17.09.2015

ЎЗБЕКИСТОН ХДП ФРАКЦИЯСИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ: ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ИЖРОСИ БЎЙИЧА

масъулиятни янада кучайтириш зарур

Жорий йил 15 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари, экспертлар иштирокида Конституциямизда Қонунчилик палатасига берилган ваколатларга мувофиқ, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботини эшитиб, атрофлича муҳокама қилди.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси тўғрисидаги ҳисобот дастлаб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг қўмиталарида Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотларининг вакиллари иштирокида кўриб чиқилди.

Давлат бюджети ижроси ҳақидаги ҳисобот Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида ҳам кенг ва таҳлилий муҳокама қилинди. Депутатлар партия дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз бош молия­вий ҳужжатининг ярим йилликдаги ижросига нисбатан қатъий нуқтаи назарларини баён қилишди.

Шу асосда ЎзХДП фракциясининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси юзасидан позицияси ишлаб чиқилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида Молия вазирининг ўринбосари Мубин Мирзаев Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғ­рисида маъруза қилди. Жорий йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим вазифалари ва устувор йўналишларининг амалга оширилиши, шунингдек, иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантиришнинг ўрта муддатли дастурларини амалга оширишни давом эттириш билан боғлиқ асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар ҳақида батафсил ахборот берди.

Бюджет сиёсатининг ижтимоий йўналтирилганлиги сақланиб тургани, хусусан, харажатлар қисмининг 59,2 фоизи ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилгани алоҳида таъкидланди.

Шундан сўнг мажлисда Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракция­лари, Ўзбекистон экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи вакиллари эшитилган ҳисобот юзасидан ўз позицияси ҳамда фикр-мулоҳазаларини билдиришди. Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисобот юзасидан ишлаб чиқилган Ўзбекистон ХДП фракция­си позициясини фракция аъзоси Зулайҳо Акрамова ўқиб эшиттирди.

Аввало, ЎзХДП аҳолини манзилли ижтимоий ҳимоя қилишни таъминлаш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш тизимини янада ривожлантириш тарафдори эканлиги, жорий йил биринчи ярим йилликда Давлат бюджети харажатларининг қарийб 60 фоизи ижтимоий соҳага йўналтирилгани партия дас­турий мақсадларига мос келиши таъкидланди.

Иқтисодиётдаги ижобий таркибий силжишлар, сифатли ўзгаришлар ва тенденциялар, мутаносиб ривожланиш аҳоли бандлигининг ўсишига имкон берди. Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини тизимли амалга ошириш натижасида 2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида 441,8 мингта янги иш ўрни яратилди, шундан 274,9 мингта иш ўрни ёки 62,2 фоизи қишлоқ жойларида ташкил этилди.

ЎзХДП фракцияси бундан буён ҳам касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш, ушбу жараён устидан назоратни кучайтириш масаласини долзарб, деб ҳисоблайди. Аҳоли бандлигига кўмаклашиш жамғармаси маблағларининг самарадорлиги ва мақсадли ишлатилишини таъминлаш бўйича қў­шимча чоралар кўриш муҳимлигини ҳам алоҳида таъкидлайди.

Фракциямиз фикрича, марказда ва жойларда давлат бошқаруви органларининг, бюджет ташкилотларининг бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, молиявий интизомга қатъий риоя қилиш, шунингдек, Бюджет кодекси нормалари ва қоидалари ижро этилиши устидан назоратни янада кучайтириш, ушбу масалаларда масъулиятни жиддий тарзда ошириш зарур.

Мажлисда билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2015 йил биринчи ярим йиллигидаги ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлади ҳамда тегишли қарор қабул қилди.

 

Тўлқин ТЎРАХОНОВ



DB query error.
Please try later.