15.09.2015

ДОРИ ВОСИТАЛАРИ ВА ФАРМАЦЕВТИКА ФАОЛИЯТИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси соҳага оид қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор таклифларни илгари сурмоқда

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилмоқда.

Айтиш керакки, шу кунга қадар мазкур тизим айни пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонуни билан тартибга солиб келинади. Бироқ соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини юксалтиришга қаратилган ўзгариш ва янгиланишлар амалдаги қонуннинг айрим нормаларига ўзгартириш киритишни тақозо этмоқда.

Шундан келиб чиқиб, қонун ло­йиҳасида янги моддалар назарда тутилмоқда.

Хусусан, бу орқали фармацевтика соҳаси ривожланишининг замонавий босқичида фармацевтика секторини тартибга солиш ме­ха­низм­­ларини халқаро стандартлар талаби билан уйғунлаштириш кўзда тутилмоқда.

Қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида ЎзХДП фракциясининг ҳам нуқтаи назари, мазкур йўналишдаги таклиф-мулоҳазалари тайёрланмоқда.

— Ўзбекистон ХДПнинг Сайловолди дастурида дори воситалари муомаласи ва фармацевтика фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш масаласига алоҳида эътибор берилган, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси ­Комила Каромова. — Шунга мувофиқ, фракциямиз «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун ло­йиҳасини янги таҳрирда баён қилиш бўйича қатор таклифларни ишлаб чиқди. Бу бевосита дори воситалари, тиббий буюмлар ҳақида ахборот бериш ва дори воситаларини реклама қилиш билан боғлиқ.

Жумладан, фракциямиз фикрича, дори воситалари ва тиббий буюм­лар ҳақида ахборот бериш Соғ­лиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгилаб қўйиладиган тартибда амалга оширилиши лозим. Дори воситалари рекламасини, шу жумладан, босма оммавий ахборот воситаларида, телевидение ва радиода Соғлиқни сақлаш вазирлигининг рухсатисиз жойлаштиришга йўл қўйилмаслиги керак. Қонунийлик, аниқлик, ишончлилик ҳамда истеъмолчига зарар ёки маънавий зиён етказмайдиган шакл ва воситаларни қўллаш дори воситалари рекламасига қўйиладиган асосий талаблардан бири бўлиши зарур.

Бундан ташқари, биз рецепт билан бериладиган дори воситаларининг рекламаси фақат дори воситаларини тайинлаш ва тарқатиш ҳуқуқига эга бўлган мутахассислар орасида амалга оширилишига йўл қўйилиши лозим, деб ҳисоблаймиз.

— Биламизки, тиббиётда шундай дори воситалари борки, уларни шифокор рецептисиз ҳам қабул қилиш мумкин, — дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шуҳрат Мамаджанов. —  Хўш, бундай дори воситаларининг рекламасида нималарга аҳамият бериш зарур? Фракциямиз аъзоларининг фикрича, бундай рекламалар тушунарли тилда баён қилиниши ва дори воситасининг тўлиқ номи, ишлаб чиқарувчининг номи, қўллаш учун асосий кўрсатмаларга эга бўлиши лозим. Шунингдек, уларни қўллаш ва ишлатишга тақиқнинг мавжудлиги, қўллашга доир йўриқнома билан танишиш ёки мутахассисларнинг маслаҳатини олиш зарурлиги тўғрисида огоҳлантириш билан олиб борилиши керак. Дори воситалари барча рекламасининг камида 10 фоизи ҳамда телевидениеда реклама ролиги бошланиши ёки охирида эфир вақтининг камида 5 сонияси ушбу огоҳлантиришга ажратилиши, радиода эса дори воситаси рекламасининг бошланиши ёки охирида керакли хабар берилиши лозим.

Бундан ташқари, фракциямиз рецептсиз бериладиган дори воситалари рекламасида йўл қўйиб бўлмайдиган жиҳатлар бўйича ҳам ўз нуқтаи назарини баён этди.

 

Лазиза ШЕРОВА



DB query error.
Please try later.