12.09.2015

ИЖТИМОИЙ СОҲА ҚАНДАЙ МОЛИЯЛАШТИРИЛМОҚДА?

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси Давлат бюджетининг жорий йил дастлабки олти ойлик ижросини кўриб чиқаётганда бу масалага алоҳида эътибор қаратди

2015 йилнинг биринчи ярим йиллигида Давлат бюджетининг даромадлари 17054,8 миллиард сўмни, харажатлари эса 16934,9 миллиард сўмни ташкил этиб, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоиз профицит билан ижро этилган.

Ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш, жумладан, аҳолининг турмуш даражасини ошириш ва ижтимоий ҳимоясини таъминлаш тадбирларини молиялаштиришга 1,0 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Бу маблағ асосан 14 ёшгача боласи бор оилалар, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар ишламайдиган оналарга нафақа, кам даромадли оилаларга моддий ёрдам, бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа ҳамда алоҳида тоифадаги фуқароларга уй-жой коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича имтиёзлар ўрнига компенсация тўловлари учун сарфланган.

Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида Давлат бюджетининг 2015 йил биринчи ярим йилликдаги ижроси кўриб чиқилиб, ижтимоий соҳани молиялаштириш билан боғлиқ маълумотлар батафсил тақдим этилди.

Фракция йиғилишида кун тартибидаги масала бўйича ­Молия вазири ўринбосари ­Мубин ­МИРЗАЕВ ахборот берди.

Қайд этилишича, 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларини тизимли равишда амалга ошириш учун макроиқтисодий барқарорлик ҳамда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатларини таъминлашга қа­ратилган комплекс чора-тадбирлар қабул қилинган ва уларнинг ижроси таъминланмоқда.

Натижада жорий йилнинг ярим йиллик якунлари бўйича ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари 8,1 фоизни ташкил этган. Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 8,1, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари 6,5, истеъмол маҳсулотлари ишлаб чиқариш 13,5, чакана савдо 14,8 ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаси 13,1 фоизга ўсган.

Иқтисодиётда 1,5 миллиард долларлик инвестицион лойиҳаларни ўзлаштириш ҳамда 1866 янги корхонани ишга тушириш ҳисобига экспорт ҳажми ошиб бормоқда. Хусусан, жорий йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 7,4 фоизга ортган.

Болаликдан ногиронлар учун бериладиган нафақаларга Давлат бюджетидан қарийб 298 миллиард сўм маблағ ажратилган. Ижтимоий кўмакка муҳтож қария­лар ва ногиронларнинг ижтимоий таъминоти билан боғлиқ харажатларга 64 миллиард сўм маблағ сарфланган.

Фракция аъзолари Давлат бюджетининг ­ижтимоий йў­нал­тирилган­лиги мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя кафолатларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлаб ўтишди.

Йиғилишда, шунингдек, маҳаллий бюджетлар даромадлари, бюджетдан таш­қари Пенсия жамғармаси ҳамда Республика Йўл жам­ғармаси даромадларини шакллантириш, уларни самарали сарф этиш билан боғлиқ масалалар ҳам атрофлича муҳокама қилинди. 

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида маҳаллий бюджетлар даромадлари 7,5 триллион сўмни, харажатлари эса 9 триллион сўмни ташкил этган. Пенсия жамғармаси даромадлари 5,9 триллион сўмдан иборат бўлган бўл­са, жамғарма томонидан қарийб 6,3 триллион сўм маблағ харажат қилинган. Ҳисобот даврида 3 миллион нафардан ортиқ фуқарога пенсия ва нафақа тўловлари ўз вақтида молиялаштирилган.

Давлат молиявий назорат тадбирлари натижасида айрим бюджет ташкилотларида 63,7 миллиард сўм миқдорида молиявий хатоликлар аниқланган. Ушбу маблағнинг маълум қисми белгиланган тартибда бюджетга қайтарилган. Таъкидланишича, молиявий хатоликлар асосан Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш вазирликлари ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказлари тизимида аниқланган.

Атрофлича таҳлил ҳам­да савол-жавоблардан кейин ЎзХДП фракцияси аъзолари Давлат бюджети ижроси юзасидан фикр-мулоҳазалари ва таклифларини билдиришди.

Бунёджон ЭШОНҚУЛОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Фракциямиз Давлат бюджети ижросида ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, аҳолининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари доимий эътиборда бўлаётганини қайд этади. Жумладан, аҳоли бандлигини таъминлаш ишлари изчил ва тизимли асосда давом эттирилаётганини муҳим, деб билади.

Маълум бўлишича, 2015 йилнинг биринчи ярмида иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури асосида 441,8 минг нафардан ортиқ фуқаро бандлиги таъминланган. Яратилган иш ўринларининг 274,9 минг­таси, яъни 62,2 ­фоизи қишлоқ жойларига тўғри келади.

Бу борадаги ислоҳотлар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг дастурий мақсадларига ҳамоҳанг бўлиб, партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилиш, Сайловолди дастуримизда белгиланган вазифалар рўёбга чиқишида муҳим ўрин тутади.

Айтиш керакки, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, соғлом авлодни вояга етказиш масалалари Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурида белгиланган вазифаларга мос келади. Шунинг учун фракциямиз тиббиёт соҳасини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Саттор РАҲМАТОВ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

— Давлат бюджети ижросида соғлиқни сақлаш соҳасини ўз вақтида ва самарали молиялаштириш масаласига жиддий эътибор қаратилган. Ҳисобот даврида соғлиқни сақлаш соҳасига жами 2,3 триллион сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилган. Агар таққосласак, соғлиқни сақлашга йўналтирилаётган маблағлар ҳажми йилдан-йилга ошаётганига гувоҳ бўламиз. Масалан, бу кўр­саткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,3 фоизга кўпдир.

Айтиш керакки, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, оналар ва болалар соғлиғини муҳофаза қилиш, соғ­лом авлодни вояга етказиш масалалари Ўзбекистон Халқ демократик партияси дастурида белгиланган вазифаларга мос келади. Шунинг учун фракциямиз тиббиёт соҳасини ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

Зулайҳо АКРАМОВА, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

Ҳаммамизга маълум, Давлат бюджет даромадларининг тўлиқ шаклланиши, харажатлар тўғри йўналтирилиши аҳолининг турмуш фаровонлиги ортишида ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис бюджет ижросига масъулият билан ёндашиш ҳар биримизнинг муҳим вазифамиздир.

Фракциямиз Давлат бюджети ижросига оид ҳисоботда бандликка кў­мак­лашиш давлат жам­ғармаси маблағларининг сарфи тўғрисида, мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қи­лиш ва капитал таъмирлаш ишлари ҳақида, шунингдек, ногирон, имконияти чекланган фуқароларнинг таълим олиши, зарур махсус адабиёт ва қўлланмалар, жиҳозлар билан таъминланиши бў­йича алоҳида маълумотлар акс эттириш керак, деб ҳи­соб­лайди.

Шунингдек, биз кам таъминланган оилаларга берилаётган ижтимоий нафақаларнинг ўз вақтида ва тўлиқ тўланиши бўйича назоратни кучайтириш, бунинг натижасини ўтган йиллар якунларига нисбатан таққослаш ва таҳлилий маълумотлар тайёрлаш таклифини ҳам билдирамиз.

Мазкур таклифларнинг амалга ошиши партиямиз дас­турий мақсадлари рўёбга чиқишида, электоратимиз манфаатлари самарали ҳи­моя қилинишида муҳим аҳамият касб этади, деб ўйлаймиз...

Йиғилиш якунида ЎзХДП фракцияси Давлат бюджетининг 2015 йил биринчи ярим йиллик якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни қўл­лаб-қувватлади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.



DB query error.
Please try later.