12.09.2015

БУЮК БРИТАНИЯ: СЎНГГИ ПАРЛАМЕНТ САЙЛОВИДА АҲОЛИ ҚАНДАЙ ҒОЯЛАРНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАДИ?

Дунёда парламент фаолиятининг такомил­лашуви, сиёсий партияларнинг жамият ҳаётида муҳим ўрин эгаллаши қабул қилинаётган қонунларнинг одамлар ҳаётига бевосита таъсир ўтказиши, жамия­т­ни янада эркинлаштиришда, фуқароларнинг тинч, хотиржам ва фаровон яшашида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бу Европанинг ривожланган давлатларидан бири — Буюк Британиядаги сиёсий жараёнлар мисолида ҳам намоён бўлмоқда.  Бугунги кунда ушбу мамлакатда сиёсий партиялар ва парламент давлатнинг ички ва ташқи сиёсатида ҳал қилувчи ўринга эга. Буни 2015 йил 7 май куни бўлиб ўтган парламент  сайловлари ҳам кўрсатиб берди. Сайловда аҳолининг асосий қисми фаол иштирок этди.

Ҳозирда Буюк Британияда ўндан ортиқ сиёсий партия фаолият олиб бормоқда. Уларнинг фақатгина иккитаси — консерваторлар ва лейбористлар энг йирик партиядир. Сайлов натижалари ҳам буни яна бир бор исботлади.

Сайлов якунларига кўра, парламент қуйи палатасида энг кўп ўринни консерваторлар эгаллади ва етакчилик мавқеини сақлаб қолди. Сайловдан олдин ўтказилган сўров натижалари, Лейбористлар партияси ўз мав­қеини бой бераётгани, ушбу сиё­сий кучни аҳолининг бор-йўғи 29 фоизигина қўллаб-қувватлаётганини кўрсатди. Мазкур таҳлилга кўра, консерваторларни 32 фоиз фуқаро ёқлагани маълум бўлди.

Сайлов якунида эса консерваторлар 11 миллион уч юз минг­дан кўпроқ аҳолининг қўллаб-қувватлашига эришиб, парламент қуйи палатасида 331 депутатлик ўрнини эгаллади.

Мазкур сиёсий партия 1834 йилда ташкил этилган. Шундан кейин консерваторлар мамлакат сиёсий ҳаётида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Консерваторлар ХХ аср бошларидан эътиборан Буюк Британия сиёсий майдонида асосан Лейбористлар партияси билан рақобатлашади.

Ўтган асрда салкам олтмиш йил давомида Буюк Британия Бош вазири Консерваторлар партиясидан сайланган. Айнан консерваторлар етакчиси бўлган Уинстон Черчилль ҳамда Маргарет Тэтчер узоқ йиллар давомида ҳукуматни бошқариб келди. Тэтчер даврида кенг кўламли иқтисодий ислоҳотлар ўтказилиб, мамлакатдаги энг етакчи сиёсий партия мақоми янада мустаҳкамланди.      

Бу етакчилик ХХI аср бошида ҳам давом этмоқда. Яъни 2010 йилда ўтказилган парламент сайловларида Дэвид Кэмерон бошчилигидаги партия қуйи палатада 307 депутатлик ўрнини банд этди.

2014 йилда Европарламентга бўлган сайловларда консерваторлар 19 ўринга эга бўлди. Ҳозирда улар Европарламентда ҳам ўз ғояларини ҳимоя қилмоқда.

Партиянинг расмий ранги — кўк ва яшил ҳисобланади. Шунингдек, партиянинг мадҳияси ҳам мавжуд.

Буюк Британиядаги яна бир етакчи сиёсий кучлардан бири — Лейбористлар партияси ҳисобланади. 1900 йилда ташкил этилган партия, 1906 йилда «Лейбористлар партияси» номини олади. Лейбористлар 1918 йилда ўзининг энг йирик ва узоқ муддатга мўлжалланган дастурини қабул қилади. Партиянинг ҳозирги кундаги сиёсатида ҳам мазкур дастурнинг айрим жиҳатлари сақланиб қолган.

Социал-демократия ғояларини илгари сурадиган мазкур партия  жорий йилдаги сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатасида 232, Лордлар палатасида эса 212 депутатлик ўрнини банд этди. Европарламентга бўлган сайловда эса 20 депутатлик мандатига эга бўлди.

Ҳозирда партия янги ривожланиш босқичида турибди. Сайловдаги муваффақиятсизликдан сўнг жорий йилнинг 8 майида партия етакчиси Эда Милибэнда ўз ўрнини Гарриет Гарманга бўшатиб берди.

Лейбористлар партияси Буюк Британияда катта обрўга эга сиёсий бирлашмадир. Ишчи партиясининг асосий ғояси социал-демократия ҳисобланади. Аммо йилдан-йилга партия йўналиши ҳам замонавий талабларга қараб ўзгариб, ривожланиб бормоқда.

Лейбористларнинг Сайлов­олди дастурида ижтимоий бирдамлик, иқтисодиётни ислоҳ қилиш, бойлар ва камбағаллар ўртасида ўзаро тенгликни таъминлаш, ишчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, мамлакатда тинчликни мустаҳкамлаш, шунингдек, бепул тиббий хизмат ва таълим тизимини ривожлантириш каби долзарб масалалар ўрин эгаллаган.

Сўнгги пайтларда партия ғояларида «капиталистик ишчи партияси»га хос бўлган қарашлар намоён бўлмоқда. Бу янги иш ўринлари яратиш, мигрант­лар масалаларини ҳал этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Партиянинг мамлакатдаги етакчилик даври 1997 ва 2001 йиллардаги сайловларда намоён бўлганди. Ўшанда партия парламентдаги етакчи мавқега эга бўлиб, Бош вазирликка ўз номзодини қўйган эди.

Сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатасида  56 депутатлик ўрнини эгаллаб, учинчи натижани қайд этган — Шотландия миллий партияси ҳисобланади. Миллий анъана ва қадриятлар тарафдори бўлган мазкур партия Шотландия парламентидаги энг йирик сиёсий куч ҳисобланади. Сайловолди жараёнида олиб борилган ўрганишга кўра, пар­тия­нинг 100 минг нафардан ортиқ аъзоси мавжуд.       

 Буюк Британиядаги сиёсий партияларнинг умумий хусусияти шундан иборатки, уларнинг ғоялари бир-биридан тубдан фарқ қилмайди. Аксинча, бир-бирини тўлдириб, барча соҳаларнинг бирдай ривожланишига замин ҳозирлайди. Бу каби хусусият­ни ривожланган демократик давлатлардаги бошқа сиёсий партиялар фаолиятида ҳам кўрамиз.

Бундан келиб чиқадики, сиё­сий партия мамлакатнинг тараққиёт стратегиясини такомиллаштириш учун ўз қарашларини, ғоя ва мафкурасини кучайтириб, янгилаб бориши лозим.

 

Нурали ОРИПОВ



DB query error.
Please try later.