15.09.2015

ЭРИШИЛГАН ЮТУҚЛАР ЗАМИРИДА

халқимизнинг ўзаро бирдамлиги, фидокорона меҳнати мужассам

ЎзХДП Марказий Кенгаши Тошкент вилоят кенгаши билан ҳамкорликда Оққўрғон туманида «Мус­тақиллик – инсон фаровонлиги ва жамият ижтимоий барқарорлигининг мустаҳкам пойдевори» мавзусида давра суҳбати ўтказди.

Унда Ватанимиз озодлиги нақадар машаққатли ва тинимсиз курашлар, хал­қимизнинг оғир ва фидокорона меҳнати эвазига қўлга киритилгани, мустақил тараққиётимиз давомида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар хусусида сўз борди.

Сўз олганлар истиқлол йилларидаги ютуқлар замирида халқимизнинг ўзаро бирдамлиги, фидокорона меҳнати мужассамлиги, халқ­аро миқ­ёсда алоҳида эътироф этилаётган натижалар осонлик билан қўлга киритилмаётганини таъкидлашди. Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланиш ва демократик жараёнларнинг ҳаётимиздаги самарасини тарғиб қилиш, уларнинг Ватан тақдирига дахлдорлигини кучайтириш лозимлигини қайд этишди.

— Ўзбекистоннинг саноати тез суръатлар билан ривожланиб бораётган давлатлар қаторида экани халқаро экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилмоқда, — дейди ЎзХДП Оққўрғон туман кенгаши раиси Гулнора Абдуназимова. — Бугун замонавий ишлаб чиқариш тармоқларини барпо этиш ҳисобидан иқтисодиётда саноатнинг улуши 25 фоизга етди. Экспортбоп ва рақобатдош маҳсулотларнинг 60 фоиздан ортиғи юқори технологияларга асосланган соҳаларда ишлаб чиқариляпти. Буларнинг барчаси олдимизга қўйган узоқ муддатли стратегик мақсадлар, яъни замонавий ривожланган демократик давлатлар қаторига кириш, иқтисодиётимизнинг барқарор ўсишини таъминлаш, ҳаёт сифатини яхшилаш ва жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашга хизмат қилаётган «ўзбек модели» самарасидир.

Тадбир якунида таниқли санъаткорларнинг Ватанни, мустақил диёримизни мадҳ этувчи куй ва қўшиқлари янгради.

Тошкент шаҳрида ҳам шу мавзуда давра суҳбати ўтказилди. Унда Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши ва Тошкент шаҳар кенгаши масъуллари, халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, фахрийлар ва бир гуруҳ ёшлар  иштирок этди.

Давра суҳбатида мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, демократлаштириш жараёнлари натижаларини тарғиб қилиш, иқтисодий ва сиёсий ҳаётда эришилган ютуқларни иштирокчиларга атрофлича тушунтириш масалаларида тарғибот таъсирчанлигини ошириш хусусида сўз борди. Қатор таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

— Бугун республикамизда ёшларнинг нафақат мукаммал билим эгаллаши, айни вақтда муайян мутахассисликка эга бўлиб, жамиятда ўзининг муносиб ўрнини топиши учун кўплаб эзгу ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Зулфия номидаги Давлат мукофоти сов­риндори, «Истиқбол» ёшлар қаноти фаоли Дилафруз Усмонова. — Биз, ёшлар ҳам партия сафида туриб давлатимизнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этишимиз, фуқаролик позициямизни мустаҳкамлаб боришимиз зарур. Зеро, давлатимиз раҳбари мамлакатимиз истиқлолининг йигирма тўрт йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида биз, ёшларга катта ишонч билдириб, «Ҳеч қачон бўш келманг, азиз болаларим, эртанги кун — келажак сизники!» дея таъкидлади. Биз ана шу ишончни оқлашга астойдил ҳаракат қиламиз.

Тадбир сўнгида мустақиллик йилларида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ҳамда демократлаштириш жараёнларининг натижаларини аҳоли орасида кенг тарғиб қилишда Ўзбекис­тон ХДП ташкилотлари ва партия гуруҳлари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

 

Гулруҳ ОДАШБОЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.