19.09.2015

ЕТАКЧИ ҚАНДАЙ БЎЛИШИ КЕРАК?

Сиёсий партия тизимида бошланғич ташкилотлар фаолияти муҳим ўрин тутади. Партиянинг жамиятдаги мавқеи, таъсир кучи, аввало, унинг одамлар билан ишлашига, ҳамнафас, ҳамфикр бўлишига боғлиқ. Сиёсий партия илгари сураётган ғоялардан жамоатчилик кенг хабардор бўлиши, айни пайтда уларни қўллаб-қувватлаши керак. Албатта, бу ўз-ўзидан бўладиган жараён эмас. Сиёсий партия бу борада бошланғич ташкилотларга суянади. Улар орқали электоратга яқин бўлади, аҳоли орасига, жамиятга чуқур кириб боради.

Шу боис ҳар бир партия бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратади. Мутахассисларнинг қайд этишича, бошланғич ташкилотнинг кучли бўлиши бир қатор омилларга, биринчи навбатда, етакчиларнинг салоҳия­тига боғлиқ. Хўш, бошланғич ташкилот етакчиси қандай бўлиши керак? Бошлан­ғич ташкилотларнинг ишини яхшилаш учун кўпроқ нималарга эътибор қаратиш лозим?

Дониёр КАРИМОВ, ЎзХДП Марказий Кенгаши сектор мудири:

— Бугун тажриба шуни кўрсатмоқдаки, қаерда етакчида лидерлик салоҳияти етишмаса, у ерда иш юришмайди. Шу боис бошланғич ташкилотлар фаолиятини кучайтириш учун аввало қуйи бўғин етакчиларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг фаоллигини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарур. Айни пайтда партиямиз бошланғич ташкилотлари сони 10 мингга яқин бўлиб, улар 403040 нафар аъзони бирлаштирган.

Жорий йил сентябрь ойидан Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ҳамда барча ҳудудий кенгашларда Бошланғич партия ташкилотлари билан ишлаш сектори ташкил этилди. Бундан кўзланган мақсад — бошланғич партия ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, олиб борилаётган тизимли ишларни мониторинг қилиш, зарур тавсиялар, таклифлар ишлаб чиқиш ҳамда уларни амалга оширишдан иборат. БПТ етакчиларини керакли қўлланмалар билан таъминлаш, уларга ҳар томонлама ёрдамлашишни ҳам кўзда тутганмиз.

Ҳозир етакчилар учун кенг қамровли ўқув ташкил қилиш масаласини кўриб чиқяпмиз. Бу ўз фаоллиги билан бошқаларга намуна бўлаётган етакчиларнинг иш тажрибасини оммалаштириш, уларнинг ижтимоий-сиё­сий фаоллигини янада оширишда долзарб аҳамият касб этади, деб ўйлайман.

Бошланғич ташкилот етакчиларининг билими ва савиясини мунтазам равишда ошириб бориш зарур. Чунки ҳаёт доим ўзгаришда, жамиятимизда ижтимоий-сиёсий фаоллик кучайиб бормоқда. Турли тадбирларда, одатдаги кундалик ҳаётда фуқаролар етакчиларга мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар, сиёсий партиялар ғоя ва мақсадлари ҳақида савол беради. Етакчи сиёсий-ҳуқуқий билимли бўлсагина, уларга жавоб бера олади, одамларни ўз ортидан эргаштиради.

Ҳурмат ЮЛДАШЕВ, «Фарғона азот» ОАЖ корхонасидаги бошланғич партия ташкилоти етакчиси:

— Партия Сайловолди дастури қай даражада бажарилиши биринчи нав­батда бошланғич ташкилотлар етакчиларининг сиёсий-ҳуқуқий билими ва маданиятига боғлиқ, деб ўйлайман. Чунки етакчи бевосита тарғибот билан шуғулланади. Партия дастурий мақсадларини кенг тушунтириш, аҳамиятли томонларини очиб бериш, уни содда тилда одамларга етказиш етакчининг маҳоратига боғлиқ. Шу боис ёш етакчилар ва янги ташкил этилган бошланғич партия ташкилотлари раисларининг амалий кўникмаларини ривожлантириш, тажрибасини ошириш долзарб аҳамият касб этади.

Айтиш керакки, корхонамизда партия аъзолари сони тобора ортиб боряпти. Айни пайтда улар 572 нафарни ташкил қилади. Одамлар ортимиздан эргашмоқда. Бу корхонамизда бошланғич ташкилот иши яхши йўлга қўйилганидан бўлса керак.

Шу ўринда бир мулоҳаза. Бошлан­ғич ташкилот етакчиси аъзолар билан ҳамнафас, турмуш шароитларидан хабардор бўлиши лозим. Етакчи уларга ҳар томонлама ёрдам бериши керак. Бошланғич ташкилотларга ҳомийлар бириктириш масаласи ҳақида ҳам ўйлаб кўриш мақсадга мувофиқ бўлади, менимча.

Мирзоҳид МАМАСОЛИЕВ, Андижон вилоят «Водийгазтаъминот» унитар корхонаси «Қорасувшаҳаргаз» филиалидаги ЎзХДП бошланғич ташкилоти етакчиси:

— Ҳозир бошланғич ташкилотимиз аъзолари 40 нафарни ташкил қилади. Ташкилотимиз томонидан давлат дас­турлари ижросини таъминлаш, электорат манфаатларини ҳимоя қилиш ва ҳуқуқий-сиёсий саводхонликни ошириш бўйича режали ишлар олиб борилмоқда. Бир ёқадан бош чиқариб, бир-биримизни қўллаб ишлашга интиляпмиз. Чунки бирдамлик бор жойда янги-янги ғоялар, таклифлар пайдо бўлади.

Ўйлашимча, бошланғич ташкилот етакчиси, энг аввало, самимий ва бағ­рикенг бўлиши лозим. Қачон инсон бошқалар билан самимий мулоқотда бўлса, унга ишонч ортади. Бошқача айтганда, одамлар етакчи орқали партиянинг ғоя ва мақсадларига тўғри баҳо бера олади. Шунингдек, етакчи ўз номи билан етакчилик қобилиятига эга бўлмоғи зарур. Ўз ишини пухта билиши, ЎзХДПнинг дастурий мақсадларини чуқур англаши, ўзгаларга тушунтириб бера олиши керак. Шунда у одамларни ортидан эргаштириши мумкин.

Яна бир гап. Бошланғич ташкилот етакчиси ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишда фаол иштирок этмоғи зарур. Мисол учун, баъзан бизга ўз бизнесини бошлаш учун нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида саволлар бўлади. Унга жавоб бериш учун биз, етакчилар иқтисодий механизмлар, бозор иқтисодиёти тўғрисида ҳам етарли тушунчага эга бўлишимиз керак. Шунинг учун етакчилар ўртасида нафақат сиёсий мавзуда, балки иқтисодий семинарлар ҳам ташкил этилиши мақсадга мувофиқ бўлади, назаримда.

Дарҳақиқат, етакчида тажриба, билим етишмаса, бу ташкилотда иш унумдорлиги юқори бўлмайди. Шунинг учун сиёсий ва фуқаролик маърифати тизимидаги ўқувларни, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга тадбирларни кўпроқ қуйида ташкил қилиш, етакчиларга ўзаро тажриба алмашиш имконини берадиган усулларни амалиётга кенг жорий этиш лозим, деб ўйлаймиз.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.