15.09.2015

ХОЛИСЛИК, АДОЛАТЛИЛИК ПРИНЦИПИ

Инсон шаъни, қадр-қиммати, эркинлиги ҳимояланган жамиятда фуқаролар келажакка ишонч билан қарайди. Мустақиллик бизга айнан шундай — ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимояланган қудратли давлат қуриш имконини берди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси инсоннинг хуқуқи ва эркинликларини олий қадрият сифатида эътироф этиб, уларнинг таъминланишини кафолатламоқда. 

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларини янада чуқурлаштиришнинг туб мақсади ҳам фуқароларнинг шахсий эркинлиги кафолатлари амалга оширилиши учун барча зарур шарт-шароитларни яратишга қаратилган.

Президентимизнинг «Қа­моқ­қа олишга санкция бериш ҳуқуқини судларга ўтказиш тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, 2008 йил 1 январдан қамоққа олишга санк­ция бериш ҳуқуқи суднинг ваколатига ўтказилгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда ва инсон ҳуқуқи ҳимояси йўлида хизмат қилмоқда.

Маълумки, қамоққа олиш шахс­нинг эркинлигини чегаралаш билан бевосита боғлиқ ва шу сабабдан мазкур масала Конс­титуциямизнинг 19, 25 ва 44-моддаларига асосан айнан суд тартибида амалга оширилиши зарур. Қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқининг судларга ўтказилиши жиноят содир этганликда айбланаётганларга судгача бўлган тергов босқичида мазкур процессуал мажбурлов чорасини қўллашда суд ҳимояси ҳуқуқини таъминлайди.

«Хабеас корпус» институтининг жорий этилиши яъни 2008 йилдан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олишга санкция бериш ҳуқуқи прокурордан судга ўтказилиши принципиал, тарихий қадам бўлди. Ушбу қарор пухта ўйлаб қабул қилингани бугунги кунда кўпгина амалий мисолларда ўз исботини топмоқда. Мазкур институтнинг амалиётга татбиқ этилиши инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг дахлсизлигини ҳимоя қилишда муҳим омил сифатида намоён бўлмоқда.

2012 йилнинг 18 сентябрида Ўзбекистон Республикаси Жиноят процессуал кодексининг айрим нормаларига,  жумладан, 29 ва 31 бобларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани суд-ҳуқуқ тизимидаги муҳим ислоҳотлардан бири бўлди. Эндиликда лавозимдан четлаштириш ва тиббий муассасага жойлаштириш каби процессуал мажбурлов чоралари фақат судьянинг санкцияси асосида қўлланилиш тартиби қонунан мустаҳкамланди.

Мазкур жиноят-процессуал чоралари фуқаролар консти­туция­вий ҳуқуқ ва эркинликларини жиддий равишда чеклаши сабабли уларнинг қўлланилишининг қонунийлиги ва асослилигини таъминловчи ишончли процессуал ҳуқуқий кафолатлар талаб этилади. Процессуал мажбурлов чоралари қўлланилишида фуқаролар ҳуқуқларининг чекланиши нечоғлик ҳақиқий зарурат билан талаб этилиши муҳим аҳамият касб этадиган ҳолатлардан биридир. Зеро, жиноят ишлари юритувининг вазифалари шахс­нинг хуқуқ ва эркинликларини ниҳоятда кам даражада чеклаш орқали амалга оширилиши зарур. Мазкур процессуал мажбурлов чораларига алоҳида тўхталсак.

Умуман олганда, лавозимдан четлаштириш процессуал мажбурлов чораси қандай ҳолатларда ва қай шароитда қўлланилади?

Жиноят-процессуал қонунчиликка биноан, башарти айбланувчи, судланувчи ўз иш жойи­да қолса, у жиноят иши бўйича ҳақиқатни аниқлашга, жиноят оқибатида етказилган зарарни қоплашга тўсқинлик қилади ёки жиноий фаолиятини давом эттиради, деб ҳисоблашга етарли асослар бўлса, суриштирувчи, терговчи, прокурор ёки суд уни лавозимидан четлаштиришга ҳақлидир.

Шу билан биргаликда, эътиборда тутиш лозимки, лавозимдан четлаштирилган шахс жиноят содир этишда айб­ланаётган, аммо ҳали айбдор шахс эмас. Зеро, айбсизлик презумпциясига биноан, шахс унинг айби суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан исботланмагунга қадар айб­сиз ҳисобланади.

Афсуски, баъзида дастлабки терговни юритувчи мансабдор шахс томонидан масалага совуққонлик билан қараш ҳолатлари учраши мумкин. Бунинг оқибатида эса шахсга нисбатан лавозимдан четлаштириш процессуал мажбурлов чорасининг нотўғри қўлланилиши эҳтимоли сезиларли ошади. Натижада фуқаронинг меҳнат фаолиятини эркин амалга оширишга (ҳамда меҳнат учун ҳақ олишга) бўлган конс­титуциявий ҳуқуқининг бевосита бузилиши юзага келади.

Қонунга биноан, суриштирув ва дастлабки тергов даврида суд-тиббиёт ёхуд суд-психиатрия экс­пер­тизасини ўтказишда стационар кузатув зарурати бўлса, айбланувчи ёки судланувчига нисбатан, башарти улар озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин бўлган жиноятни содир этишда айбланаётган бўлсалар, тегишли тиббий муассасага жойлаштириш процессуал мажбурлов чораси қўлланилиши мумкин.

Ана шуларни инобатга олиб, фуқароларнинг конституциявий хуқуқларини суриштирув ва даст­лабки тергов даврида чекловчи барча процессуал ҳаракатлар устидан назорат айнан суд томонидан амалга оширилади. Зеро, жиноят ишлари юритуви субъект­лари ичида фақат судгина айбловдан манфаатдор эмас ва ҳар қандай тергов механизмларига тобе эмас. Суднинг тергов қонунийлигига сол­ган назари ўзининг табиатига кўра, холис ва адолатлидир.

Суднинг холислиги яна шу билан ҳам белгиланадики, судга қадар иш юритувида суд функция­си доимий характерга эга эмас, унинг таъсири судга суриштирувчи, терговчи ва прокурорнинг муайян процессуал ҳаракатлари устидан шикоят қилишда ёхуд у ёки бу процессуал ҳаракатни ўтказишга суд томонидан рухсат берилишида намоён бўлади.

Суд назорати судга қадар бос­қичларда тортишув принципининг реал таъминланишига, процесс иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишига ҳамда тергов хатоларини ўз вақтида аниқлаб, бартараф этилишига хизмат қилади. Энг муҳими, мазкур институтнинг татбиқ этилиши шахс эркинлигини ҳимоя қилиш борасида умум­эътироф этилган принциплар ва халқ­аро ҳуқуқ нормаларининг амалда таъминланишини кафолатлайди.

 

Шерзод ЮЛДАШЕВ,

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Сергели туман судининг судьяси.



DB query error.
Please try later.