «барчага тенг­лик» ғоясини илгари сурди.

Халқ ҳаракати партияси мигрантларнинг маошларини минимал даражада қисқартириш, шунингдек, хорижликларнинг ишга кириши ва мамлакатда яшашини тартибга солишга қаратилган ғояларни илгари сурди. Ана шу сиёсат натижасида кўплаб сайловчилар уларни қўллаб-қувватлади.

Дарҳақиқат, Сингапур иқ­тисодиётининг ўсиши, аҳо­ли фаровонлигини таъминлаш бевосита мигрантларга чекловлар қўйилиши билан боғлиқ бўлиб турибди. Бундай сиёсат натижасида 2015 йилда мамлакат иқтисодиёти 2-2,5 дан 4 фоизгача ўсиши кутилмоқда.

Умуман, сайлов натижаси Халқ ҳаракати партиясини янада руҳлантирди, янги-янги ғояларга илҳомлантирди. Сайловдан сўнг Ли Сянь Лун сайловчилар ишончи учун ўз миннатдорлигини билдириб, сайловлар демократик талаблар асосида ўтганини қайд этди. Бироқ, мухолиф партия етакчиларининг қарашлари, тубдан бош­қача бўлди. Улар сайлов натижаларидан норози эканликларини билдиришди.

Қандай бўлмасин, бугунги Сингапур ривожини Халқ ҳаракати партиясисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Партия сайловчиларга берган ваъдаларини қай даражада бажара олганини кейинги сайлов натижалари кўрсатади.

 

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.