15.09.2015

САВОЛ-ЖАВОБ

Динара АЛИЕВА, ҳамшира, Тошкент шаҳридан:

Яқинда «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги қонун қабул қилинганидан хабарим бор. Эшитишимга қараганда, унда Бош давлат санитария врачи ваколатлари янада кенгайтирилган. Бу ҳақда тўлиқроқ тушунчага эга бўлишни истардим.

Турсунпўлат НОРБОЕВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Дарҳақиқат, янги қонунга мувофиқ, Бош давлат санитария врачининг ваколатлари кенгайди. Шу билан бирга, унинг зиммасидаги масъулият ҳам ортди.

Қонунга кўра, Бош давлат санитария врачи санитария-эпидемиология хизматига раҳбарлик қилади, давлат санитария назоратининг асосий вазифаларини ва уни амалга оширишнинг устувор йўналишларини белгилайди. Шунингдек, санитария қоидалари, нормалари, гигиена нормативларини, атроф-муҳит омилларининг инсон организмига таъсирини аниқлашга доир норматив-техник ҳужжатларни тасдиқлайди.

Профилактик эмлашларнинг миллий тақвимини ва эпидемик кўрсаткичлар бўйича профилактик эмлашлар ўтказиш тартиби, одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфли бўлган, аҳолининг яшаши ҳамда хўжалик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланадиган ҳудудлар ҳам Бош давлат санитария врачи томонидан белгиланади.

Атрофдагилар учун хавф туғдирувчи юқумли ва паразитар касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши хавфи бўлган тақдирда тегишли санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар ўтказиш тўғрисида қарорлар чиқариш ҳам айнан унинг ваколатига киради.

Бундан ташқари, янги озиқ-овқат қўшимчаларини, махсус қўшиладиган биологик фаол, кимёвий моддалар, биологик воситалар ҳамда материаллар, полимер ва пластик массалар, атир-упа, пардоз маҳсулотларини токсикология-гигиена жиҳатидан баҳолаш асосида, уларнинг Республикамизга олиб кирилиши ёки ишлаб чиқарилиши учун рухсатномалар бериш ҳуқуқига эга.

Бош давлат санитария врачи республика ва маҳаллий эпидемия фондлари, санитария-гигиена тадбирлари ҳамда эпидемияга қарши тадбирлар учун ажратиладиган моддий-техника ресурсларидан мақсадли фойдаланилиши устидан назоратни амалга оширади. Санитария-эпидемиология хизмати муассасаларининг қарорларига, шунингдек, уларнинг мансабдор шахслари ҳаракатларига доир шикоятларни кўриб чиқади.



DB query error.
Please try later.